№14, 04.04.2013 ҚОНУН ВА ИЖРО
ИСТЕЪМОЛЧИ ЎЗ ҲУҚУҚЛАРИНИ БИЛИШИ КЕРАК
Бугун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг замирида энг аввало, инсон манфаатларини улуғлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш кўзда тутилади. Мазкур жараёнда барча хатти ҳаракатлар, фаолиятлар қонунлар асосида тартибга солинади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояланади.
Жумладан, истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қандай тартибга солинади, бу борада вилоятимизда қандай ишлар олиб борилмоқда? Шу ва бошқа қатор саволлар доирасида Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Андижон вилояти бирлашмаси раиси Эргашвой Қурбонов билан суҳбатда бўлдик.
- Айтингчи, бугун фуқароларимиз истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида етарли билим ва тушунчага эгами?
- Маълумки, Ўзбекистонда шаклланиб бораётган бозор иқтисодиётининг муҳим хусусиятларидан бири кучли ижтимоий ҳимоя саналади. Яъни, барча ислоҳотлар инсон, унинг манфаатлари учун эканлигини унутмаслигимиз керак. Айни шу нарса истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини муҳофазалайди. 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни бу борадаги муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу қонун 17 йил олдин қабул қилинган бўлса-да, бугун аксарият фуқароларимиз унинг мазмун-моҳиятидан, аҳамиятидан тўлиқ хабардор деб айта олмаймиз. Минг афсуски, юртдошларимиз истеъмолчининг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида етарли билимларга эга эмас. Шу сабаб ҳам кундалик ҳаётда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари камаймаяпти. Натижада фақат ўз манфаатини кўзловчи тадбиркорлар фаолияти кенгаймоқда, оддий фуқаро эса жабр кўрмоқда.
- Юртдошларимиз орасида ҳақ-ҳуқуқлари бузилган вақтда кимга, қандай мурожаат қилиш кераклигини билмайдиганлар жуда кўп. Шундай эмасми?
-Афсуски шундай. Яна бир жиҳати миллатимизга хос менталитет, одамларимизда андишанинг устунлиги. Маҳалла-кўй дейилади, кўз-кўзга тушади, шу арзимаган нарсага тортишмай деймиз-да, кўз юмиб кетаверамиз. Бунда биз ўз ҳуқуқимизни ўзимиз поймол этилишига йўл қўяётганлигимизни билмаймиз.
Ўтган йил давомида бизнинг Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Андижон вилояти бирлашмаси ва унинг жамиятларига 680 нафар истеъмолчилар ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилган. Ушбу мурожаатлар қонун доирасида ўрганилиб, жами 91 миллион 339 минг 800 сўм етказилган моддий зарар истеъмолчиларга қайтарилди. Бизга қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди.
- Шу ўринда муассаса фаолияти ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтсангиз?
- Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунида истемолчилар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ихтиёрий равишда истеъмолчилар бирлашмалари тузишлари мумкинлиги баён этилган. Шунга кўра, вилоятмизда бу каби жамият нодавлат нотижорат ташкилот сифатида 1998 йилда фаолиятини бошлаган. 2002 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, унинг тизимида вилоятларда Бирлашмалар, туман ва шаҳарларда эса уларнинг жамиятлари ташкил қилинди. Айни кунда вилоят бирлашмамиз таркибида 2 та шаҳар ва 14 та туман жамиятлари фаолият юритмоқда. Улар бугунги кунда корхона, ташкилот, муассаса ва ўзини-ўзи бошқариш органларида 545 та таянч гуруҳлари ташкил этган ҳолда 24844 нафар кўнгиллилар билан ўз фаолиятини олиб бормоқда.
-Уларнинг мақсади ва ўз олдиларига қўйган асосий вазифалар нималардан иборат?
- Етарли даражада билим ва тушунчага эга эмаслигимиз сабаб истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларимиз поймол этилиши мумкин. Шу боис, истеъмолчилар ҳуқуқлари, уларнинг бурч ва масъулиятлари хусусида омма орасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, социологик сўровлар ўтказиш ҳамда ички истеъмол бозорига сифатсиз, истеъмолга яроқсиз, инсон саломатлигига зиён келтирувчи маҳсулотлар кириб келинишининг олдини олиш борасида мониторинглар ўтказиш каби муҳим тадбирларни амалга ошириш улар олдидаги асосий вазифалар ҳисобланади. Шунингдек, жамиятимиз аъзолари - кўнгиллилар аҳолининг фаол кишилари бўлганлиги учун халқнинг дардини яқиндан ҳис этадиган муҳим бўғин саналади. Мухтасар қилиб айтганда, Жамиятимизнинг асосий мақсади, истемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали халқ манфаатлари устиворлигини таъминлашдир.
Суҳбатдош:
Моҳидил
МАМАСОЛИЕВА.
|