№11, 14.03.2013 АЁЛ ОЛАМИ
РАНГЛАРДАГИ БАХТ АКСИ
Қуйида бетакрор гўзалликлар, нафосат рангларининг яратувчиси, таниқли рассом Лайло Салимжонова ҳақида сўз юритамиз.
Аёл асли баҳор, гуллар, латофату нафосат шайдосидир. Лайло опани ўзбек рассомлари орасида кўкламга, гулларга кўнгил берган мусаввира десак, янглиш бўлмайди. Унинг ижодида аёл ва гул образи катта аҳамият касб этади. Мусаввира яратган "Оқ гуллар", "Зангор фондаги гуллар", "Қизил фондаги хризантемалар", "Мевалар" натюрморти ҳамда "Гуллар дунёсидан сархуш аёллар" портретлари сўзимизга далил бўла олади.
"Нурхон Жалолова", "Шамсирўй Ҳасанова" каби портретлари эса юксак маҳорат билан чизилган.
Аслида, рассом чизган ва чизаётган гулларни ҳар доим, ҳар куни учратамиз. Лекин эътибор бермаймиз. Лайло опа чизган суратлар эса бизга нафақат борлиғини, балки ифорию гўзаллигини ҳам намоён этади.
Қизи Лайлодаги ранг-тасвирга бўлган иқтидорни эрта илғаган отаси болалигидаёқ унга энг чиройли рангли қаламларни совға қилади. Бу эса бўлажак рассом қиздаги шижоатни янада кучайтиради. Бу қизиқиш мактабни битиргач, уни "Беньков" номидаги тасвирий санъат билим юртига етаклади. Ўқишни тамомлаш арафасида "Саодат" журнали таҳририятида безакчи-рассом бўлиб иш бошлади.
- Уй юмушлари, турмуш ташвишлари билан бўлиб, фақат имкониятдан келиб чиқиб ижод қилдим, - дейди мусаввира. - Хизмат сафари туфайли кўп қишлоқларда бўламан, пахтакор, чорвадор, меҳнаткаш аёллар билан учрашиб, улар билан суҳбатлашаман, чизганларимда эса уларнинг нозик қўлларидаги қадоқларга, юзидаги ажинлар, оёқларидаги залворли этикларга ҳам аёл нафосатини жойлашга ҳаракат қиламан.
Ҳа, мусаввир Л. Салимжоновада ҳар қандай кўринишдан гўзаллик ярата оладиган истеъдодни кўриш мумкин. Лайло опа ҳаёти ва фаолияти давомида бахтли аёл сиймосини қидирди, лекин ўзи таъкидлаганидек, уни ҳеч қаердан топа олмади. Мустақиллик унинг ижодини янги босқичга кўтарди. Рассом, ниҳоят бахтли аёл сиймосини яратди. Унинг кейинги йилларда чизган аёллар сиймосини томоша қилганингизда, бу суратларда Сизга боқиб турган нигоҳларда бахтли, ҳаётдан мамнун аёл тимсолини кўрасиз, таниш меҳрни ҳис қиласиз.
Л. Салимжонова жуда камтар мусаввира. Касбдошлари у ҳақда меҳр билан гапирадилар. Бу аёлнинг нозик феъл-атвори, юмшоқ ва ёқимли муомаласи ҳаммани ўзига ром этади.
...Ранглар - мусаввиранинг тилидир. У не ҳақида куйламасин, барчаси Заминга, Ватанга, Аёлга бўлган муҳаббатдан садо бериб туради.
Феруза РУСТАМОВА,
Бўз педагогика коллежи ўқитувчиси.
|