№11, 14.03.2013 МУҚАДДАС ҚАДАМЖОЛАР
ЗИЁРАТГОҲЛАР ВА ШИФОБАХШ БУЛОҚЛАР
Юртимизда, шу жумладан вилоятимизнинг чекка-чекка туман ва шаҳарларида муқаддас зиёратгоҳлар мавжуд. Уларнинг аксариятида шифобахш ҳамда мўъжизавий булоқлар бор. Бу шифобахш булоқларни Аллоҳ ўзининг ер ости маъданлари билан поклаб, инсонларнинг жисмоний поклиги учун ҳам муҳайё қилиб қўйган. Улар мусаффо ва покиза сув. Бу масканлар инсонлар учун жисмоний ва руҳий покланиш масканидир.
Шунингдек, барча халқларда ва динларда сув- мўътабар, шифобахш, Аллоҳнинг мўъжизаси ҳисобланади. Ҳаттоки, ҳаёт булоғини излаб узоқ сафарга чиққан эртак қаҳрамонлари, уларга йўлларда ёрдам берган авлиёлар ҳақида ўқиганмиз.
Хўш, бу булоқлар нима учун шифобахш, масканлар эса муқаддас деб аталади? Бу ўша масканлардаги булоқ сувлари ўзига хос хусусиятларга эга эканлиги билан боғлиқ. Бу хусусиятни япон олими Масару Эмато ўзининг "Сувнома" рисоласида тўла-тўкис изоҳлаб берган. У мўъжизавий сувнинг тузилишини кашф қилди ва унинг бошқа моддаларга ва суюқликларга ўхшамайдиган илоҳий ва мўъжизавий хусусиятлари борлигини аниқлади. Ана шундай хусусиятлардан бири унинг тирик эканлиги ва тирик мавжудотлар каби ахборот қабул қилиши, хабарларни ташиши, вақти келиб уларни қайтара олиши мумкинлигини исботлаб берди.
Аллоҳ ўз бандаларига ғамхўрлик кўрсатиб ана шундай шифобахш масканларга ўзи суйган азиз инсонларни, авлиёларни юборди. Шу сабаб, йиллар ўтиши билан бу масканлар қадамжоларга, зиёратгоҳларга айланди.
Бунга мисол тариқасида, Андижондаги Мирпўстин ота, Хўжа Аҳрор Валий, Пахтаободдаги Ховоскон ота ва Пойтуғдаги Пойтуғ азиз зиёратгоҳларини айтиб ўтиш мумкин. Бу масканлар улуғ авлиёлар, диний уламолар номлари билан чамбарчас боғлиқ бўлгани ва у ерлардаги мавжуд булоқ сувларининг инсонлар учун шифобахш манбаа эканлиги боис, ҳамма уларни зиёрат қилади. Бу қадамжолардан маънавий ва рухий мадад олади.
Вилоятимиздаги барча зиёратгоҳлар маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Дилшодбек ЮСУПОВ,
Андижон адабиёт ва санъат музейи раҳбар ўринбосари.
|