№14, 04.04.2013 БИДЪАТЧИЛАР ДИНИМИЗДАН ЭМАС
Ислом дини шундай улуғ ва покиза динки, у эътиқод қилган ҳар бир инсонни жаҳолат ботқоғидан маърифат, ҳидоят йўлига олиб чиқади. Бунинг учун эса инсон эзгу ишларга камарбаста, ҳақ ва ҳидоят йўлини тутмоғи лозим.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): " Менинг умматим 73 та фирқага бўлиниб кетади, шулардан фақатгина биттаси ножат топувчи фирқа бўлади. Мана шу ножат топадиган фирқа менинг суннатимни маҳкам тутган -Аҳли суннат вал жамоатдир " деган мазмундаги ҳадис орқали ножат, бахт-саодатга эришиш йўлини баён этади.
Бугун истиқлол шарофати билан юртимизда динимизга, эътиқод қилувчиларга жуда кенг имкониятлар яратиб берилган. Намоз ўқиймизми, ҳаж сафарига борамизми, умуман, барча шарт-шароитлар яратилган. Бунинг учун Аллоҳга беадад шукрлар айтсак арзийди. Шундай бўлса-да, айрим масалаларда, баъзи бир етарли илмга эга бўлмаган, ҳаттоки, исломий саводи йўқ кишилар аниқ ва мустаҳкам манбага асосланмаган, юзаки асосларга таяниб, ҳатто гуноҳ бўлишлигини ўйламай ана шу масалалар юзасидан ноўрин ва юзаки жавоблар айтиб, фуқароларимиз, айниқса, ёшлар ўртасида нотўғри фикрлар келиб чиқишига сабаб бўлаётганлиги ачинарлидир.
"Ваҳҳобийлар", "Хизбут-таҳрир" ва бошқа шу сингари ўз олдиларига ғаразли мақсадларни қўйган диний-экстремистик оқимлар аслида Исломга ётдир. Улар динни ниқоб қилиб олиб, ўзларининг қора ниятларини амалга оширишга, бойлик орттиришга, жамиятда ҳукмронлик қилишга интиладилар. Муборак ҳадиси шарифда айтилган адашган фирқалар айнан ана шулардир.
Муқаддас Қуръонда исломнинг тинчлик ва эзгулик дини эканлиги хусусида жуда кўп оятлар бор: "Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, яъни ўлдиришдан бош тортса, демак,барча одамларга ҳаёт берибди" ( Моида сураси, 32-оят). Яна бир ояти каримада "Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, ер юзида бузғунчилик жиноятлари қилманглар" (Бақара сураси, 60-оят) дейилади.
Демак, исломда тажовузкорлик, террор, инсонларга зиён етказиш қатъий қораланади. Ўзларини дин пешволари санаб, номаъқул ҳаракатларни содир этаётган юқоридаги кимсалар наҳотки ана шу оятлар мазмун-моҳиятини англаб етмасалар? Бундан кўриш мумкинки, аслида уларнинг нияти қора, мақсадлари бузғунчиликдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай адашган фирқалардан ўзи асрасин ва бу адашганларни ҳам ўзининг ҳидоят йўлига бошласин. Барчамизни мана шу тўғри - ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Озод ва обод Ватанимизни турли бидъатчи ва фитначиларнинг зиёнларидан сақласин.
Муҳаммадюсуф
ОНАРБОЕВ,
"Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.
МЕҲМОНДЎСТЛИК
Исломда барча инсоний фазилатлар қатори меҳмондўстлик ҳам ҳамиша юксак қадрланган. Чунки, меҳмондўстлик мўминга хос хислат бўлиб, одамлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, андиша сингари алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилган. Меҳмонга эҳтиром кўрсатиш мўъминнинг Аллоҳга ва охиратга бўлган иймон-эътиқодининг аломатидир. Шу сабабли Ислом ахлоқи мўминларни меҳмондўст бўлишга тарғиб қилган.
Иброҳим алайҳиссаломнинг Қуръонда васф қилинган меҳмондўстлигидан ибрат олган мўминлар меҳмонни очиқ чеҳра билан, салом бериб қарши олишлари, унинг ҳурматини жойига қўйиб, ҳақларини адо этишлари лозим.
Меҳмон эҳтиёж юзасидан келган бўлса, уни ортиқча саволлар билан қийнамай, эҳтиёжини баён қилишга имкон бериш керак. Гапларини диққат билан тинглагач, уни ҳижолатга қўймай, имкон қадар ҳожатини бажаришлик лозим. Меҳмон кутиш борасида риоя қилиниши керак бўлган одоблардан бири - меҳмонга дастурхон тузаш ва уйдаги энг яхши неъматларни дастурхонга тортишдир. Меҳмонни овқатланиш учун ортиқча мажбурламаслик керак. Ширин суҳбат асносида мезбонлик одоби, оилавий анъаналар хусусида фикр алмашиш лозим. Меҳмоннинг ўзи дастурхонни йиғиш тақлифини бермагунча дастурхон йиғмаслик лозим.
Ўз ихтиёри билан меҳмон чақириш борасида амал қилиниши зарур бўлган қоидалардан бири меҳмондорчиликнинг шариат доирасида ва таклиф қилинган меҳмонларнинг кимлар эканлигига алоҳида эътибор қаратишдир. Бу ҳакда Пайғамбаримиз (с.а.в)шундай деганлар: "Мўъмин кишилар билан дўст бўл ва таомингни фақат тақводор кишиларга егиз".
Ислом таълимотида мўъминлардан талаб қилинган меҳмондўстлик мақтаниш ва риё мақсадида, кишиларнинг бой-камбағаллигига қараб табақаланмаслиги керак. Аксинча, меҳмонлар фақир, муҳтож бўлса, уларни меҳмон қилиб сийлаганлиги учун савоб берилишини унутмаслик лозим.
Орамизда шундай кимсалар борки, уйларига келган одамни танисалар ҳам зўр-базўр эшик очадилар. Уйга киритишга мажбур бўлганда эса, ташриф буюрган киши билан истар-истамай гаплашиб, малол келганини яширмайдилар. Уй эгасининг носамимий муомаласи, албатга, меҳмонлар дилини оғритиб, келганлиги учун пушаймонлик ҳиссининг ортишига сабаб бўлади. Шунингдек, бу каби жоҳил кимсалар меҳмоннинг мавқеига қараб муомала қиладилар.
Хулоса қилиб айтганда, инсонлар орасида яхши муносабатлар, чиройли суҳбатлар, самимийлик, оға-иничилик ва биродарлик фазилатларининг ортиб бориши фақат Қуръон илми билан камол топиш орқали вужудга келади. Бу борада меҳмондорчилик ахлоқ-одоблари ҳам алоҳида ўрин тутади.
Аллоҳ барчаларимизни шариатимизда белгиланган, қолаверса, инсоний ахлоқ-одоблар асосида меҳмон кутадиган хушхулқ бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.
Санжарбек
БАҲРИТДИНОВ,
"Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.
|