Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№10, 06.03.2013

БИЗНИНГ СУҲБАТ

ЎЗБЕКЛАРНИНГ МЕҲМОНДЎСТЛИГИ ОЛДИДА БОШ ЭГАМАН

Азал-азалдан ўзбек ва ҳинд халқларини кўринмас бир ришта боғлаб келган. Дўстлик, ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик асосига қурилган бу ришта асрлар давомида мустаҳкамланиб, сайқал топиб бормоқда. Бу икки халқнинг бир-бири билан яқинлиги, ҳамкорлиги, айниқса, юртимиз мустақилликка эришгач, янада кенгайди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстлик алоқалари, бу икки қадим халқнинг яқинлиги хусусида Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Гитеш ШАРМАнинг рафиқаси Ратна САРМА хоним билан хотин-қизлар байрами арафасида бўлиб ўтган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ратна хоним, анчадан бери Ўзбекистонда яшаб келмоқдасиз. Бу юрт ва ўзбек халқи ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Чиндан ҳам бу диёрда яшай бошлаганимга бир қанча вақт бўлди. Гарчи бу юртда вақтинчалик яшаётган бўлсам-да, мен бу ерда ўзимни худди ўз ватаним ва ўз уйимдагидек қулай ҳис этаман. Биласизми, нега? Чунки ўзбек ва ҳинд халқлари бир-бирига бегона эмас. Бизнинг тарихимиз умумий, битта илдизга бориб тақалади. Ҳиндистон маданиятининг ривожланишида ўзбек халқининг ҳиссаси нақадар юксак эканлигини бутун дунё билади ва тан олади. Шунинг учун ҳам мен ўзимни бегона юрт ва бегона одамлар орасидаман, деб ўйламайман. Аксинча, халқимизга қадрдон бўлган ўлкадаман, деб ҳисоблайман. Қолаверса, бу икки халқнинг бир-бирига ўхшаш маданиятига жуда кўп гувоҳ бўлдим.

Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларим жуда улкан. Менга кўпроқ ўзбек халқининг санъати, маданияти, ўзига хос таомлари, айниқса, мусиқа ва қўшиқлари жуда-жуда ёқади. Бундан ташқари, ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, ҳар доим остона хатлаб уйига кирган инсонни очиқ чеҳра билан кутиб олишлари янада кўпроқ ёқади. Очиғи, уларнинг бу одати олдида бош эгаман.. Юқорида айтиб ўтганимдек, ўзбек ва ҳинд халқлари орасида кўринмас ва мустаҳкам ришта бор. Бу ришта уларни бир-бирига мудом боғлаб келмоқда. Ахир мен Ўзбекистонда ҳинд фильмлари севиб томоша қилинаётганлиги, ҳинд қўшиқлари куйланаётганлигини ўз кўзим билан кўриб, гувоҳи бўлмоқдаман. Демак, халқларни бир-бири билан боғлашда санъатнинг сеҳрли қудрати ҳам муҳим ўрин тутар экан. Албатта, бундан фақатгина хурсанд бўламан.

- Дунёнинг бошқа мамлакатларидаги сингари Ўзбекистонда ҳам ҳинд фильмларининг ихлосмандлари кўпчиликни ташкил этади. Сиз эса айни кунда Ўзбекистонда яшаш асносида ўзбек ижодкорлари томонидан суратга олинган фильмларни ҳам томоша қилдингизми?

- Биласизми, биз ҳиндлар юртимиз кинолари боис дунёга танилгани учунми, кинофильмларни алоҳида ҳурмат билан томоша қиламиз ва санъатнинг бу турига нисбатан муҳаббатимиз ғоят чексиз. Шу боис ҳам дунёнинг қайси давлатида бўлсам, албатта, ўша халқ санъати, хусусан, кинолари билан танишишга ҳаракат қиламан. Тўғрисини айтишим керакки, Ўзбекистонда ҳали бу эҳтиёжимни қондириш учун имконият бўлмади. Аммо, албатта, ўзбек ижодкорлари томонидан суратга олинган фильм-ларни кўрмасдан юртимга кетмайман.

- Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳақидаги фикрларингиздан ғоят хурсанд бўлдик. Шу ўринда бугунги ўзбек аёллари ва қизларига қандай баҳо берасиз?

- Ўзбек аёллари ҳақида гапириш, фикр айтиш мен учун катта шараф. Ўзбекистонда яшаш ва бу миллат вакилалари билан тез-тез мулоқотда бўлиш менга завқ бағишлайди. Чунки ўзбек аёллари ҳар соҳада илғор, билимли, самимий ва очиқкўнгилдир. Улардаги бу фазилатлар халқларимизга хос ва яқин хусусиятлардир. Шунинг учун ҳам бир-биримизни тушунишга қийналмаймиз. Менинг Ўзбекистонда кўплаб дугоналарим бор. Мен ўзбек аёлларидаги дунёнинг бирор бир миллатида учрамайдиган ўзига хос жиҳатларни кўриб, очиғи ҳавасим келади.

- Юртимизнинг қайси шаҳарларини кўришга муваффақ бўлдингиз?

-Тошкентда яшайман. Пойтахтингиз жуда ҳам чиройли, кўркам, маданият ва тараққиёт юксак даражада ривожланган замонавий шаҳар. Бу ерда амалга оширилаётган ободончилик ва бунёдкорлик ишларини кўриб, кўзим қувонади. Тарихдан бутун дунёни лол қолдирган кўплаб бетакрор обидалар барпо этган ўзбек миллатининг бунёдкорлик ишларини ўз кўзим билан кўришга ва гувоҳ бўлишга эришдим. Бундан ғоят хурсандман. Мен Тошкентни дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири, деб бемалол айта оламан.

Ўзбекистоннинг бошқа бир қатор шаҳарларини ҳам кўрдим. Айниқса, Самарқанд шаҳрига борганимда юрагим шу қадар ҳаяжонландики, буни сўз билан таърифлай олмайман. Бу шаҳарнинг жозибаси мени мафтун этди, қолаверса, шаҳарнинг тарихи ва маданияти ҳам ҳиндларга ниҳоятда яқиндир. Бундан ташқари, ўзбекларнинг гўзал ва юксак меъморчилик маданияти мужассам.

Мен иложи борича Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшасини кўришни хоҳлайман. Шу боис ҳам келгусида тарихий Бухоро ҳамда Хива шаҳарларини ҳам кўриш орзусидаман.

- Буюк тарихий шахс, Ҳиндистон ва Ўзбекистон орасида ўзаро ришта боғлаган улуғ сиймо Заҳириддин Муҳаммад Бобур юрти бўлмиш Андижонни бориб кўриш ниятингиз ҳам борми?

- Албатта, буни жуда-жуда хоҳлайман ва орзу қиламан. Ахир Ўзбекистонга келиб, буюк Бобур юрти Андижонни кўрмай кетиш ҳар қандай ҳинд учун армон бўлиб қолади-ку. Афсуски, мен ҳозирча Андижонда бўлолганим йўқ. Аммо унга яқин бўлган Фарғона шаҳрини кўришга муваффақ бўлдим. Лекин бизнинг умумий тарихимизни, икки халқнинг маданиятини бир-бири билан боғлаган буюк тарихий шахс Бобур туғилган юртини бориб кўриш, тупроғининг исини туйиш менга улкан маънавий руҳ бағишлайди.

- Ҳиндлар мусиқа ва қўшиқсевар халқ эканлиги билан ҳам дунёга танилган. Ўзбек қўшиқлари орасидан сизга қайси бирлари кўпроқ ёқди?

- Мен ўзбекларнинг кўплаб қўшиқларини тингладим. Уларнинг барчаси менга маъқул бўлади. Айниқса, мана бу (у бир куйни ҳиргойи қилиб беради) мусиқа билан ижро этилувчи қўшиқ. Аммо сўзларини билмайман, жуда ҳам ёқди. Умуман олганда, менга ўзбек қўшиқчиларининг ижоди манзурдир.

- Хотин-қизлар байрами арафасида турибмиз. Шу муносабат билан халқимизга, ўзбек аёлларига қандай тилаклар билдирасиз?

- Мен ўзбек халқига ўз халқимга қандай эзгуликлар соғинсам, шуни тилайман. Юртингиз ҳамиша тинч, осмонингиз мусаффо бўлсин. Ўзбек аёлларига эса бахт, омад, қалб хотиржамлиги доимо ҳамроҳ бўлишини тилайман.

Баҳор байрами барчангизга муборак бўлсин.

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди