№12, 21.03.2013 ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ
ХУШ КЕЛДИНГ, БАҲОР
Шодон шаббодалар шивирлаб айтди,
Баҳор келди аёз ортига қайтди.
Севинчдан юрагим хапқириб кетди,
Бўлганди сенга бу кўзларим хўп зор,
Менинг ҳур юртимга хуш келдинг, баҳор.
Энди сумалаклар ялаймиз ўртоқ,
Лолалар терамиз қучоқ ва қучоқ.
Бўй кўрсатар бинафша, момақаймоқ,
Бўлгандан сенга бу кўзлар интизор,
Менинг ҳур юртимга хуш келдинг, баҳор.
Гулларга булбуллар дил розин бошлар,
Нафосат биз томон қадамин ташлар.
Ташрифингга муштоқ қари-ю, ёшлар,
Тиккандик йўлингга кўзларимиз зор,
Менинг ҳур юртимга хуш келдинг, баҳор.
Хуш нафасинг елар гул боғларимда,
Сени куйлайман шеър, қўшиқларимда,
Яшайсан, сен энди чаманларимда,
Бўлганмиз биз сенга кўп бор интизор,
Менинг ҳур юртимга хуш келдинг, баҳор.
Ойбарчин ХУДОЙБЕРДИЕВА.
СЕВГИЛИМ, БАҲОР
Кўнглимга яқин бир ошно топмадим,
Дўстларга дўст бўлиб, вафо топмадим.
Зумрад баҳордан-да ифор туймадим,
Ўтинаман, жоним, бўлиб кел баҳор,
Хуморман ифорингга севгилим, баҳор.
Қалбимга энг ширин туйғу берарсан,
Ҳисларим эркалаб, суйиб келарсан,
Ташна дилга зилол сувлар берарсан,
Борлиғимга ёмғир бўлиб кел баҳор.
Хуморман ифорингга севгилим, баҳор.
Биламан ёмонлар-да изн бермайди,
Келмасанг уйимга қувонч келмайди.
Сенсиз юрагим асло яшай олмайди,
Чирой очиб бойчечагим бўлиб кел баҳор,
Хуморман ифорингга севгилим, баҳор.
Жавлонбек ҚАҲҲОРОВ.
НАВРЎЗДИР БУГУН
Келинг дўстлар куйлашайлик, Наврўздир бугун,
Дилдан яйраб сўзлашайлик, Наврўздир бугун,
Гўзалликни, садоқатни айлаб намоён,
Асрлардан келган бизга Наврўздир бугун.
Наврўз сабаб ўлкам бўйлаб бахт келсин бизга,
Мустақил, ҳур ватанимга тахт келсин бизга.
Боболарнинг руҳи дўстлар мададкор бўлиб,
Ҳам яхшилик, эзгуликчун "аҳд" келсин бизга.
Исмалоқлар, ҳам ялпизлар дарднинг давоси,
Сумалакдур барча таом ичра аълоси.
Юртимизни безар бугун Наврўз навоси,
Назокатли, тароватли Наврўздир бугун.
Аъзамжон ЭРГАШЕВ.
КЎКЛАМ
Кўклам келса ям-яшил,
Бўлади дала-қирлар.
Ловуллаган, қип-қизил,
Кўйлак кияр адирлар.
Тумшуғида чўп ташиб,
Ин қуради қалдирғоч.
Жажжи қуш уясидан,
Кўркли бўлади оғоч.
Теварак-атрофларда,
Эсар майин шаббода.
Баҳор қандайин яхши,
Табиат гўзал, тоза.
Мушарраф ОХУНОВА.
ҚАЛДИРҒОЧ
Ўтган йилги қалдирғоч,
Дилларимга севинч соч.
Иссиқ ўлкамга келган, сен,
Қайтиб ромим чертган, сен,
Олис масофа ошиб,
Пистадайин лой ташиб.
Уя солдинг авайлаб,
Ошиёнга меҳр жойлаб.
Ўз тилида полапон,
Чулдирашиб кела қол,
Деб онасин кутгандай.
Қўшилишиб учгандай,
Қалдирғочим, гўё сен
Қанотларинг учига,
Гул, баҳорим этаклаб,
Яна келдинг етаклаб.
Одилжон ҚОДИРОВ.
|