№13, 28.03.2013 ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО
СЎНГГИ ПУШАЙМОН...
Ҳалоллик, тўғрисўзлик, сабр-қаноатлилик халқимизга,айниқса, ўзбек аёлларига азал-азалдан одат бўлиб келган.
Мана шу фазилатлар ўзларида мужассам бўлган хонадонлар ҳамиша тинч-осойишта ҳаёт кечиради. Лекин беш қўл баробар бўлмаганидай айрим ҳамюртларимизнинг борига қаноат қилмаслиги, ноқонуний йўллар билан пул топишга ҳаракат қилаётганликлари ачинарлидир. Бу ҳол охир-оқибат яхшилик билан тугамаслиги аниқ.
Буни вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган ҳолатлар орқали ҳам билиш мумкин.
"Дўстлик" божхона постида шу йилнинг январь ойида божхона инспектори Д. Саттарова томонидан Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи М. Мелибоеванинг буюмлари текширилганда, у тегишли ҳужжатларда қайд этилмаган 600 АҚШ доллари ноқонуний равишда Қирғизистон Республикасига олиб ўтиб кетаётганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда ноқонуний йўл билан бойлик орттиришни ўзига касб қилиб олган айрим аёлларимизнинг ҳатти ҳаракатларини ҳам асло оқлаб бўлмайди.
Г. Жўраева Қорасув шаҳрида истиқомат қилади. Бу фуқаро 1 миллион 335 минг сўмлик Хитой Республикасида ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ маҳсулотларни, яъни жами 220 дона корпус, заряд мослама, экран, батарейка, флешкарта, адаптор сингари уяли телефон акцессуарларидир. Афсуски, бу молларни ўз мижозларига олиб бориб сотиш, даромад орттириш унга насиб этмади. Шундай "уддабурон"лардан яна бири хўжаободлик М. Ибрагимовадир. У Қирғизистон Республикасига саккиз дона ошланган мол терисини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган. Лекин божхона инспектори Х. Хожиматованинг хушёрлиги туфайли бунинг олди олинди. Яъни, 320 минг сўмлик ноқонуний мол ушлаб қолинди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади. Шу боис, ноқонуний йўл тутиб, даромад топишга уринмайлик. Сўнгги пушаймондан эса фойда йўқ. Яхши билишимиз керакки, божхона ходимлари томонидан бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича зарур барча ишлар олиб борилади.
Ж. ЙЎЛЧИЕВ,
Андижон вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи.
|