№14, 04.04.2013 МУЛОҲАЗА
КОМИЛ ИНСОН ТАРБИЯСИ
Халқимиз болажон халқ. Оилада фарзанд туғилса, байрамдек кутиб олади. Хоҳ қиз, хоҳ ўғил бўлсин, унга умр тилаб, Яратганга шукроналар келтириб, дуолар қилинади.
Фарзанд - оила, насл давомчисидир. Шу боис, фарзанднинг соғ-саломат, бахтли, баркамол инсон бўлиб ўсиши, келажакда эл-юрт, маҳалла-кўй ишига камарбаста, руҳан тетик ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши, айниқса, одоб-ахлоқли бўлиб улғайишига алоҳида эътибор қаратилади.
Айни кунда мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлод тарбиясига, келажагимиз эгаларини дунёга келтирувчи хотин-қизлар соғлигини мустаҳкамлашга кўрсатилаётган катта эътибор миллат равнақига бўлган чуқур ҳурмат ифодасидир. Жойларда хотин-қизларни соғломлаштириш мақсадида йил давомида тиббий кўриклар ташкил қилинмоқда. Айниқса, туғиш ёшидаги аёллар саломатлигини тиклаш, соғломлаштириш ишлари изчил олиб борилмоқда. Бундан асосий мақсад, келажак авлодни соғ-лом, оилаларимиз мустаҳкам, туғилажак фарзандларимиз оқилу, доно бўлишлари кўзда тутилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни ва роли муҳимдир. Зеро, ота-онанинг тўғри тарбиясини олган, меҳр-мурувват кўрган фарзанд ҳеч қачон ноқобил бўлмайди.
Оилавий муҳит - фарзанд тарбияси, унинг дунёқараши шаклланишида ўта муҳим аҳамиятга эга. Чунки оиладаги эр-хотин муносабатларининг самимийлиги, оилавий хотиржамлик, ота-она томонидан фарзандга тўғри тарбия беришда жуда қўл келадиган жиҳатлардир. Фарзандларни тенг кўриб, катта-кичикни ҳурмат қилиш, ростгўй бўлиш, бировнинг ҳаққига кўз олайтирмаслик сингари инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, шу билан бирга, Ватанга муҳаббат туйғусини қалбига сингдириш, қолаверса, илмли, ҳунарли, касб-корли, сабр-тоқатли бўлишига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.
Тарбия жараёнида Шарқ маданиятининг ўзига хос жиҳатлар, Навоий, Беруний, Мирзо Улуғбек, Бобур сингари улуғ алломаларимиз ҳаётидаги ибратли жиҳатлардан намуна сифатида фойдаланишимиз шубҳасиз, ижобий натижалар беради.
Шундай экан, фарзанд тарбиясида ҳар қандай масалага, майда-чуйда, икир-чикирларга ҳам эътибор билан ёндошишимиз, тарбияни тўғри олиб боришимиз керак. Шундагина фарзандларимиз одоб-ахлоқли, фидойи, комил инсонлар бўлиб вояга етади.
Иқболой ҒАНИЕВА,
Андижон давлат тиббиёт
институти ўқитувчиси.
|