№11, 14.03.2013 (ҚАТРА)
РАССОМ
Шоядбек катта рассом эмас-у, аммо катта рассомларга жуда ҳавас қилади. Айниқса, уларнинг портрет жанрида чизган расмларини мароқ билан томоша қилади. У ҳам худди шундай рассом бўлишни орзулаганди.
Мана, институтнинг рассомчилик бўлимини тамомлади. Энди у хоҳлаган одамининг расмини, тўғрироғи портретини чизиши мумкин. Яқинда бир маш-ҳур одамнинг расмини чизди. Жуда зўр чиқди.
Ёш рассом нафақат машҳурларни, балки халқ ичидаги оддий одамлар портретини ҳам чизишни дилига тугиб қўйди. У кўча-кўйда кетаркан, албатта одамлар орасидан расмини чизишга арзигулик одамларни қидирарди.
Бир куни топди. Бу одамни у кўп бор учратди. Баланд бўйли, қадди-қомати келишган, бароқ қошли. Расми ҳам жуда чиройли чиқса керак ўзиям. Зимдан мансабини, ишини суриштирди. Яхшигина ишда ишларкан, фарзандлари ўқимишли, топарман-тутарман. Гап у одамнинг ишлаш-ишламаслигида ҳам эмас ёки фарзандларининг топиш-тутишида ҳам. Энг асосийси, юз тузилиши. Унинг қиёфасидан нима деяётгани дарров билиниб туриши шарт. Бу рассомнинг маҳоратига боғлиқ.
Бир куни Шоядбек бу одам билан учрашиб, рассом эканлигини, унинг портретини чизмоқчилигини тушунтирди.
Нотаниш одам аввалига бироз ўйланиб қолди, кейин эса кечга яқин уйига ўтишини айтиб, манзилини тушунтирди.
Бўлажак рассом айтилган вақтда мўйқаламларини кўтариб уйига борди.
Жамолиддин ака бир пиёла чой устида ўзининг ўтмишини ҳикоя қилиб берди. Унинг ўтмиши шу қадар аянчли эдики...
- Қисқаси, менинг суратимни чизиш шартмикин,-деди у. - Ахир мен бутун борлиғимни фарзандларимга бахшида этиб, суратим қолган холос.
Шоядбек разм солса, бу кишининг жисмида суратдан ўзга нарса йўқ экан.
У секингина мўйқаламларини йиғиштирди-ю, узр айтиб чиқиб кетди.
Шундан кейин бу одамни қайтиб безовта қилмади.
Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.
|