Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Янгиликлар

№13, 28.03.2013

СПОРТ - ГЎЗАЛЛИК ВА НАФОСАТ БАЙРАМИ

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 22-23 март кунлари "Андижон" теннис кортида "Иқбол" газетаси соврини учун хотин-қизлар ўртасида 8-анъанавий теннис турнири бўлиб ўтди.

Халқаро хотин-қизлар куни ҳамда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланиб гўзал баҳорнинг тароватли кунларида Андижон шаҳрининг муҳташам теннис кортида ўтказилган мазкур теннис турнири опа-сингилларимиз учун ҳақиқий спорт байрамига айланди. Хотин-қизларни спортга жалб этиш, хусусан, уларнинг спортнинг теннис турига бўлган қизиқишини янада ошириш, "Обод турмуш йили" давлат дастурида белгиланган соғломлаштириш ишлари ижросини таъминлашга ҳисса қўшиш, шу орқали "Иқбол" газетаси оммавийлигини кўтариш мақсадида ўтказилган ушбу турнирнинг нуфузи, унда иштирок этувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Турнирнинг очилиш маросимида сўз олган Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Муаззамхон Ваққосова юртимизда хотин-қизлар спортини ривожлантириш учун зарур барча шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги, жумладан, вилоятимизда опа-сингилларимиз, айниқса, уй бекаларини спортнинг оммавий турларига жалб этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида гапирди.

Дарҳақиқат, хотин-қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, спортчиларимизнинг доимий қўллаб-қувватланиши самараси ўлароқ, биргина ўтган 2012 йилда андижонлик хотин-қизларнинг 400 нафардан зиёд вакиласи турли республика ва халқаро спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб, 133 та олтин, 202 та кумуш ва 193 та бронза медалларини қўлга киритдилар. Ушбу натижалар хотин-қизларни спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарали натижасидир.

Турнирнинг очилиш маросимида ташкиллаштирилган бадиий дастур барчанинг қалбига ҳақиқий байрам сурурини бахш этди. З. М. Бобур номли вилоят мусиқали драма ва комедия театри хонандалари Моҳидилхон Мирзаакбарова, Ҳасанбой Ниёзов, Қизлархон Давронова ҳамда вилоят каратэ федерацияси қошидаги Аҳлиддин Нуритдинов раҳбарлигидаги ёш каратэчилар гуруҳининг, шунингдек, Республика "Келажак овози" танлови ғолиби Икромжон Аслий ҳамда бир қатор ёш ижодкор шоирларнинг чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди.

Шундан сўнг ўйинлар бошланиб, вилоятимизнинг туман ва шаҳарлари жамоалари вакиллари бўлган 70 нафардан зиёд опа-сингилларимиз ғолиблик учун баҳсга киришдилар.

Мусобақалар 4 гуруҳ, яъни 18 ёшгача бўлган ўқувчи қизлар, 18 ёшдан 35 ёшгача ҳамда 35 ёшдан юқори ёшдаги иштирокчилар, шунингдек, разрядли теннисчилар гуруҳлари доирасида ўтказилди.

- Очиғи, турнирни қизиқарли ва юқори савияда ташкил этилганлигига ҳавас қилдим, - дейди Бўз тумани "Аёл ва спорт" уюшмаси раиси Барнохон Йўлдошева. - Қолаверса, хотин-қизларни спортга жалб этиш, ёш теннисчи қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришларида ушбу турнирнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Мусобақалар улар учун шубҳасиз, маҳорат мактаби вазифасини ўтайди.

Қизиқарли баҳсларга бой бўлган ўйинларнинг якуний натижаларига кўра, 18 ёшгача бўлган ўқувчи қизлар гуруҳида Андижон шаҳридан Лайсан Мустафина биринчи, Зебунисо Камолова иккинчи, Екатерина Хегай учинчи ўринга сазовор бўлди.

18-35 ёшли иштирокчилар гуруҳида эса Булоқбоши тумани вакиласи Дилафрўз Султонова биринчи, Андижон шаҳри вакиллари Саида Акбарова иккинчи ва Моҳинур Алимқулова учинчи ўринларни қўлга киритдилар.

36 дан юқори ёшдаги иштирокчилар гуруҳида Қўрғонтепа тумани вакиласи Моҳигул Охунова биринчи, Бўз туманидан Раъно Комилова иккинчи, булоқбошилик Ўғилой Сулаймонова учинчи ўринни банд этди.

Разрядли теннисчилар гуруҳида эса Андижон шаҳри вакиллари Виктория Скороварова биринчи, Мадинабону Асқарова иккинчи ва Гулшаной Мамарасулова учинчи ўринларни қўлга киритдилар.

Барча ғолиблар ҳамда мусобақада фаол қатнашган бир гуруҳ иштирокчилар вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва "Иқбол" газетасининг Фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Умумжамоа ҳисобида Андижон шаҳри биринчи, Булоқбоши тумани иккинчи, Қўрғонтепа тумани эса учинчи ўринни қўлга киритди.

Шу ўринда турнирни ташкил этиш ҳамда юқори савияда ўтказишдаги ҳамкорлиги ва кўмаги учун Андижон теннис мактаби маъмуриятига, Обиджон Бурхонов раҳбарлигидаги ҳакамлар жамоасига, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармасига, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Андижон вилоят бўлимига, вилоят касаба уюшмалари бирлашмасига ҳамда вилоят каратэ федерациясига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди