Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№11, 14.03.2013

ҲИКОЯ

БИР КАЛОМ БАДАЛИ

Ташқарида изғиринли шамол гувиллайди. Қор аралаш ёғаётган ёмғир табиатнинг бор гўзаллигини ифодалаётган рассом каби деворларда ўзгача нақшлар изини қолдиради. Йўл четидаги мажнунтоллар эса бош эгиб, тун сукунатига гувоҳ бўлмоқда.

Кўчадаги барча хонадон чироқлари ўчган. Фақат бир уйнинг деразасидан нур тушиб турибди. Ичкаридан аёл кишининг синиқ овоздаги муножоти эшитилади. Аёлнинг оппоқ юзига ярашган ғунча лаблари пичирлар, кўзларидан оққан ёшлар кўйлак енгларини ўпади. Аёлга термулиб ётган ҳолда бошидаги ёстиқни у ёқ бу ёққа сурган бўлиб, онаизор чуқур "уҳ" тортади. Бу хонадонда жуда кўп тунлар шу тариқа давом этади.

... Саҳарда ибодатдан сўнг Адолат хола қизига нонушта тайёрлашни буюрди-да, эшик томон юрди. Кўча дарвозани очмоқчи бўлди-ю, қўли муздек эшик зулфига ёпишди: "Худойим-ей, совуқ ҳам бор бўлсин-да. Қўлни қақшатади-я..." - дея пичирлаб гапирди ўзича.

Елкаларига ташлаган жун рўмоли учларини белига боғлаб, қорда ғарч-ғурч қилиб товуқхона томон юрди. Товуқларга дон бергач, куракни олиб қор курашга тутинди. Шу пайт дарвозанинг ғичирлаган товушини эшитиб, ўша томонга қаради. Қўшни қиз Юлдузойни кўриб, кўнглидаги ҳижиллик бироз тарқалгандай бўлди.

- Ассалому алайкум, Адолат буви! Яхши дам олдингизми?

- Ие, кел, келақол қизим. Нималар кўтариб, овора бўлиб юрибсан-а? Аянг яхшими ўзи?..

Қизча қўлидаги сочиққа ўралган иккита иссиқ нонни узатаркан, Нафисага кўзи тушди. Нафиса қизчани қучиб эркалатаркан, ишга шошаётганини айтиб, қизалоқ билан бирга кўча томон юрди.

Онаизор уларнинг ортидан хомуш тикилиб қолди. Мана, ўн йилдирки Адолат хола қизининг бахтсизлигидан ўксинади, ичини бир дард кемиради.

...Мусиқа мактаби фоесида кимдир Нафисани кутиб турарди. Унга яқин боргач, саломлашаркан, юраги бирданига ҳапқириб кетди. Чунки у одам Нафисанинг собиқ турмуш ўртоғига жуда ўхшаб кетар экан.

Суҳбат давомида бу киши мактабга янги келган Райҳона исмли ўқувчининг отаси эканлигини билиб олди у. Ота ўз қизининг аччиқ қисмати ҳақида сўзлаб, унга эътиборлироқ бўлишини илтимос қилди.

Дарс тугагач, ўқувчиларни кузатаётганди, Нафисани устози - Зулфия опа ўз хонасига чақирди. Салом-аликдан сўнг, устоз аста гап бошлади:

- Нафисахон қизим, сени шахсий масала юзасидан чақиртирган эдим. Тунов куни онанг билан гаплашдим. Сенга оғиз солганларнинг барчасини қайтараётган экансан. Ахир, ўзинг ақлли аёлсан, онангни ҳам кўп ташвишга қўймагин, қизим.

Нафиса опага хиёл қараб қўйиб, бироз каловланиб ўтирди. Кейин:

- Гап шундаки, устоз... менга ҳам осон эмас. Бирорта одамга розилик берганим билан, унинг болалари-чи, мени қабул қилади, деб ўйлайсизми?

- Узоққа бормайлик, қизим, мана, ўқувчиларинг сени ўз онасидек яхши кўришади-ку? Худди шундай, барча болалар ҳам бир хил, яъни сен ҳамма билан тил топиша оласан. Ахир, етим болаларнинг бошини силасанг, савобга ҳам қоласан. Чуқур ўйлаб кўр...

Нафиса устозининг хонасидан хорғин ҳолатда чиқди. Юраги сиқилиб, дераза ёнига борди. Ташқарига қараб, майдончадаги болаларнинг ўйинини кузатди.

...Райҳона мусиқа мактабига ўтгач, ғамгинлиги бироз йўқолди. Бундан бувиси Салима холанинг ҳам, дадаси Самаджоннинг ҳам қайғулари унутилгандек бўлди. У ҳар куни Нафиса опаси ҳақида меҳр билан бувисига сўзлаб берарди.

Кечки овқат пайтидаги она-бола суҳбатининг бирида Салима хола Нафисанинг рўзғордан ажралган аёл эканлигидан хабар топди. Кейин маслаҳатлашиб эрталаб қўшниси Манзура ая билан мусиқа мактабига бордилар.

Қарияларнинг ишлари илгари бўлиб, мусиқа мактабига етиб боришганда Лутфихон исмли ҳамкасби Нафиса ҳақида гапириб берди. У фарзандсизлик сабаб турмушидан ажралгани, мактабда ҳурмат-эътиборли, яхши аёл эканини эшитишгач, совчилар бир-бирларига маъноли қараб қўйишди.

Нафиса ишдан келиб, тўғри онасининг ёнига кирмоқчи эди, меҳмонхонадан келаётган аёлларнинг овозини эшитиб, тўхтади. Гап нима ҳақда эканини англаб етди-ю, юраги увишди. Чуқур хўрсинаркан, аста юриб ётоқхонасига кирди. Стол тортмасидан қизил духоба жилдли альбомни олиб, астагина бағрига босди. Кўзларидан оқаётган ёш бўғзига тиқилган аламларни ҳайдашга уринар, аммо ўкинчдан энтиккан қалбнинг титроғи босилмасди. Мана ўн йилдирки, кунлар, ойлар бир-бирига ўрин бўшатаётгани сайин унинг юрагидаги кемтик гўё катталашаётгандек.

Ҳар сафар альбомни варақлаганида Нафиса собиқ эри билан бирга тушган суратларга термулиб, ич-ичидан ўша дамларга қайтишни хоҳларди. Унинг энг бахтли лаҳзалари экан ўша дамлар...

Аммо ҳамма нарсанинг интиҳоси бўлгани каби, ўшандай бахтнинг ҳам якуни бор экан, энди билса...

Нафиса оилада ёлғиз фарзанд бўлгани боис, ота-онаси ҳам, қариндошлари ҳам унинг кўнглига қарашарди доим. Олийгоҳда ўқиётган даврида Муроджон исмли йигит билан танишиб қолиб, кейин турмуш қуришди. Йигитнинг оиласи Нафисани ўз қизларидек илиқ қабул қилдилар. Айниқса, келиннинг фарзанд кутаётгани ҳақидаги хабар ҳаммани хурсанд қилганди. Шу сабаб Муроджон рафиқасининг кўнгли нимани хоҳласа, муҳайё этар, бундан Нафисанинг борган сари димоғ-фироғи ошиб борарди.

Нафиса оилада бир ўзи улғайгани сабаб, кўпчиликни унча хушламас, бунинг устига ҳомиладорликнинг илк кунлари ҳам қўшилиб, кўнгли тор бўлиб кетди. Унинг баъзи феълларига қайнонаси кўз юмар, яъни, оғироёқликнинг инжиқликларига йўйиб, ўзини қўлга оларди.

Мавсум бўлгани учун тўйлар кўп. Муроджоннинг тоғаси кенжа ўғлини уйлантирмоқда эди. Ҳадича хола зўрласа-да Нафиса тўйга боришга кўнмади. Ноилож ҳаммаси тўйга ўзлари кетишди. Шу куни кечки пайт қўшни аёл уларникига чиқиб, Нафисадан илтимос қилди:

- Жон синглим, бизникига кириб, кичикларимга қараб туринг. Ўғлим истималаб қолди, дарров дўхтирга олиб бориб келардим...

Нафисага негадир малол келди. У оғироёқлигини рўкач қилиб, қўшнисининг илтимосини рад этди...

Эртаси куни бу воқеадан хабар топган қайнонаси бироз ранжиган бўлди:

- Чакки қилибсиз, қизим... Бева аёл бўлса, ахир? Кўнглини оғритибсиз-да, - деди норози оҳангда.

...Салқин кунлар бошланди. Ёғин-сочин кунларнинг бирида Нафиса ошхонадан чиқаётиб бехосдан тойилиб кетди. Унинг чинқириғини эшитиб, Ҳадича хола уй ичидан ялангоёқ югуриб чиқди.

... Шифокорлар келинчакнинг ҳомиласи нобуд бўлгани ҳақида хабар беришди, сўнг Нафиса даволанди. Лекин бир неча йил ўтсада, орада фарзанд бўлмади. Бу эса уларнинг ажралишига сабаб бўлди.

Нафиса шуларни эсларкан, ўша бир оғиз "йўқ" деган жавоби унинг тақдирини ўзгартириб юбориши мумкинлигини у оиласидан, бахтидан жудо бўлгандагина англади. У паришон ёйилган сочларини тўғрилаб турганди, ёнига онаси кириб келди.

- Келганингни билмабман, қизим, - деди унинг сочларини силаб. - Ҳозиргина меҳмон кузатдим. Сени сўраб келишибди...

Нафиса "ялт" этиб онасига қаради. Онаизор нигоҳларини қизидан олиб қочар экан, сўзида давом этди:

- Бугунги совчиларнинг раъ-йини қайтарма. Кўзим очиқлигида бахтингни кўрай...

Адолат хола қўлидаги суратни қизига узатаркан, ўзи аста ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди.

У суратга боқиб... қотиб қолди. У ўша... собиқ турмуш ўртоғига ўхшаш инсон - Райҳонанинг дадаси эди.

...Нафиса меҳр билан Райҳонанинг бўйнидан қучаркан, оналик бахтини ҳис этди. Беихтиёр, Яратганга шукроналар келтирди.

У шу тариқа бир сўз бадалини узоқ йиллар мобайнида тўлаган эди.

Муқаддамхон

ОРИПОВА,

Шаҳрихон маиший

хизмат касб-ҳунар

коллежи она тили

ва адабиёти фани

ўқитувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди