Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№15, 11.04.2013

ҲАЁТ САБОҚЛАРИ

ОЛИҲИММАТЛИЛИК

Ҳаёт ажойиб сир-синоатларга, ажабтовур воқеаларга тўла. Кўпинча ишга бориб келишда йўлда учрайдиган танишлар билан бироз гурунглашишга, нотанишлар билан эса тасодифан суҳбатлашишга тўғри келиб қолади. Уларни тинглар эканман, орамизда олиҳиммат кишиларнинг кўплигидан шодланаман. Беихтиёр, ана ўшандай кишиларнинг хайрли ишларини қаламга олгим келади.

... Бир куни ишдан қайтаётиб, автомашиналардан бирига ўтирдим. Кеч бўлиб қолгани учун машиналарда одам кам. Шу пайт, ёш боласини бағрига босиб ўтирган бир аёлнинг ҳаракатлари диққатимни тортди. У қўлидаги қизалоқни маҳкам қучар, жажжи юзларидан ўпар, эркалатиб, яна бағрига босарди. То манзилимга етиб боргунимга қадар, аёл билан суҳбатлашгим келди.

- Қизчангизнинг ёши нечада? - деб сўрадим ундан.

- Бир ярим ёшга кириб қолди, - деди у ва қўшиб қўйди - кичкинтой менинг фарзандим эмас...

Ҳайрон бўлиб қараб турганимга, аёл изоҳ беришда давом этди:

- Бу қизчанинг онаси аслида менинг синглим. Бундан бир ярим йил аввал опа-сингил бир вақтда фарзандли бўлдик. Менда икки нафар ўғил бор эди, учинчим ҳам ўғил бўлди. Синглим эса қиз кўрди, аммо у оғир хасталикка чалиниб қолди. Чақалоқни ҳам парваришлолмади. Кейин шифокорларнинг тавсиясига кўра, синглимни турмуш ўртоғи даволатгани олис шаҳарга олиб кетди.

Оилада биз бор-йўғи икки нафар фарзандмиз. Иккимиз ҳам икки тарафга турмушга чиққанмиз. Синглимни даволатгани олиб кетишдан аввал, ёш гўдакка қараш ҳақида гап кетганда, бошимиз қотди. Шунда қайнонам ҳеч иккиланмай: "Нимага ўйланасизлар, болага ўзимиз қараймиз. Ўз болангиз қатори, синглингизнинг қизчасини ҳам ўзингиз парваришлайверасиз", - деди.

Бу таклифдан тўғриси, ичимга сиғмай кетдим. Ёши улуғ одамнинг бори яхши-да, дарров тўғри йўл кўрсата олади. Аслида, ўзим ҳам болани олиб қолсам, синглим у ерда хотиржам даволаниб келарди, дея хаёл қилгандим.

Хуллас, қайнонамнинг ёрдамлари билан икки бешикда икки болани гўё эгизаклардай парвариш қила бошладик.

Синглим билан тез-тез қўнғироқлашиб турардик. Ҳар гал ундан ҳол сўраганимда, ижобий томонга ўзгаришлар борлигини айтар ва албатта, қизалоғи ҳақида сўрар, саломат катта бўлаётганини эшитгач, менга ва қайнонамга қайта-қайта миннатдорчилик билдирарди.

Қайнонам эса менга доим эслатиб турарди:

- Болага кўкрак тутаётганингизда, кўпам меҳр берворманг. Ахир, эрта-кеч уни ўз онасига қайтарасиз-а...

Унинг гапларидан яхши ниятларни англардим, яъни синглим тузалиб, соғ-саломат бўлиб қайтиб келса, боласини бағрига босиб, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб, яна аввалгидай бахтли ҳаёт кечиришади дея... Шундан кейин қайнонамга аввалгидан-да меҳрим ошди, Яратганга беҳад шукр келтирдим.

...Ниҳоят, мана, бугун хаста синглим дарддан фориғ бўлиб, ўз уйига қайтди. Ҳозир мен қизалоғимни севинч билан онажонисига олиб кетяпман. Лекин билмадим, синглимга-ку шодлик улашаётганимдан ўзим ҳам қувонарман, аммо кичкинтойимга меҳрим ҳам тушиб қолган эди, буёғига қандай чидайман экан?..

Ҳа, дунёда яхши инсонлар кўп. Айниқса, кўпни кўрган ёши улуғ онахонларимизнинг кўрсатаётган ҳимматларига, хайрли ишларига тасаннолар айтгинг келади. Шу ўринда, опа-сингил ўртасидаги риштани янада мустаҳкамлашга бош қўшган, ўз вақтида ёрдамини аямаган қайнонанинг олижаноблигига ҳавас қилдим.

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА,

Булоқбоши тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди