№14, 04.04.2013 ИФТИХОР
СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР
Ўзбек давлатчилиги қарийиб 3000 йиллик тарихга эга. Шу давр ичида юртимиз ҳудудида қанчадан-қанча салтанатлар хукм сурган. Шу салтанатларнинг энг қудратлиси соҳибқирон Амир Темур асос солган давлат эди.
Тарихга назар ташлар эканмиз, Амир Темур юртимиз худудида биринчи бўлиб, йирик марказлашган улкан империя тузганлигини кўришимиз мумкин.
XIV-XV асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда кучли ва марказлашган давлат асосчиси, илм, маданият ҳомийси Амир Темур Ибн Тарағай 1336 йилнинг 9 апрелида Кеш яқинида Хўжа илғор қишлоғида таваллуд топган.
Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилишган. Амир Темур ёшлик чоғлариданоқ чавандозлик, овчилик, камондан ўқ узиш сингари турли машқ ва ҳарбий ўйинлар билан машғул бўлган. Бу унинг келажакда моҳир лашкарбоши бўлиб, ётишишида муҳим аҳамият касб этади.
XIV аср ўрталарида Мовароуннахр 10 га яқин бекликларга бўлинган бўлиб, юрт нотинч эди. Амир Темурнинг сиёсий майдонга чиқиши ана шундай нотинч, тарқоқ давлатчилик бошқаруви даврига тўғри келди. Темур дастлаб ўз фаолиятини қўл остидаги навкарлари билан айрим вилоят амирларига ҳизмат қилишдан бошланган. Кейинчалик ўз қўшинини тузган ва XIV аср 60-йилларидан юртни бирлаштириш йўлидаги ҳаракатини бошлаган. Амир Темурнинг кейинги бутун ҳаёти империя қуриш йўлида жангу-жадалларда ўтади.
"Темур тузукларида" келтиришича, бу давр ичида Соҳибқирон ҳазратлари 27 мамлакатни жумладан, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон, Грузия ва Ҳиндистонни марказий империяга бўйсундирган. Бу давлатларни Амир Темур ўзининг "уч йиллик", "беш йиллик" ва "етти йиллик" урушлари даврида қўлга киритган.
Амир Темур салтанатни адолат ва қаттиққўллик билан бош-қаради. Унинг ўзи "Темур тузукларида" қуйидаги сўзларни келтириб ўтади "... давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим", деган сўзлари бунга ёрқин мисолдир. Соҳибқирон нафақат давлатчилик балки бунёдкорлик борасида ҳам буюк ишларини амалга оширди. Айниқса, пойтахт Самарқандда кўркам ва муҳташам бинолар, масжидлар, мадрасалар барпо этди. Испания элчиси Руи Гонсолес де Клавихо Амир Темурнинг бунёдкорлик ишларидан ҳайратда қолган. Амир Темур Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Дамашқ, Миср, Боғдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Унинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак атрофининг ободлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устун турмоғи лозим эди.
Шўролар ҳукмронлиги даврида Амир Темур шахси ва фаолиятига синфий нуқтаи назардан бир томонлама ёндашилди. Бу адолатсизликка истиқлолга эришганимиздан сўнг барҳам берилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг сайи ҳаракатлари билан Амир Темур ва у олиб борган улуғвор ишлар рўй-рост кўрсатиб берилди. Натижада соҳибқироннинг жаҳон тарихида тутган беқиёс ўрни ҳақиқий баҳосини топди, дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилди. Соҳибқирон Амир Темур ва унинг аждодлари томонидан яратилган тарихий обидалар, улкан маънавий мерос нафақат халқимизнинг, балки минтақамиздаги барча халқларнинг, бутун маърифий инсониятининг бойлигига айланди.
Президентимиз ташаббуслари билан Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг марказий майдонларига Соҳибқирон ҳайкали ўрнатилди.
Тошкентдаги Амир Темур ҳиёбонида "Темурийлар даври" музейи барпо этилди. Бундан ташқари, "Амир Темур" ордени таъсис этилди. ЮНЕСКО қарори билан Буюк Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги жаҳон миқиёсида кенг нишонланди.
Мустақиллик шарофати билан Амир Темур шахсига юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Ҳар йили соҳибқирон таваллуд топган кун юртимизда, айниқса, таълим муассасаларида ўзгача руҳда нишонланади. Бу албатта, ёшларимиз қалбида юртимизда яшаб ўтган буюк инсонларга, тарихимизга, озод ва обод Ватанимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Наргизахон ҚУРБОНОВА,
Андижон машинасозлик
институти ўқитувчиси,
тарих фанлари номзоди.
Ғайратбек ХАЛИЛОВ,
Андижон машинасозлик институти талабаси.
|