Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№13, 28.03.2013

САХОВАТ-ҚАЛБ ЧИРОҒИ

ОҚИБАТЛИ ҚЎШНИЛАР

Ҳаёт йўллари - ўнқир-чўнқир, паст-баланд. Бу йўлларда одимлаётган инсон ҳамиша орзу-ниятига етавермас экан. Ойтожи опа ҳам энди ўйнаб куладиган даврида турмуш ўртоғини йўқотдию ўзини ўнглаб ололмади. Ўшанда икки боласи ҳали гўдак эди. Аввалига бетоб эрини боқиш, кейин рўзғор, боз устига кўнгли ярим норасидаларининг кўзига термулиш бояқиш аёлнинг соғлигига путур етказмай қолмади. Аксига олгандек, умр бевафолик қилиб уни суяб турган кишилир - ота -онаси ҳам вафот этди. Ғам устига ғам келтирган жудоликлар аёлни ногиронга айлантирди. Яхшиямки, раҳматли қайнонасидан қолган чоғроқ бўлса ҳам ҳовли, икки хонали уйи бор.

Ойтожи опа уйнинг кам-кўстини тўғрилаш, нураётган жойларини янгилаш каби кишининг кўзига кўринмас юмушларини ўйлардию қўли калталик қилишидан чўчирди.

Ой билан кун ортига боқмайди. Ҳаш-паш дегунча ўғли Абдураҳмон вояга етди. Касб-ҳунар коллежини тугатгач, ўзи иш топиб, рўзғорга барака олиб кирди. Тирикчиликдан орттириб оз-моз пул тўплаган йигит бу йил ёзда ўйлаб юрган режаларини амалга оширмоқчи бўлди. Уйларига кичикроқ дўконча қуриш, ўзлари учун ажратилган ҳовлининг чегарасидан девор олишни мўлжаллади. Онаси билан маслаҳат қилгач, ниятларини тоғаси Адҳамжонга айтди. Жиянининг қўлидан иш келиб қолганидан севинган тоға ҳам ўз рўзғоридан оширганини ўртага ташлади. Қурилишга бош-қош бўлиб, шағал, қум тўктирди.

Абдураҳмоннинг тараддудини кўрган қўни-қўшнилар ҳам бир-бир киришиб, қандай ёрдам керак бўлса, тортинмай айтишини тайинлашди. Гап гаплигича қолмади. Абдураҳмон айтмаса ҳам улар қараб туришмади. Биргалашиб пойдевор учун қолип ўрнатишди, бетон қуйишди. Бетон қотгач, аввал устачилик қилиб юрган Маҳмуд буванинг ҳиммати янада ортди ."Деворни ўзим уриб бераман", - деди у кексалигига ҳам қарамай.

Абдураҳмоннинг жонига яна қўшнилар оро киришди. Ғишт қуйилиб, девор уриш бошланди. Иш энди қизиганда ғишт тугаб қолди. Шу пайт Худо етказдими, кўпни кўрган Мўминали ака "Ҳорма, бор бўл"га чиқиб қолди. Ҳашарчиларнинг тўхтаб тургани сабабини билгач, уйида қурилиш учун қуйдириб қўйган ғиштларини берди. Ғишт девордан ортиб, дўкончага ҳам етди.

Бу хайрли ишга маҳалла кексаларидан Мамазокир ҳожи ота ва Мадамин бувалар ўз маслаҳатлари билан бош бўлишди. Ҳашар кунлари қўшни аёллар ҳам қараб туришмади. Бири иссиқ овқат, бири бир тандир нон ёпиб, ҳашарчиларни йўқлашди.

Кўпдан қуён қочиб қутилмас, деганларидек, озгина эътибор, мурувват билан бир хонадон обод бўлди. Бу эзгуликдан бутун маҳалла аҳли мамнун. Қўшниларнинг оқибатини, ҳамжиҳатлигини кўриб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Ахир дунёда бегона у ёқда турсин, ўз туғишганларига совуқ сувни раво кўрмайдиган инсонлар ҳам бор-да...

Барно ШЕРАЛИ қизи,

Балиқчи тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди