№14, 04.04.2013 ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР
САДОҚАТДА БЕНАЗИР ОНА
Офтоб тушиб турган сўрили айвонда бир онахон фариштадай бўлиб ўтирибди. Қўлидаги баҳорнинг илк чечагини кўзларига сурта-сурта шукрона айтмоқда.
Онахон тасаввур қилганимиздай жуда кекса эмас, балки нигоҳлари ҳамон ўткир, қулоғи эшитадиган, юзидан кулгу аримайдиган момолардан эди.
- Ҳеч ким умри қисқа бўлиб туғилмайди, уни ўзимиз қисқартирамиз, умримизни ўзимиз елга совурамиз. Агар ҳаётдан оқилона фойдаланилса, умр жуда узоқдир, - дейди момо.
Ҳа, ғанимат умридан оқилона фойдаланиб, юз ёшдан ошган Холисхон момо Ҳамдамова не кунларни бошидан ўтказмади. Юз ёшнинг машаққатларига бардош беришнинг ўзи бўладими?
Холисхон момо Ҳамдамова 1908 йили Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ қишлоғида туғилган. Болалигидан меҳнатга қайишиб ўсди. Ёрқишлоқда янги тузилган колхозларда ишлади. Онахон Йўлдошвой исмли йигит билан турмуш қурди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолиб, Йўлдошвой ҳам урушга кетди. Аёл тўрт ёшли ўғилчаси билан ёлғиз қолиб кетди.
Қишлоқдаги бошқа аёллар каби у ҳам далага чиқди. Дастгоҳларда бўз тўқиди.
Уруш йиллари, аҳолига атиги икки килограммдан буғдой берилиб, атала қилинарди. У даврларда ҳеч ким тўйиб овқат емас, қийинчилик, машаққат, тинимсиз меҳнат барчанинг тинка-мадорини қуритган эди. Ниҳоят, 1945 йилда уруш тугади, аммо Йўлдошвой акадан дарак бўлмади.
...Ўша пайтдаёқ эридан "қора хат" келган, лекин қайноғаси Қирғизвой ака ҳеч кимга билдирмаган, кўрсатмаган экан. Ундан бехабар аёл садоқат билан эрини кутаверган. Орадан неча йиллар ўтса-да, барибир қайтишига умид қилар, эшик "тириқ" этса, йўл қарарди.
Ёшлигида отасидан айрилган Қосимжон вояга етди. 50-йилларда Марҳамат шаҳридаги гидромелиорация техникумида ўқиди. Сўнг Жалақудуқ сув хўжалиги бўлимида 30 йил меҳнат қилди.
Мана, уруш тугаганига ҳам олтмиш йилдан зиёд вақт ўтди. Бироқ Холисхон момонинг урушдан орттирган қалб яраси ҳамон битмади. Баъзида онаизор кўзига ёш оларкан, ўксинибгина йиғлайди. Яна кўча эшикларига нигоҳ ташлайди - қалбида умид яшайди...
Холисхон момо невара-чевараларини ёнига ўтқазиб, ўтган кунларини сабоқ бўлсин, деб ҳикоя қилиб беради. Неваралар баъзида бундай эртакнамо ҳикояларга ишонса, баъзан ишонмайдилар. Лекин бувижонларининг матонатларига қойил қоладилар.
Онахон бир аср билан тенгдош бўлди ҳамки, аммо турмуш ўртоғини бир дам унутмади. Эридан қолган биргина ёдгорига меҳр бериб, қайта турмуш қурмади. Холисхон момо қишлоқнинг энг кекса ва мўътабар онахони. У садоқатнинг беназир тимсоли, фариштадай пок бўлиб, набиралар, чеваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
- Биз катта онамизни опа деймиз. Опам бизни ҳаётга ўргатди, - дейди момонинг неваракелини Қундузой. - Ширинсўз, бағрикенг она бўлган. Ҳозирда ҳам тетик. Эвараларини бешикка белаб, ёнига қўйиб берсак, алла айтиб, тебратиб ўтиради. Опамнинг ҳаёти биз учун ибрат мактаби, десак хато бўлмайди. Опам ҳаммамизнинг ҳаққимизга дуо қилиб, яхши ниятлар билан яшайди. Хонадонимиз ҳам шу опамиз туфайли файзли ва баракотли десам, янглишмайман.
Ҳа, пири-бадавлат онахон нафақат хонадоннинг, балки бутун маҳалланинг, қишлоқнинг файзидир. Кўпчилик уни йўқлаб, дуоларини олишади.
Фариштамисол онахонга боқиб туриб, кўнгилдан ушбу мисралар ўтади, гўё айнан бу сатрлар онахон учун битилгандай:
Сочлар бўлди оқ-оппоқ ипак,
Юзда ажин қатма-қат печак.
Она эса қўлин дуога очиб,
Қилаверар энг яхши тилак.
Йиллар кутди, тонглар отмади,
Ҳамма қайтди, ёри қайтмади.
Чинор бўлди ниҳол-новдалар,
Умр ўтди, лек дард унут бўлмади.
Соҳибахон ҲОШИМОВА
|