№8, 21.02.2013 ДИЛДАН СУҲБАТ
ҲАЁТНИНГ ЎЗИ ЭНГ ЯХШИ УСТОЗ
Мунаввара Тошпўлатова Андижоннинг Марҳамат туманида таваллуд топган. Ҳозирда шоира Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи вазифасида хизмат қилмоқда. Унинг "Дийдор" (1997), "Сизга ўхшасин" (2004), "Соғинч манзили" (2007), "Киприкдаги тун" (2012) каби тўпламлари нашр этилган. Шоиранинг кўплаб шеърлари халқимизнинг севимли хонандалари томонидан куйга солиниб, ижро этилмоқда.
Шоира 2011 йилда "Ватан учун яшайлик!" Республика танловида ғолибликни қўлга киритган. 1989 йилда Ёшлар мукофоти соҳибаси бўлган. Қуйида шоира билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Бугунги кунда ёш ижодкорларни шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Бугунги кунда давлатимиз томонидан ёш ижодкорларни шакллантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларнинг барчаси ёш қаламкашларнинг ижодини юксалтирмоқда. Янгидан янги истеъдодларни юзага чиқармоқда.
Уч-тўрт йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида "Ижод" жамоат фонди фаолият юритмоқда. Президентимизнинг "Адабиётга эътибор -маънавиятга, келажакка эътибор" рисоласида ёшларнинг ижоди ва уларни қўллаб-қуввалаш масалаларига жиддий эътибор қаратилган. Шундан келиб чиққан ҳолда бизнинг жамоат фондимиз кўплаб амалий ишларни олиб бормоқда. Жумладан, ёш ижодкорлар орасидан ҳозирга қадар 11 нафар йигит-қизларнинг китоблари бепул чоп этилди.
- Бугунги ёш қаламкашларга қандай маслаҳатлар берасиз?
- Мен ёш қаламкашларга кўпроқ китоб ўқишни маслаҳат бераман. Бугун ҳар томонимиздан ўргимчак тўридек қуршаб олаётган интернетга боғланиб қолмасдан илм ўрганишларини, билим олишларини қайта-қайта таъкидлайман. Чунки ўша, вақтимизни, ақлу ҳушимизни кундан- кунга ўғирлаб олаётган хорижнинг беҳаё сериаллари ҳам, бегона маданияти ҳам инсон, айниқса, ўсиб келаётган ёшларга ҳеч қандай тарбия бермайди. Аксинча, онгини заҳарлайди, холос. Бизнинг илдизларимиз комиллик, поклик булоқларидан сув ичган. Биз дунёга донг таратган алломаларнинг авлодимиз. Шундай экан, нега ўзимизнинг ўқиб, ўрганиб поёнига етиб бўлмайдиган маданиятимиз, маънавиятимиз, юксак асарларимиз турганда, ўзимизга, менталитетимизга бегона бўлган булоқлардан сув ичишимиз керак. Юртимизда кундан-кунга ёшлар учун кенг имкониятлар эшиги очилиб бораётгани айни ҳақиқат. Яқинда пойтахтимизда ҳам замон талаблари даражасидаги кутубхона қурилди ва иш бошлади. Ундан нафақат етти мучаси соғ инсонлар, ҳаттоки, ногиронлар ҳам фойдаланишлари мумкин. Кутубхона эшитиш ва гапириш неъматидан, кўриш бахтидан бебаҳра инсонлар учун ҳам алоҳида ўқиш заллари, китоблар ва махсус компьютерлар билан таъминланган. Хўш, ёшларга яна нима керак? Ахир бизнинг аждодларимиз бошида қилич ўйнатиб турган ёмон кўзлардан беркиниб, шам ёруғида, ой шуъласида китоб ўқиганлар-ку. Китобларини сизу биз учун ўзларидан, жонларидан кечиб, ҳатто, тупроқлар остига кўмиб сақлаб қолганлар-ку. Нега энди улардан юз ўгириш керак? Инсон келажакда қайси касбни танлашидан қатъи назар китобдан бошқа дўст, ундан азизроқ устоз топа олмайди.
- Аёллардаги қайси фазилатлар дилингизни ноҳуш этади?
- Мен кўплаб аёлларимизнинг ўз шароитига қарамасдан ҳаракат қилишларини ёқламайман. Ахир бежизга айтишмаган-ку, "Кўрпангга қараб оёқ узат", деб. Айниқса, бугунги кун аёлларининг аксарият қисми ўзининг ва оила аъзоларининг соғлигини иккинчи ўринга суриб қўйиб, молу дунёга ружу қўйишини ҳазм қила олмайман. Ўзлари ҳам емай-ичмайди, болаларига ҳам вақти келса, тансиқ таомларни раво кўрмайди-да, қисиниб-қимтиниб қизларига сеп қилади. Аммо уларнинг ярмидан кўпи боласига деярли керак бўлмаган нарсалардир. Қизимнинг сарпосида у кам, бу кам дейди-ю, аммо унинг организмига нима кераклиги билан қизиқмайдилар. Яқинда бир танишим мени қизининг тўйига айтди. Бордим. Не кўз билан кўрайки, келин бўлмиш ҳали жуда ҳам ёш, жуссаси ҳам жуда кичкина экан. Буни кўриб ҳайратда қолдим. Аста дугонамни четга тортиб "Нега қизингизни бу қадар ёш узатяпсиз? У ҳали кўп нарсани билмайди, оқ билан қоранинг, яхши билан ёмоннинг фарқига бормайди. Ҳаёт ҳақида ўзига хос қарашлари ҳам мавжуд эмас-ку", десам, нима дейди денг, "Айнан шунақа "кўпни кўрмаган, кўп нарсага ақли етмайдиган" қизлар бахтли бўлишади" дея фикр айтиши мени қаттиқ ранжитди. Энди ўзингиз айтинг, олий маълумотли аёлки шу гапни гапирса, бошқалардан ўпкалашга ҳаққимиз борми? Қизини ўқув курсларида бир-икки ой пишириқ тайёрлашга, элита парда тикишга ўқитиб қўйгани билан у ҳаётга тайёр бўлиб қолмайди-ку. Мен аёлларимиздан айнан шу томонларга эътибор қаратишларини сўраган бўлардим.
- Ёш оналарга-чи? Уларга фарзанд тарбиясига оид тавсиялар ҳам берасизми?
- Уларни бола тарбиясида фақатгина эътиборли бўлишларини хоҳлайман. Чунки бола тарбиясида маълум қонунлар, қолиплар йўқ. Уларни инсон ўз тажрибалари ва кечаётган ҳаёти давомида ўрганиб боради. Чунки оналик қизларнинг қонида бор. Бироқ жуда кўп ёшлар бу масалада эътиборсизлик қилишмоқда. Айниқса, катталар берган насиҳатни, йўл-йўриқларни қалбан қабул қилишмайди. Аксинча, катталардан кўпроқ нарсаларни билиб олишга ҳаракат қилишлари лозим. Ахир улар неча йиллик тажрибага эга. Айтишади-ку, "Қари билганни пари билмас" деб.
Мана, бир мисол. Бир куни ёзда набирам икки-уч кун иситмалади. Шу вақтда қишлоқдан онам келиб қолди. У набирамни кўриб, "Болангни иссиқ урибди" деди. Мен "Вой, ҳали саратон бўлмаса, қаердан иссиқ уради?" десам, онам "Олча гуллаган пайтдаги иссиқ отни ҳам халок қилади" деди. Шундан сўнг бир неча дона турпни олиб, тоғорачага майда тўғраб қўйди. Орадан бир қанча вақт ўтганидан сўнг сувни сиқиб олдида уни неварамнинг бошидан қуйиб, чўмилтирди. Бу усулни икки уч кун қўллаган эди, болам бутунлай тузалиб кетди. Бу билан нима демоқчиман? Азал-азалдан ота-боболаримиз фарзандларини сизу биз каби шамоллардан асраб ўстирган эканлар, бунда асосий эътиборни ҳозирги ёшлар каби турли кимёвий дориларга эмас, табиий муолажаларга қаратганлар. Агар астойдил киришса, улардан юзлаб усулларни ўрганиб олишлари мумкин. Мен ёш қизларимизга фарзанд тарбияси борасида шу жиҳатларга аҳамият қаратишларни маслаҳат бераман.
- Ҳозирги кун шеърияти ҳақидаги фикрларингиз қандай? Кимларнинг ижодини кузатиб борасиз?
- Бугунги кун шеъриятига ҳамнафас ижодкорлар борки, уларнинг барчасини кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Ҳамманинг ҳам ўзига яраша ижоди бор. Шунинг учун уларнинг ҳеч бирини таҳлил қилмоқчи эмасман. Мен ўқиётган шеърлар ичида ҳақиқий топилмалар, гўзал оҳангларга уйғун чинакам асарлар ҳам, "шеър" деган номга нолойиқ ёзилмалар ҳам йўқ эмас. Аммо нима бўлганида ҳам уларнинг барчаси кимнингдир меҳнати ва изланишларининг самарасидир. Шу боис уларни "ёмон" дейишга ҳаққимиз йўқ. Аксинча, бу каби қизиқувчиларга тўғри йўл-йўриқ, кўрсатмалар бериш ва сўз санъатини ўргатишимиз керак. Аммо бир нарсани тан олиш керакки, бугунги ёшлар фаол, ҳар жабҳада олдинга интиладилар. Улар қайсидир маънода атрофидаги инсонларга илҳом бағишлайдилар. Умуман олганда, мен бугунги кун ижодкорларининг меҳнатларини юксак баҳолайман.
- Лекин сизга ёқмайдиган томонлари ҳам бўлса керак?
- Албатта, бор. Биласизми, мен ҳам шеър ёзиб, ҳам мусиқа басталаб, ҳам қўшиқ куйловчиларни унча маъқулламайман. Ҳамма ишни ҳам мутахассис қилгани яхши-ку. Қўшиқ айтиш учун ҳам, мусиқа ва шеър ёзиш учун ҳам инсонга алоҳида иқтидор, билим керак. Менимча, ҳозир бастакорларимиз шоирлар билан ҳамкорлик қилишдан қочишади. Ёки аксинча, қўшиқчи шоирлар билан ишлаш осонроқ. Чунки, уларга тайёр мусиқа берилса, унга мослаб сўз (шеър эмас) ёзиб беришади. Аммо, ўзини ҳақиқий шоирман, ижодкорман, деган инсон бундай қилмайди. Масалан, кўплаб шеърларим қўшиқ бўлган эсада, уларнинг бирортасини ҳам қўшиқчи учун, қўшиқ ёки мусиқа учун ёзмаганман. Агар уни кимдир куйласа, хурсанд бўлганман. Аммо ҳеч қайси шеърим учун пул сўрамаганман. Ахир шоир шеърини худди фарзанд каби тўлғоқ билан дунёга келтиради, уни қандай қилиб, сотиши мумкин. Бу она ўз боласини сотиши билан тенг эмасми? Мен буни умуман, тасаввуримга сиғдира олмайман. Ҳаттоки, бирор сўзини ҳам ўзимнинг рухсатимсиз ўзгартиришларига йўл қўймайман. Бир куни кўча транспортида кетаётсам, радиодан бир аёл хонанданинг қўшиғи берилди. Эшитсам, шеър меники. Аммо жаҳлимни чиқаргани қўшиқнинг нақоратида "Жоним, сени шундай суяманки" деган гаплар такрор-такрор тилга олинарди. Тўғриси, бундан жуда аччиғим чиқди. Чунки, мен бу каби сўзларни шеъриятда қўллашга қаршиман. Ахир севган исонингизга бу сўзларсиз ҳам дилингиздаги гапларни етказишингиз мумкинку. Дастлаб, қўшиқчи аёлни, сўнгра бастакор йигитни топдим. Унинг айтишича, мусиқада бир озгина очиқ жой қолган экан, уни шу сўзлар билан "ёпиб" кетган эмиш. Қаранг, сизнинг кечалари ухламасдан ёзган шеърингизни кимдир ўтириб олиб, бир пасда ўзи хоҳлаган сўзлари билан ўзгартириб ташласа, ғалати бўларкан. Гарчи шеърларим қўшиқ бўлаётган эса-да, мен ижодимни бизнесга айлантиришни, ўзим эса қўшиқчи шоир бўлиб қолишни истамайман.
- Мунаввара опа, суҳбатимиз сўнггида газетамиз ўкувчилари, андижонликлар учун бирорта шеърингиздан ўқиб берсангиз?
- Жоним билан…ўқиб бераман.
ЁР КЕТДИ АНДИЖОНГА
Ёр кетди Андижонга,
Мен бунда зора қолдим.
Ўтлар туташди жонга,
Ҳоли абгора қолдим.
Сарвиқаддим бўлиб дол,
Ҳоли абгора қолдим.
Боссам, келгай деб, малол,
Оҳ, мен, ночора қолдим.
Юрт ишқими ёки ёр,
Билмайин ора қолдим?
Ўзгалардин қилиб ор,
Кўнгил минг пора қолдим.
Кетурга минг шайланиб,
Бўлиб сарсона қолдим.
Мунаввар - мискин, ғариб,
Қули дийдора қолдим.
Ёр кетди Андижонга….
Суҳбатдош:
Феруза ИҚБОЛ.
|