Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№9, 28.02.2013

ИСЛОМ ДИНИДА АТРОФ-МУҲИТНИ АСРАШ МАСАЛАЛАРИ

Аллоҳ таоло инсонлар зиммасига атроф-муҳитни тоза ва покиза сақлаш ҳамда табиатни муҳофаза қилишдек катта масъулиятни юклаган.

Умуман, Ислом динида табиат муҳофазаси, наботот ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилган. Диний таълимотларда уларни асраб-авайлаш ҳар бир мўминнинг бурчи эканлиги хусусида жуда кўп айтиб ўтилади. Наботот олами Аллоҳ таолонинг инсонлар учун ато этган улуғ неъматларидан бўлиб, бусиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада Қуръони каримда шундай баён қилинган: "Инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб қўйсин-чи! Биз (осмондан) сув-ёмғирни қуйдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик. Сўнг Биз ундан дон-дунни, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева-чеваю ўт-ўланларни сизлар учун ва чорва молларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб-ўстириб қўйдик-ку!" (Абаса сураси, 24-32 оятлар).

Аллоҳ биз мусулмонларни яшаб турган заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб, Қуръони каримда: "Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!", - деган (Бақара сураси, 205-оят).

Дарҳақиқат, шариатимизда тупроқ, сув, ҳаво ва табиатни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш сингари ҳукмлар келтириладики, бу бизларга ибрат намунаси бўлиши лозим. Хусусан, Муоз ибн Жабал (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинг-лар", - деганлар (Абу Довуд ривояти). Айтиш жоизки, ҳеч бир ориятли, имон-эътиқодли инсон ушбу муборак ҳадисда зикр этилган номақбул ишларни қилишга ботинмайди, аксинча, ана шундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш номақбул эканлигини тушунтиради.

Афсуски, орамизда оз бўлса-да айрим тоифа кишилар борки, на бандадан, на яратгандан қўрқади, дуч келган жойга ахлатларни ташлаб кетаверади. Азизлар, бу ишимиз гуноҳ эканлигини англаб етайлик. Минг шукрки, ҳозирги кунда барча зарур ерларда ахлат ташлаш учун махсус жойлар бор. Шундай экан, ахлат ва чиқиндиларни ана шу махсус жойларга ташлашимиз лозим. Аксинча, дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди.

Парвардигор инсонларнинг мўътадил ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун лозим бўлган моддий бойликларни яратиб қўйган, она табиатни муҳофаза этиш динимизда аниқ белгилаб қўйилган экан, биз ариқ ва дарё сувларини, диёримиз табиатини, ўсимлик, қушлар ва ҳайвонот оламини асраб-авайлайлик, улар келажак авлодларимизга биздан мерос бўлиб қолишини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз даркор.

Атрофимизда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиланишларнинг барчаси Аллоҳ таолони танитувчи далиллардир. Шунингдек, ҳар куни умр дафтаримиздан янги бир саҳифа очилгани каби, атрофимиздаги оламнинг ҳам сурати ҳар куни янгиланади. Бу янгиланиш инсонни тафаккурга чорлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "...Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турар. Албатта, бунда кўз эгалари (оқиллар) учун ибрат бордир" (Нур сураси, 44-оят).

Кеча ва кундуз доим алмашиб туради, қуёш чиқади ва ботади, фасллар алмашади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: "Кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб у билан "ўлган" ерни "тирилтирган" ризқ (ёмғир)да ҳамда шамолларнинг йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун аломатлар бордир" (Жосия сураси, 5-оят).

Ана шундан келиб чиқиб, ҳар бир мусулмон атрофга ибрат назари билан қарамоғи ва яратганнинг мўъжизаларига яхши муносабатда бўлмоғи лозим.

Баҳор фаслидаги ўзгаришлар Қуръони каримда "тирилиш" деб ифодаланган. Инсонлар ҳам ана шу даврдаги жараёнларга ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Чунки, оламдаги барча нарсалар инсоннинг манфаати учун яратилган. Янгиланиш, яшариш фаслида атроф-муҳит тозалигига, савобли ва эзгу ишларни адо этмоқликка, зиёратгоҳу қабристонларни обод қилишдек хайрли ишларга камарбаста бўлишлик биз учун фарздир. Бундан ташқари, бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли хил гул кўчатлари экиб, маҳалла, кўча ва гузарларимизни кўкаламзорлаштиришга, обод қилишга ҳаракат қилишимиз лозим. Албатта, бу каби ҳайрли ишлар кўпчиликка манфаатли бўлгани боис, савоби ҳам мислсиздир. Расулуллоҳ (с.а.в)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: "Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёҳуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади" (Имом Бухорий ривояти).

Демак, бизлар ўзимиз яшаб турган жойга, кўча ва маҳаллаларимизга дарахт экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки қушлар, турли жонзотлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда таъкидланишича, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар истеъмол қилса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади.

Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, теварак атрофига ҳам шундай муносабатда бўлиши лозим. Чунки, бутун ер юзи инсонлар учун маскандир. Бунга қуйидаги оят далолатдир: "Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрловчидирмиз" (Ваз-Зориёт сураси, 48-оят).

Мухтасар қилиб айтганда, динимиз покликка, озодаликка буюрар экан, бунинг заминида энг аввало, инсоннинг саломатлиги ётади. Демак, соғлом ва покиза яшашлигимиз учун барчамиз хонадонларимизни, кўча ва гузарларимизни, меҳнат қилаётган жамоамизни покиза ва тозалигини таъминлашимиз лозим.

Ана шу ишларни адо этишда Аллоҳ таоло барчаларимизга куч-қувват ато этсин, юртимизни обод, хонадонларимизни осо-йишта, ҳаётимизни фаровон қилсин.

Баҳодиржон РЎЗИБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Ҳазрати Билол" жомеъ масжиди имоми.

Санъатбек ТУРСУНОВ,

Олтинкўл туманидаги "Уйшин" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди