№12, 21.03.2013 21 МАРТ - БУТУНЖАҲОН ШЕЪРИЯТ КУНИ
КЎНГИЛ ЭҲРОМИСАН, ШЕЪР!
Шеър - кўнгил мулки, юрак дурларидан тизилган маржон...
Шеър - дард давоси, изтиробнинг малҳами...
Юракнинг безовталиги ортиб, дук-дук овози гўёки ҳаяжоннинг этагидан тортиб, қалам тутмиш титроқдан энтиккан бармоқларга. Оқ-оппоқ қоғоз узра аста одимлаётган қалам эса кўнгил қурғурни етакламайди дейсизми қай гўша, чорбоғларга. Қалбдан тўкилади шода дурлар мисраларга айланиб. Оқлик узра ишқ сатри бўлиб подшоҳ сайланиб. Хаёл олиб кетади меҳрга маскан дил калитини. Очиб юборади эшикларни, сайрга чиқариб ўйлар отини. Қалам эса жуда ожиз, ёзолмайди барини. Қолдиради фақат минг хаёлдан бир из. Гоҳо чизиб сўзда сулув парини…
Туғиляпти сўз… Дояси қалам… Онаси хаёл… Йўргаги қоғоз… Исми шеър унинг… Бир гўзал, бир латиф у…
Ҳисларимнинг энг
рангин акси,
Юрагимдан тўкилган
маржон.
Қоғоздаги туйғулар рақси,
Мисраларга бахш этади жон.
Унда ишқ бор, Дунё бор унда,,
Унда яшар ёшлик, болалик.
Кексаликнинг дуоси шунда,
Бари сўзда чин бахтга
молик.
Номи Шеърдир, кўнгил
гавҳари,
Муҳаббатдан яралган
маҳзан.
Дил мулкимнинг бебаҳо зари,
Овунчоғим менинг ҳар лаҳза.
Энг маҳзун онларнинг дардкаши, изтиробу бахтнинг сирдоши Сен эмасми? Сен эмасми нозик ҳислар ўйинини сатрларга муҳрлаган?
Шеърият… Бунча сирли оҳанрабосан-а… Қайғумда ҳам, шодлигимда ҳам гувоҳимсан, ҳамроҳимсан менинг. Садоқатинг шунчалар юксакми сенинг?! Сенда топдим қалбни,ўзимни. Тилаб дардларимга сўзда тўзимни. Бас! Кўнгил эҳромисан сен! Яратган инъоми илоҳий неъматларга тенг!
Яратгандан кун - тун
сўрадим фақат.
Буюк дард бер дилга майли
ёнайин.
Изтиробга бордир қалқоним
тоқат,
Бергин, майли ичай азобинг
майин.
Шу он юрагимда кўтарди
исён,
Шеър дарди наъраси
тутгудек олам.
Ҳаёллар ҳисларга ваъда
этиб жон,
Қўлларимга тутди қоғозу
қалам.
Шеър қудрати тоғларни қулатгудек… Асрлар оша англанган бу ҳақиқатнинг илдизи аслида Кўнгилда эмасми?
Назмий кучнинг бор матонати устоз шоиримизнинг қуйидаги сатрларидаёқ яққол ифодасини топган:
…Беш асрким назмий
саройни,
Титратади занжирбанд
бир шер.
Темур тиғи етмаган жойни,
Қалам билан олди Алишер.
21 март - Бутунжаҳон Шеърият куни жамики шеър аҳлига, шеърият мухлисларига муборак бўлсин!
Зилола РАҲМОНОВА.
|