№19, 09.05.2013 СУРОНЛИ ЙИЛЛАРНИ ХОТИРЛАБ...
Орамизда иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида меҳнат қилган, эр-йигитларнинг ғалаба билан қайтишлари учун жасорат, фидойилик кўрсатган аёллар борки, улар ҳамиша эл ардоғида яшайдилар.
Избоскан тумани, Пойтуғ шаҳри, Қобулов кўчасида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Офтобхон момо Қаҳҳорованинг ёшлиги, ўсмирлиги айнан ана шу оловли йилларга тўғри келган. Онаси Оминахон ая 11 нафар фарзанд кўрган бўлса-да, улардан фақат мана шу биргина қизи бағрини тўлдириб яшаб қолди. Ота-онаси билан далада меҳнат қилиб катта бўлган қизалоқ болалиги, ўсмирлиги билан жуда эрта хайрлашди.
Уруш бошланган йили Офтобхон она эндигина 13 ёшга кирганди.
- Далада қаттиқ меҳнат қилдик, - дейди онахон ўша суронли йилларни хотирлаб. - Онам билан қурт боқардик, ғўза чопиғидан тортиб, пахта теримигача тиним билмасдик. От-арава миниб, эркаклар қиладиган ишларни бажаришга мажбур эдик. Тупроқ ташиган ҳам, закан ковлаган ҳам нозик жуссали қизлар, аёллар эди. Ўша уруш йилларидаги қийинчилик, оғир кунларимиз биргина душман устидан қозонилган ғалаба билан унутилди, гўё.
Офтобхон она урушдан кўкси орден ва медаллар билан қайтган Шаробиддин ота билан турмуш қуришди. Тўйлари ҳам урушдан кейинги оғир йилларга тўғри келди. Онахон бирин-кетин икки фарзандли бўлганида турмуш ўртоғи яна, тўрт йил Ватан хизматига отланди. Бошига беланчакни қўйиб, қўлида чақалоғи, ёнида катта ўғли Рустамжонни етаклаб, дала ишига шўнғиб кетди.
Бешафқат ҳаёт бу ёш оилани кўп синовлардан ўтказди. Ҳар қандай қийинчиликни сабр, бардош билан енгиб ўтдилар. Турмуш ўртоғи ҳарбий хизматдан соғ-омон қайтди. Улар бахтли ҳаёт кечиришди. 14 нафар фарзандли бўлишди. Шулардан уч нафари пешонасига сиғмади. Қолган 11 нафари униб, ўсиб, камол топдилар.
Шаробиддин ота ва Офтобхон она болаларининг ҳаммасини оёққа турғазиб, ўқитиб, олий маълумотли қилишди. Уйлаб-жойлашди. Шу боис ҳам улар эл-юртда эъзоз, ҳурмат топди.
Ҳар йили давлат томонидан фронт ортида меҳнат қилган фахрий сифатида сиҳатгоҳларда дам олиши учун онахонга бепул йўлланма берилади. Қолаверса, туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан Офтобхон момо каби барча уруш ва меҳнат фахрийлари йўқлаб, қадрланмоқда.
Офтобхон она 1994 йилда "Шуҳрат", 1995 йили эса 1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган "Ғалабанинг 50 йиллиги" юбилей медаллари билан тақдирланган.
Уруш ва меҳнат фахрийси Шаробиддин ота 87 ёшида оламдан ўтди. Офтобхон она бугун табаррук 85 ёшда. 32 набира, 28 чевара унинг атрофида парвона. Бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналар келтириб умургузаронлик қилмоқда.
Ҳа, инсон умри дарёга ўхшайди. Унинг не-не ирмоқлари бор. Улар турфа хил тақдирларни эсга солади. Ирмоқлар қўшилиб, дарёга ҳаёт бағишлайди. Офтобхон онанинг умри ҳам сиртдан қараганда сокин, лекин бағрида жўшқинлик асрайдиган азим дарёдир.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
Суратда: О. Қаҳҳорова.
|