Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№12, 21.03.2013

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

СЎНГГИ ПУШАЙМОН

(Давоми. Боши ўтган сонда.)

Назира шу йўсин яшай бошлади. Бу орада икки фарзандлик бўлишди. Аёлнинг кўнгли сезгир бўлади. Назира киракашлик билан шуғулланаётган эри яна чакки қадам босаётганини сезиб қолди. Баъзида кечалари уйга келмайдиган одат чиқарди. Сабабини сўраса, "ишинг бўлмасин" дея дўқ урарди. Бу эса унга қаттиқ таъсир қилди. Ахир, эрининг қилмишини кечирди. Бирор марта юзига солмади. Энди эса...

Шундай аламли кунлардан бирида бир синфдоши уни Наврўз байрами билан табриклаб қолди. Олдинига хайрон бўлди. "Телефон рақамимни қаердан топди экан?". Сўнгра битирув кечасида барча синфдошлар бир-бирлари билан телефон рақамларини алмашганлари ёдига тушди. Синфдоши пойтахтдаги кафелардан бирида ошпаз бўлиб ишлаётган экан. Уни меҳмонга таклиф этди. Назира синфдоши билан учрашишидан хурсанд бўлиб, "эрим рухсат берармикан", деб ўйлаб ҳам кўрмади. Эртасига пешиндан кейин учрашишга ваъдалашиб гўшакни қўйди. Шундан кейингина уйидагилардан берухсат ваъда бериб юборганига афсусланди. Лекин энди кеч эди. Нима қиларини билмай саросимага туша бошлади. Шунда яна шайтон унинг йўлида пайдо бўлди. "Хўш, энди қалайсан. Ўшанда, уйингга кетвор, деганимда гапимга кирмадинг. Энди жабрини тортаяпсан. Ахир сен ҳам инсонсан, тирик жонсан. Нега ҳадеб эринг сени хўрлайверади. Қадрингни бил".

Назира ўйлаб қараса, шайтон ҳаққа ўхшайди. Эрга текканидан бери бирор жойга бормади. Дугоналари-ю танишлари билан учрашмади. Энди бир марта имкон пайдо бўлганда фойдаланса нима қилибди?

Эртасига эрталабдан қайнонасини силаб-сийпаб, аврашга тушди. Яқин дугонасининг туғилган кунига бориб келишини айтиб, болаларга қараб туришини илтимос қилди.

- Эрингизнинг хабари борми? - сергак тортиб сўради қайнона.

- Дугонам ҳозиргина қўнғироқ қилди, ўғлингиз овқатланишга келганларида рухсат оламан, - деди Назира ясама кулги билан.

Тушлик қилгани келган эр хотинидаги ўзгаришни кўриб таажжубланди. Уйда доим одми кийиниб юрадиган хотини бугун ўзига оро бериб қолибди. У бирор сўз айтмаган бўлса-да, кўнглида шубҳа уйғонди.

- Тинчликми?

- Тинчлик, - деди Назира бироз сукут сақлагач. - Бир дугонам меҳмонга таклиф этувди. Шунга келишингизни кутиб тургандим. Йўқ демасангиз, бирровга бориб келсам. Болаларга ойижоним қараб турадиган бўлдилар.

- Ойим рухсат берган бўлсалар бўпти-да. Овқатланиб олай, обориб қўяман.

- Йўқ...йўқ. Шарт эмас. Сизни овора қилиб ўтирмайман.

Хотинининг бунчалар меҳрибонлик қилиши эрининг шубҳасини янада оширди.

- Майли, ўзинг биласан. Унда мен кетдим.

У машина калитини қўлида ўйнатиб чиқиб кетгач, Назира ҳам йўл ҳозирлигини кўрди. Аммо эри кўча бошидан унинг йўлини пойлаб туришини хаёлига ҳам келтирмади.

Кафеда уни синфдоши кутиб олиб ичкарига бошлади. Бу ерда ноз-неъматларга тўла махсус стол тузалган эди. Қизғин суҳбат бошланди, ўқувчилик йиллари ёдга олинди. Ўтган воқеаларни хотирлашиб роса мириқишди. Улар беғараз, дўстона суҳбат қуришарди. Назира бокалдаги қизил шаробдан бир қултум ичиб улгурмасидан, тепасида эри пайдо бўлди.

- Меҳмондорчилик авжида-ю, "дугонанг" сахий экан.

Иккала синфдош ҳам нима дейишини билмай, шошиб қолишди.

- Биз синфдошмиз... - тушунтирмоқчи бўлди Назира.

Бироқ эри уни эшитишни ҳам истамади.

- Базм тугаган бўлса, уйга қайтармиз.

Назира бир сўз айтмай, кўчага йўналди. То уйга етиб келгунича иккаласидан ҳам садо чиқмади. Эри уйда ҳам индамади. Сўкмади ҳам, урмади ҳам. Совуткичдан олган газли сувнинг қопқоғини очиб, бир кўтаришда ярим қилди. Кейин ҳеч нарса бўлмагандек, яна кўчага чиқиб кетди. Бироздан сўнг машина мотори гуриллаб, унинг келганидан дарак берди.

Шу кундан эътиборан эри оилада ўзини бошқача тута бошлади. У бўлган воқеа хусусида хотинига ҳамон лом-лим демасди. Назира қилган ишидан пушаймон эди, албатта. У ёшлик ғурури билан шайтоннинг раъйига кириб бу ишга қўл урганди. Аммо бирор номақулчилик қилиш етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Шунчаки, эрининг жиғига тегмоқчи бўлганди. Ўз ҳисобида, уйда шундай ёш хотини бўлатуриб "чап"га юраётгани учун жазоламоқчи эди. Аммо у ўйлагандек бўлиб чиқмади. Эри эрта кетиб, кеч қайтадиган, келгандан кейин ҳам бегоналардек муомала қиладиган бўлиб қолди. Ўрнини ҳам бўлак қилиб олди. Ишдан қайтганида болалари уйғоқ бўлишса, олдига чақириб олиб, улар билан бирпас гаплашиб ўтирар, кейин меҳмонхонага чиқиб кетарди. Сигарет чекканича, телевизор кўришга бериларди. Фарзандларидаги бу ўзгариш ота-онани ҳам хавотирга солар, сабабини билолмай ташвишда эдилар.

Эри энди бир неча кунлаб уйига келмайдиган одат чиқарди. Аммо ойни этак билан ёпиб бўламас, деганларидек, бунинг боиси ҳам билиниб қолди. У Назира билан бирга ишлашган тул аёл билан топишиб олибди. Эри бир неча йил муқаддам ҳалокатга учраб вафот этган бу аёл асли шу маҳаллалик эди. Улар болаликдан бир-бирларини яхши танишарди. Бир мактабда ўқишган, ҳатто ўша пайтда бир-бирларига кўнгил ҳам қўйишган. Тақдир тақозоси билан у барвақтроқ турмушга чиқиб кетган, ораларидаги алоқа узилиб қолганди. Замон айланиб келиб, яна топишиб олишибди.

Аммо эр болаларини жуда яхши кўрар, шу боис уларни ўз ҳолига ташлаб қўймасди. Ҳар сафар фарзандларига нимадир кўтариб келарди. Уларни бирпас ўйнатиб, кейин ота-онасининг хонасига кириб кетарди. Хотини бор-йўқлиги эсига ҳам келмасди. Назирага алам қилган жойи, касбдош ўртоғи у билан кўнгилхушлик қилаётган эркак дугонасининг эри эканлигини биларди-ку. Нега энди, бунчалик пасткашликка борди экан?

Аслида, эр ҳам дастлаб хотинидан қасос олиш мақсадида шу йўлни тутганди. Таниши билан ораларидаги муносабат ҳазил тариқасида бошланди. Аммо вақт ўтган сайин жиддийлаша борди. Орада фарзанд туғилгач, бир-бирларига янада яқинлашиб қолишди. Энди ундан ажралиб кетиш амримаҳол эди. Уларнинг бундай муносабатларидан хабардор бўлганлар ким дўстона ачиниш, кимдир мунофиқона пичинг қилиш йўли билан Назирага етказиб турди. Унинг эса аламли кўз ёшларини тўкишдан ўзга чораси йўқ эди.

Шу йўсин ойлар, йиллар ўтди. Болалар ҳам катта бўлиб қолишди. Йўқ, энди бу тарзда яшашдан маъно бўлмайди. Назира қайнота-қайнонасидан узр сўраб болалари билан онасининг уйига кетди. Аммо ота фарзандларига бефарқ бўлмади. Ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турди. Лекин хотини унинг учун ҳамон бегона эди.

Назира ёшлик ғурури билан қандай хатога йўл қўйганини, муқаддас оиласини барбод этишга сабабчи бўлиб қолганини тушуниб турар, юрак бағри эзилиб, ичидан зил кетарди. Аммо энди сўнги пушаймондан фойда йўқ. Билиб-билмай босган тиканнинг азобини яна қанча тортишини ёлғиз Худо билади.

Бахтиёр МАНСУРОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди