№19, 09.05.2013 ФАХРИЙЛАРГА ЭТҲИРОМ КЎРСАТИЛДИ
Хотира ва қадрлаш куни олдидан Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши, Андижон шаҳар ҳокимлиги, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон фахрийларни ижтимий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси шаҳар бўлими ҳамкорлигида "Озод юртнинг обод гўшалари" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўтган аждодларимиз хотирасини, халқимизнинг миллий қадриятларини улуғлаш, ёш авлодни ана шу қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган мазкур тадбирда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
- Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, кексаларимизни, хусусан, иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларини эъзозлаш, ўтганларнинг руҳи покларини ёд этиш, - дейди Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши девон раҳбари Абдуқуддуз Абаев.- Бу орқали ёш авлод қалбида тарихга, миллий қадриятларимизга ҳурмат, эртанги кунга теран нигоҳ билан қараш туйғуларини мустаҳкамлаш, юртимиз озодлиги, тараққиёти йўлида ота-бобларимиз томонидан босиб ўтилган машаққатли йўл, уларнинг жасорат ва матонатларини кенг тарғиб этишдир.
Тадбир иштирокчилари - нуронийлар 1 майдан 10 майга қадар вилоятда ўтказилаётган ободонлаштириш ўн кунлиги доирасида Андижон шаҳридаги қабристон ва зиёратгоҳларда олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишдилар. Хусусан, тадбир қатнашчилари, "Миллий тикланиш" партияси "Ёшлар қаноти" вакиллари томонидан Андижон шаҳридаги "Ўразон тепа" қабристони, "Такавой ота" зиёратгоҳида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Шундан сўнг тадбир қатнашчилари шаҳар марказидаги Хотира майдонидаги "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар.
Якунда бир пиёла чой ташкил этилиб, уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига ташкилотчилар томонидан совға-саломлар тарқатилди, уларга эҳтиром кўрсатилди.
Фахриддин
ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|