№13, 28.03.2013 БИЗНИНГ СУҲБАТ
"АНДИЖОН БОРАЙ ДЕДИМ, БОРОЛМАДИМ"
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Улуғбек Ҳамдам (Улуғбек Ҳамдамов)нинг "Ёлғизлик", "Мувозанат" , "Исён ва итоат", "Сабо ва Самандар" , "Тангрига элтувчи исён", "Атиргул", "Сени кутдим" номли қисса, роман ва шеърий тўпламлари чоп этилган. Шунингдек, "Бадиий тафаккур тадрижи" ва "Янгиланиш эҳтиёжи" номли адабий-танқидий тўпламлари, "Янги ўзбек шеърияти" монографияси эълон қилинган.
Улуғбек Ҳамдам Жалолиддин Румийнинг "Ичингдаги ичингдадир", профессор У.Туроннинг "Туркий халқлар мафкураси тарихи" номли асарларини туркчадан ўзбек тилига таржима қилган.
Улуғбек Ҳамдамнинг асарлари рус, турк, инглиз ва немис тилларига таржима қилинган. Ёзувчи айни кунда ЎзФА Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим, шунингдек, "Шарқ юлдузи" ва "Звезда востока" журналлари Бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатмоқда. Қуйида ёзувчи билан бўлиб ўтган суҳбатни муштарийларимиз эътиборига ҳавола этамиз.
- Бугунги кун ўзбек адабиёти хусусидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Бугун ўзбек адабиёти авжи янгиланиш палласига қадам қўйган. Хоҳ наср, хоҳ назм ва хоҳ драматургияни олинг, ҳаммасида улкан ўзгаришлар жараёни кечмоқда. Чунки Истиқлол йилларида ўзбек ижодкорлари учун жаҳон бадиий тафаккури даражасида фикр юритишга, умумжаҳон эътироф этадиган асарлар яратишларига йўл очилди, имкон яратилди. Натижада ўзбек ижодкорлари ҳам дунёнинг яхлит ижод майдонида қалам тебратмоқда. Бу жараён ўзбек адабиёти илмида ҳам кузатилади. Демак, дунёга чиқадиган, дунё ўқийдиган асарлар ёзиш вақти энди келди, дея баралла айта оламиз.
- Бугунги ўзбек адабиётида аёл ижодкорларнинг ўрни ва ролини қандай баҳолайсиз?
- Аёлларнинг ўрни ҳар доим ҳамма соҳаларда алоҳида мавқега эга бўлиб келган. Чунки уларнинг дунёга қараши ва англаганларию ҳис қилганларини етказиб бериш усуллари эркакларникидан ҳамиша ажралиб келган. Бу ҳол адабиётда ҳам ўзини намоён этиб туради. Хусусан, Саида Зуннунова, Ойдин Хожиева, Гулчеҳра опалар, Эътибор Охунова каби шоираларимиз куни кеча жуда сермаҳсул ижод қилган бўлсалар, бугун Ҳалима Аҳмедова, Фарида Афрўз, Зебо Мирзо, Хосият Бобомуродова, Хосият Рустамова, Хуршида, Ойдиннисо каби шоираларимиз яхши шеърлар ёзишаётганлигини нафақат ижод аҳли, балки кенг жамоатчилик эътироф этмоқда.
- Сизнинг ижодингизда аёллар мавзуси қандай ўрин тутади?
- Ҳар қандай эркак ижодкорнинг ёзувларида аёлнинг беқиёс ўрни бор, деб биламан. Чунки аёл нафақат асарлар қаҳрамонлари, балки айни пайтда ижодкорга илҳом ҳадя этгувчи зот ҳисобланади. Мумтоз адабиётимизни олиб кўринг. Айрим шоирлар битган ғазаллар асосан ишқий мавзуда бўлиб, улар идеал аёл сиймосини бир умр куйлаб ўтишган. Улар учун бундан ортиқ мавзу бўлмаган. Демак, улар қолдирган адабиёт тўлиғича аёлга бағишланган. Бугунги адабиётда мавзулар ғоят хилма хил бўлишига қарамай, аёл мавзуси барибир алоҳида мавқеда туради. Қолаверса, ҳар қандай эркак ижодкорнинг ижод қилиши учун аввал туртки, кейин эса шарт-шароит берадиган, уни авайлаб-асрайдиган ҳам аёлдир. Замондошимиз, буюк ёзувчи Габрэль Маркеснинг ҳаётини олиб кўринг. У илк машҳур романини ёзиш учун икки йилга яқин вақт бутунлай "узлат"га чекинган. Бу узоққа чўзилган йиллар мобайнида рафиқаси Мерседес миқ этмай рўзғор тебратган. Ҳатто ул-бул ашёсини гаровга қўйиб, уйга егулик сотиб олган дамлари ҳам бўлган. Аммо ёзувчи асарига сўнгги нуқтани қўймагунча оғиз очмаган. Бундан ёзувчи-эр билан бирга, аёл-рафиқа ҳам катта жасорат кўрсатганлигини кўриш мумкин. Ўзбек ижодкорларининг аёллари ҳам ўша бардошли Мерседесдан сира қолишмайди. Биргина Саида опанинг Саид Аҳмад қамалган пайтларидаги жасорати билан танишиб чиқсангиз, менинг фикримни дарҳол тушуниб оласиз.
- Малакали журналистлар тайёрлашда қандай усуллар самарали ҳисобланади? Умуман, бугунги журналист қандай бўлиши керак?
- Бугунги журналистга, аввало, отнинг калласидек жасорат, шу жасоратга яраша кенг ва теран билим ҳамда ҳалоллик зарур, деб ўйлайман. Чунки ОАВ - тўртинчи ҳокимият ҳисобланади. Унинг сифат даражаси тўғридан тўғри юртнинг тақдирига таъсир этади. Журналист бор гапни гўзал услубларда халққа етказишга масъул. Аммо бундай журналист осмондан тушмайди. Уни шундай қилиб тарбияламоқ керак, аслида. Демак, ҳаммасининг боши таълим ва тарбияда. Шуларга йўналтирилган тизимда. Ана ўша жабҳага бутун эътиборни қаратмоқ керак ва қаратиляпти ҳам. Яна, журналист сўзининг қадрига етиш жоиз. Чунки бир журналист ҳаётини гаровга қўйиб одамлар ҳаётидаги, керак бўлса, жамиятдаги айрим нуқсонларни очиб ташласаю уни эшитадиган мард топилмаса, бундай меҳнатнинг самараси бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир нарса унга бўлган эътибор билан тирик, деган ақидани ўзимизга дастуриламал қилиб олишимиз керак. Бошқа томондан, журналистнинг ўзи халқ билан бирга бўлиши, унинг дардларию қувончларини қалбида ҳар куну ҳар он ҳис қилиб юриши даркор. Бир сўз билан айтганда, халқ билан бир тану бир жон бўлмоғи зарур!
- Китоб инсонга маърифат тортиқ этади, деган фикр бор. Сизнингча, китобнинг бошқа жиҳатлари ҳам борми?
- Китоб бу - ҳаёт. Ҳар бир яхши китоб алоҳида бир яхши ҳаётдир. Тўғри, у одамларга маърифат улашади. Аммо бу китобнинг минглаб сифатларидан бири, холос. Қолгани-чи? Қолгани - ўқувчининг даражаси ва эҳтиёжига қараб ўзини намоён этаверади. Масалан, мен фақат маърифатли бўлиш учунгина китоб ўқимайман. Китоб кишига яна ахборот беради, эстетик завқ бағишлайди, тафаккур доирасини кенгайтиради. Ҳеч эътибор берганмисиз, ақлий меҳнат билан кўпроқ шуғулланадиган одамлар, ҳатто секинроқ қарийди. Демак, китобда киши умрига умр қўшадиган жиҳат ҳам бор. Ёки ўқувчини ўзга оламларга саёҳат қилдиргувчи сифатини олинг. Китоб мутолаасига ҳақиқий маънода киришган инсон ўзга мамлакат ёки ўзга кишилар ҳаёти ва қалбига сафар қилади. Кўп китоб ўқиган одам ҳаёт маъниси ҳақида ўйлайдиган, оқни қорадан, яхшини ёмондан айирадиган бўлади. Китоб ўқийдиган инсонни ҳам, миллатни ҳам маънан енгиб, уни ғайри измларга солиб бўлмайди... Кўринадики, санайверсак, китобнинг инсонга берадиган "мевалари" жуда кўпдир.
- Лирик чекиниш қилсак-да, мавзуни бошқа йўналишга бурсак. Андижон ва андижонликларнинг ўзига хос хусусиятини нималарда кўрасиз?
- Андижонликларнинг қандай эканлигини Андижонда яшаётган чоғимда унчалик билмаган эканман. Мана, энди, бир неча ўн йиллардан бери туғилган юртимдан узоқда туриб, Андижонни, ана шу муқаддас замин одамларига хос хислатларни чуққурроқ англаб етгангандайман. Андижон Ўзбекистонимизнинг энг гўзал гўшаларидан бири. Бобур Мирзонинг соғиниб, ашъор битиб ўтганича бор юрт! Халқи эса ғоят самимий, очиқкўнгил, меҳмондўст ва меҳнатсевар. Айниқса, меҳмонга кўрсатиладиган иззат-эҳтиромни ўзга бирор юртда учратмайсиз. Яна яхшигина қизиққон ва эҳтиросли, ўрни келганда такаллуф қилиб ўтирмай, бор гапни дангал айта оладиган даражада жасур десам ҳам асло муболаға бўлмаса керак.
- Андижон аҳлига тилакларингиз?
- Андижонимиз доимо бор бўлсин! Андижон аҳлининг қалби ҳамиша қуёшидек тафтли, нурли бўлсин. Халқимиз шундай ҳазилкаш, дилкаш, уддабурон ва бахтли бўлиб яшайверсин! Яна, фарзандларига яхши таълим ва тарбия бериб, бутун жаҳон миқёсида фикр юритадиган билимдон ва мард қилиб вояга етказишларини чин дилдан истайман.
Бир пайтлар соғинчимнинг меваси сифатида ушбу сатрлар қоғозга тушган экан, уни ҳам Андижонга, андижонликларга бағишлайман:
АНДИЖОН
(Халқона)
Андижон борай дедим, боролмадим ,
Дийдорин кўрай дедим, кўролмадим.
Ҳар кечаси тушларимга киради ул,
Ҳолини сўрай дедим, сўролмадим.
Андижоннинг олов-оташ шоири кўп,
Ёзганлари юрагига доири кўп.
Андижонга борай деса, боролмайди,
Андижоннинг муҳожири - Бобури кўп.
Андижоннинг боғи кўп, бўстони кўп,
Айтилгандан айтилмаган достони кўп.
Майли бўлсин, ҳаммасининг мавриди бор,
Андижоннинг туғилмаган Чўлпони кўп.
Андижонга бориб қолсам, юрак йиғлар,
Муҳаммадим куйлаб ўтган терак йиғлар.
Кўз ёшимни ювай, дея сувга борсам,
Бўйним қучиб ялпизчалар бирам йиғлар...
Андижоннинг сулув - сулув қизлари бор,
Биттасининг юрагимда излари бор.
Ўчсин, дея йигирма йил юрдим нари,
Ўчмади-ку, қизларининг сирлари бор.
Андижон борай десам, боролмайман,
Онамни кўрай десам, кўролмайман.
Отамнинг қўлларига сочиқ тутиб,
Ёнида турай десам, туролмайман.
Андижонга боролмайман, Андижонга,
Ўша жаннат, ўша гулу гулистонга.
Жоним менинг Андижонга кўмилгандир,
Қанча қилмай, етолмайман ўша жонга...
Андижон борай дедим, боролмадим,
Ҳар замон кўрай дедим, кўролмадим.
Қўлларимдан тутади у тушларимда,
Дийдоримиз балки шудир... сўролмадим...
Андижон борай дедим, боролмадим...
Суҳбатдош:
Феруза ИҚБОЛ.
|