Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№15, 11.04.2013

ИХЛОСДА ҲИКМАТ КЎП

Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда Унинг дийдорини кўриш умидида бўлган инсон охират ҳисоб-китобидан нажот топиб савобга эришиш ва Яратганнинг розилигини топиш учун Тангри таолога холис ибодат ва яхши амаллар қилмоғи керак. Бунга эса чин ихлос билан эришилади.

Ихлос амаллар қабул бўлишининг асосий шарти ва Тангрининг розилиги боисидир. Ихлос - амални фақат Аллоҳ таоло учун қилиш, ёмонликни фақат Аллоҳ учун тарк этиш, умуман, ҳар ишни Унинг розилиги учун бажаришга айтилади. Бу ҳақда Ҳақ таоло ўз каломида дебдур: "Улар фақат Аллоҳга ибодат қилишга, динларида ихлосли бўлишга, ҳанифалардан (тўғри йўлга юришга) бўлишга, намозни тўкис адо қилишга ва закот беришга буюрилдилар" ("Баййина" сураси, 5-оят).

Киши адо этган ибодатлари ва бошқа хайрли ишлари учун Аллоҳдан мукофот кутмаслиги керак. Чунки кишининг ўзини ҳам, қилган ишини ҳам яратувчиси Аллоҳдир. Агар киши савоб олиш ёки азобдан қутилиш орзуси билан Аллоҳга итоат этса, бу том маънода ихлосли имон эмас. Тангри таоло учун қилинган озгина амал ихлос ила қилинса, бошқага қилинган кўп амаллардан яхшироқдир. Бироқ амали кўп бўлса-ю, Аллоҳ учун бўлмаса, ундан кишига савоб йўқдир.

Барча соҳада ишини сидқидилдан ихлос билан бажарган банданинг дунёда ҳам, охиратда ҳам юзи ёруғ бўлади. "Ихлоссиз бажарилган ибодат жонсиз жасадга ўхшайди", демишлар.

Ихлос ва унинг фазилатлари ҳамда хосиятлари ҳақида улуғ донишмандлар дебдурлар: Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий: "Илмнинг ҳаммаси дунёдир. Охират эса унга амал қилишдир. Ихлос билан қилинганидан бошқа ҳамма амал беҳудадир". Абулқосим Кушайрий: "Ихлос - тоатда Аллоҳ таолонинг якка Ўзини қасд қилиш. Тоатдан мақсад Аллоҳга яқин бўлишдир. Маҳлуққа кўриниш учун ёки инсонлардан мақтов эшитиш, муҳаббатини қозониш кабилар учун эмас".

Ривоят қилибдурларки, бир қиш куни Жунайд Боғдодий ҳазратлари йўлда кетаётса, бир чеккада қушларга дон бераётган мажусийни учратиб қолибди. Жунайд Боғдодий мажусийга қараб: "Эй, мажусий! Сен бу ишинг билан ўзингча савоб иш қиляпман, деб ўйлаяпсанми? Сен бекордан бекорга ўзингни алдаяпсан. Аллоҳ таоло қулларига аввал имонни фарз қилмишдир. Хайр-ҳасанотни эса кейин буюрган. Имон келтирмагунингча сенинг бу ишларинг Ҳақ таоло даргоҳида қабул қилинмайди", дебди. Шунда мажусий: "Қабул бўлмаслигини мен ҳам биламан, лекин шуни айт-чи менга, Аллоҳ менинг бу ишларимни кўриб, билиб турмайдими?" - деб сўрабди ва "Албатта кўради, билади", деган жавобни олган мажусий: "Ундай бўлса шунинг ўзи менга кифоядир", - дея ишида давом этибди.

Орадан анча вақт ўтиб, Жунайд Боғдодий ҳазратлари ҳаж мавсумида Каъбатуллоҳни тавоф этаётиб, бир зотга кўзи тушади. Яқин бориб қараса, бу йиғлаб дуо қилаётган киши бир вақтлар йўл устида тортишиб қолган мажусий экан. Тавоф қилиб бўлгач, халиги зотнинг олдига борибди. Мажусий ҳам уни дарҳол танибди ва шундай дебди: "Мана, Аллоҳ кўрди ва билди".

Мажусий шу жойнинг ўзида руҳини Ҳаққа таслим этибди. Жунайд Боғдодий ҳазратларининг эса қулоғига шундай бир нидо эшитилибди: "Эй, Жунайд! Сен Байтуллоҳни орзу этиб келгандинг, унга қовушдинг. У мени орзу этиб келганди менга қовушди. Бир мажусий оташпараст муборак ойларда Аллоҳ ризоси учун ихлос ва холислик ила қилган кичик бир хайрли иши сабаб бундай мартабага эришди".

Тангри таоло ихлосли бандалари учун Жаннатдан жой беришини ваъда қилиб ўз каломида дебдур: "Аллоҳнинг шундай ихлосли бандалари борки, айнан ўшалар учун маълум ризқ, турли мевалар бўлур. Улар иззат-икромдадурлар, неъмат боғларида, сўрилар устида бир-бирларига рўбарў бўлиб ўтирурлар. Уларга оқин чашмадан қадаҳлар айлантирилур. Ичувчилар учун лаззатли, оппоқ (қадаҳлар)дир (улар). Унда (шаробда) ақлдан оздирувчи нарса бўлмас ва улар ундан маст бўлмаслар. Яна уларнинг олдиларида нигоҳлари (бегонага қарашдан) чегараланган кенг ва катта кўзли (ҳур қизлар)лар бўлур" (Вас-соффат" сураси, 40-48-оят).

Банда Яратгандан ихлос ила нимаики сўраса, беради. Фақат ижобати бироз кечикиши ёки охиратга қолиши мумкин. Шундай ҳолларда "Дуо қилдим, ижобат бўлмади", - дейиш ўрнига ихлос билан дуода бардавом бўлмоқ бандаликнинг шартларидандир.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб дебдурлар: "Хушуъ бўлмаган намозда, кераксиз нарсалардан сақланмасдан тутилган рўзада, қироат билан ўқилмаган Қуръонда, гуноҳлардан тийилмасдан қилинган яхши амалда, сахийлик билинмаган молда, жиддий боғланмаган дўстликда ва ихлос бўлмаган дуода яхшилик йўқдир".

Демак, ихлосда ҳикмат кўп. Киши ихлос орқали наинки охират, балки шу дунёнинг ўзидаёқ манфаат топади. Шундай экан, Яратган барчаларимизнинг қалбларимизга ихлос неъматини ҳамроҳ қилиб, икки дунё саодатига эриштирмоғини тилайлик.

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди