№19, 09.05.2013 ОДАМ САВДОСИ
ЗУЛМАТДА ЎТГАН КУНЛАРИМ...
Траффик, яъни одам савдоси деб аталмиш жиноят кўлами йилдан-йилга ортиб бормоқда. Афсуски, унинг домига тушиб қолаётганлар ичида хотин-қизларнинг кўпайиб бораётганлиги ачинарлидир. Яқинда тегишли идораларнинг саъй-ҳаракати билан одам савдоси қурбонига айланган бир гуруҳ қизлар юртимизга қайтди. Улардан бирига Андижон шаҳридаги "Меҳримиз Сизга" маркази томонидан ижтимоий, руҳий ёрдам кўрсатилди. Марказда қўним топган Моҳира (исми ўзгартирилган) исмли қиз билан суҳбатда бўлдик. У бошидан ўтган аянчли воқеаларни минг бир истиҳола билан айтиб берди. Қизнинг розилиги билан кўрган кечирганларини баён этмоқни лозим топдик. Зора унинг аянчли тақдири бошқаларга ибрат бўлса, осон пул топиш илинжида юрган айрим юртдошларимиз ана шу қиз сингари билиб-билмасдан кимларгадир эргашиб, одам савдоси қурбонига айланиб қолмасин.
Моҳира "Меҳрибонлик уйи"да вояга етди. Улғайиб мактабни тамомлагач, олийгоҳга ўқишга кирди. У талаба бўлди. Қизгина бу қувончни болалар уйидаги онасидай бўлиб қолган тарбиячиси Карима опа билан бўлиша олди, холос. Карима опа унга кейинги ҳаётида омад тилади, керакли маслаҳат ва ўгитларини аямади.
***
Моҳира олийгоҳ ётоқхонасига жойлашди. Ўқиш давомида ўзининг тиришқоқлиги, ўткир зеҳни билан ҳурмат топди. Илк муҳаббатини учратди.
Сардор унинг қалбинигина эмас, бутун ҳаётини ҳам забт этди. Ўқишнинг 3-босқичида эса Моҳира Сардорнинг қистови ва ёрдами билан у топган ижара хонадонга кўчиб ўтди. Уй эгаси олис сафарда, бунинг устига уйга қаров кераклиги учун йигит қизга уйнинг калитини топширди. Аввалига шунчаки хабар олишлар кейинги давомли учрашувларга айланди. Бутун инон-ихтиёрини йигитга топширган қиз алданганини кеч англади. У бошини қай деворга уришини билмай унсиз фарёд чекди.
***
"Бас! Ҳаммаси тамом! Ўқиш ҳам, чиройли оила ҳақидаги орзу ҳам тугади! Нима қолди мен учун? Ҳеч нима. Топталган номус, чиммат тортилган орзулар... Нега, ким учун яшаяпман? Кимга керакман? Ҳеч кимга!".
Моҳира ўзи билан ўзи хаёлан сўзлашиб кетаркан, етар манзилини билмасди. У телбага ўхшарди. Шу вақт... машиналар "шов-шув"и ярқ этиб, кўзини очгандек бўлди. Қиз миясига келган фикрни қарор деб қабул қилди.
***
Ўзингизга келдингизми? - кимнингдир мулойим овозидан Моҳира кўзини очди. Тепасида чиройликкина аёл майин жилмайиб турарди.
- Қаердаман? Сиз кимсиз? Қандай келиб қолдим бу ерга?.. - Моҳира уни саволларга кўмиб юборди.
- Вой. Бунча шошқалоқсиз? Менинг уйимдасиз. Машина йўлига чиқиб юбордингиз. Шукрки, машинани вақтида тўхтатиб қолдим. Бўлмаса нима бўларди ҳозир?..
Аёл меҳр билан сўзлаётгандек эди қизнинг назарида. Уй соҳибаси бир зумда дастурхон тузади. Иссиққина овқат олиб кирди. Тамадди баҳона улар танишиб олдилар. Моҳиранинг тақдирига ачинган аёл унга далда берди:
- Ҳаёт фақат муҳаббатдан иборат эмас. Сардорга ўхшаган номардлар қадамда учрайди. Ҳали ҳаётни ўрганмай туриб қоқилибсиз. Сизга энди тиргак, суянчиқ керак. Ёшсиз, чиройлисиз, сизга ўхшаган гўзаллар кўп иш қилишга қодир. Айтмоқчиманки, ҳали ҳаммаси олдинда, бардам бўлинг...
***
Моҳира ўша фалокат юз бериши керак бўлган кунда ҳаётини сақлаб қолган Гулмира опа билан қалинлашиб кетди. Ўзини тадбиркор деб таништирган бу чиройли жувон тез орада қизнинг ишончини қозонди. Моҳира ҳам ўқишдан бўш вақтларида аёлга уй ишларида ёрдам берар, гоҳида Гулмиранинг янги очган савдо маркази ишларига ҳам қарашиб турарди.
Кунларнинг бирида одатий суҳбат асносида аёл қизнинг кўнглига "қўл солди":
- Моҳира, фирмамиз яқинда хориждаги ҳамкорлар билан келишиб, Дубайда ҳам ўз филиалини очганди. Шунга... ўша ерда ишлагани сизни ҳам юборсамми, деб турибман. Нима дейсиз? - аёлнинг синчков нигоҳи қизга қадалди.
- Ростданми, Гулмира опа?! - Моҳира қувончини яширолмади. Аммо бир зумда бу шодлик тарқади:
- Аммо, опа, ўқишим-чи? Бунинг устига менинг, ҳатто йўлкирага ҳам пулим бўлмаса... - астойдил ўкинди у.
Гулмира эса унинг бу қадар тез рози бўлишини кутмагани боис, вазиятни қўлдан бермади:
- Вой, бу нима деганингиз? Ахир, мен сизнинг опангизман-ку?! Пул ҳақида қайғурманг. Йўл ҳақингизни мана, мен тўлайман-да! Сиз эса ишлаб кейин узаверасиз қарзингизни. Ўқишингизга келсак, "Академик таътил" оласиз-қўясиз. Шу ҳам муаммоми? Қайтиб келгач, ўқишни давом эттирасиз. Ана, кейин уй оласиз, ўз уйингиз, ишингиз бўлади...
Моҳира Гулмиранинг таклифига узоқ ўйламай рози бўлди. У ўзини енгил ҳис қиларди. "Наҳотки, хорижда ишласам? Яхшиям, тақдир мени шу меҳрибон аёлга рўпара қилгани! Мана, унинг беминнат ёрдами билан кўпчилик ёшлар орзусидаги ишга кетяпман-а! Бир йил ўтади-кетади. Яхши ишласам, қайтгач, ўқишни тугатаман, ўз уйим бўлади, янгидан ҳаёт бошлайман.
***
Тошкент аэропортида турган Моҳира кетаётганига ишонмасди. Гулмиранинг қораси кўрингач, кўнгли тинчиди. У ёлғиз эмасди. Ёнида Моҳира тенгқур икки қиз ҳам бор эди.
- Танишинглар, бу қиз Моҳира, - қизларни бир-бирлари билан таништирди Гулмира. - Булар эса Фахрия ва Нодира. Бирга ишлайсизлар. Ҳозир Дубайдаги савдо марказимиз бошқарувчиси келади. Бирга кетасизлар. Ҳужжатлар билан ҳам у шуғулланади. Шунинг учун паспорт сўраганида берасизлар.
Ўзига анча оро берган, ўрта ёшли бир аёл келгач, Гулмира қизларни унга топшириб, хайрлашди. Ўзини Олия деб таништирган бу жувон кўринишиданоқ жуда қаттиққўллиги билиниб турарди. Шунинг учунми, қизларнинг кўнглида бироз ҳадик пайдо бўлди. Қизлар самолётда учиб кетишаётиб, дўстлашиб олишга улгурдилар.
***
Дубай аэропортидан чиқишда уларни чиройли хориж автоси кутиб турарди.
Гўзал шаҳарнинг кўнгилочар манзаралари қизларни ҳайратга соларди. Ниҳоят, улар ресторанга ўхшаш бино қаршисида тўхтадилар. Олия опага сўз айтишга ботина олмаган қизлар қандайдир ҳадик ила аёлга эргашдилар. Улар кирган бинонинг биринчи қавати "Бар", иккинчи қавати эса ётоқхона эди.
Чоғроққина хонага аёлнинг ортидан кирган қизлар Олия опага савол назари билан қарадилар.
- Бугун дам олинглар, эртадан иш. Ҳозир кечки овқатни олиб келишади. Айтганча, паспортларингни беринглар, мен расмийлаштиришим керак. Саволлар борми?
Аёлнинг қатъий талаби, сўзлаш оҳанги қизларни чўчитдими, улар айтарли савол сўрамадилар.
***
Тонг саҳар кўзини очган Моҳира маза қилиб дам олгандай ҳис этди ўзини. Дугоналари уйғонганда, у аллақачон ювиниб, тараниб, кийимларини алиштириб бўлганди. Хизматчи олиб кирган нонуштадан қизлар хурсанд бўлишди. Аммо... бу мулозаматлар ортидаги қабиҳлик сира хаёлларига келмасди.
Хонага кириб келган Олия опа қизларга синчков нигоҳларини қадади:
- Демак, ҳаммангиз алоҳида-алоҳида хизмат кўрсатасизлар. Сен, Моҳира, шу ерда қоласан. Икковинг эса бошқа офисга кетасан. Тушунарлими?
- Нега? Бирга ишласак бўлмайдими? Мен бу ерда қандай иш қиламан? - каби саволларни Моҳира дасталаб ташлади.
- Жуда бийронсан-ку! - деди Олия опа унга юзланиб. - Буларнинг иш жойи бошқа. Сен эса менга кераксан. Бирга ишлаймиз.
Қизлар бир-бири билан хайрлашгач, уларни бошқа бир аёл олиб кетди.
Олия опа Моҳирага бошдан-оёқ разм соларкан, қиз хижолат бўлаётганини яширолмасди. Ниҳоят, аёл қизга қилажак ишини айтди. Моҳира "хизмати" ҳақида эшитди-ю, додлаб юборди. Ҳеч қачон рози бўлмаслигини, тегишли жойларга арз қилишини айтиб, уввос солди. Уни бепарво "тинглаётган" жувон эса масҳараомуз кулиб деди:
- Арз қиласан? Кимга, қаерга? Сен ўзингни шу тўрт девор ичидан чиқиб кета оламан, деб ўйлайсанми? Ҳеч қачон. Мен сени сотиб олганман. Ўша ишонганинг - Гулмирами? У сени менга пуллаганини билмайсанми? Дугоналаринг ҳам бошқа жойда сен қиладиган ишни қилишади. Индамай айтганларимга кўн. Акс ҳолда тиригинг экан, ўлигинг ҳам хор бўлади бу юртда. Паспортинг эса менда! Уни хоҳласам ҳозироқ йўқ қиламан. Паспортсиз сен ҳеч кимсан!
Моҳира қақшаб-қақшаб йиғлади. Ўзини, ишонувчан кўнглини лаънатлади. Қаршисидаги маккорага ялинди, ёлворди. Аммо бефойда... Ўзини ҳеч қачон сотмаслиги айтди:
- Хоҳласанг, ўлдир! Бироқ мен бу жирканч ишни қилмайман.
Олиянинг чақируви билан икки барзанги йигит кириб келди. Уларнинг бири додлаётган Моҳиранинг оғзига латта тиқиб, даст кўтарди-да, қоронғи ертўлага олиб тушиб қўйди. Эшикни орқасидан қулфлади. Қиз заҳ ва қоронғу хонага эшик тирқишидан тушаётган хира нурга талпинди. Аммо боши деворга урилди. Дағ-дағ титраганча, тиззаларини қучоқлаб, юм-юм йиғлади. Бақирди, ёрдам сўраб фарёд чекди. Лекин уни ҳеч кимса эшитмасди.
***
Уч кун туз тотмаслик қизни хушидан айирди. Олия шуни кутганди. Моҳира хонага олиб чиқилди. Ўзига келтирилгач, унга овқат берилди. Аммо Моҳира Олия кутганидек, тақдирга тан бермаганди. Шунда разолатга ботган аёл уни зўрлик билан кўндиришга аҳд қилди. Моҳира хали ўзини тўлиқ тикламасданоқ, фоҳишалик билан шуғулланишига мажбурланди. Қиз шўрлик эса ожизалиги учун ўкинди. Мижозларнинг кетма-кет "ташрифи", ялинишлар эвазига олинган калтаклар қизни ҳиссиз вужудга айлантирди. Орадан ўтаётган вақт эса уни тобора бахтсизликка кўмиб борарди... Гўё у кун-туннинг фарқига бормасди. Бир кунда бир неча киши билан бирга бўлишга мажбур эди.
Орадан анча вақт ўтгач, кўнгли беҳузур бўлиб, тинмай ўқчиётган Моҳира вужудидаги ўзгаришни пайқаб қолди: "Наҳотки, она бўламан? Бу бахтми, ё бахтсизлик?! Норасидани дунёга келтирсамми ёки?.. Йўқ, ахир, у вужудимда, мен билан яшаяпти. Аммо... отаси... Қандай шармандалик? Нима қиламан энди, агар фарзандли бўлсам у ёнимда, ҳамроҳим бўлар..."
Моҳира минг хил хаёлга борди. Тақдирини лаънатлади, яна ўзини овутди. Хуллас, бу янгиликни Олияга билдиргиси келмади, хабар топса, болани йўқ қилиши турган гап.
***
Мижозлардан бирининг шубҳали гапи Олияни бефарқ қолдирмади. Ўзи ҳам Моҳиранинг тўлишиб бораётганидан ҳадикда эди. Моҳира билан гаплашгач, гумонлари тасдиқланди. Қизнинг ялинишлари, тиз чўкиб ёлворишлари аёлга заррача таъсир қилмасди. Бироқ жувон бирдан "юмшади".
- Майли, Моҳира, мен розиман, - деди Олия. - Болани нобуд қилмаймиз. Уни дунёга келтиравер. Аммо ишингни тўхтатмайсан!
Унинг бирдан фикри ўзгаришида бошқа гап борлиги кейин маълум бўлди. Моҳира эса чақалоғининг дунёга келиши учун ҳамма нарсага тайёр эди. Бироқ бола туғилгунча, у кўрган хўрликлар камаймади...
Боласини сўраган Моҳирага Олия: "Бола ўлик туғилди!" - деди ҳиссизгина оҳангда. Моҳира ишонмай дод солди: "Тирик эди-ку! Йиғлади-ку, ахир? Ёлғон гапирманг, жон опа, ялинаман! Нима десангиз, розиман. Фақат боламни беринг, жон опа!"
Афсуски, унинг ёлборишларига ҳеч ким аҳамият бермасди. Ҳамма гунг ва кар эди, гўё. Хўрланиш, азоб-уқубатларнинг охири йўқдай эди.
...Олия Моҳирани йўқотишни истамасди. Негаки қиз кўҳликкина, "сердаромад" эди. Бола билан ўралашиб қолса, шу "фойда"дан қуруқ қолади. Бундан ташқари, чақалоқ туғилмай туриб, бировга "пулланган"ди.
Фарзандни дунёга келтириб, уни бағрига бирор марта босолмаган Моҳира алданганини яна бир бор ич-ичидан ҳис қилди. Энди у аввалгидан-да кўпроқ нафратланар, нима бўлса ҳам бу ердан қочиш йўлларини қидирарди. Аммо бу зулматдан қандай чиқиш мумкин?
Астойдил исталган умид рўёбини топиши бежиз эмас. Моҳира бир "мижоз"ини аврашга уринди. Унинг ўзбек тилини тушуниши қўл келди. Йиғлаб-йиғлаб, тақдирини сўзлаб берди. Ачинарли қисмат ҳақида эшитган "мижоз"нинг унга раҳми келдими, ҳартугул ёрдам беришга сўз берди. Лекин бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаслигини тайинлади.
Кейинги "ташриф"да "мижоз" Ўзбекистон элчихонасининг телефон рақамларини топиб келди. Унинг телефонидан қилинган биргина қўнғироқ ҳамма муаммони ҳал қилди. Тезкор гуруҳ ва элчихона ходимлари етиб келганда, афсуски, Олия қочиб бўлганди. Бинонинг пастки қаватидаги ресторан ёпилди, юқори қаватда норасмий фоҳишахона эса фош этилди. Моҳира каби қиз-жувонлар тегишли идорага олиб кетилди.
Элчихона ходимларининг ёрдами билан Моҳира ўз юртига қайтишга муваффақ бўлди. У қайтиб келди, аммо... Нозик жуссасида улкан аламлар, бир дунё ўкинчлар, қалбида ўчмас армон, вужудию, руҳида залворли гуноҳ билан қайтди. У одам савдосининг қурбонига айланиб, зулматга юз тутганди. Ишонувчан ва алданган кўнглида бир чимдим ёруғликка умид бор эди. У кўрган разолат, хўрликлар, уни аёл, борингки, одам қиёфасида қабул қилмаслик даҳшатлари бари кўз ўнгида кино тасмасидек ўтиб, соя каби таъқиб қиларди. Лекин юрагининг туб-тубидан отилаётган Ватанга қайтиш шукронасида ғубор йўқ эди.
Моҳира Ватан тупроғига юз-кўзларини босиб, узоқ ҳидлади. Тупроқ иси чиндан-да ёқимли эди. У шу турганча ўксиб-ўсиб йиғлади. Бу - зулматни тарк этиб, ёруғликка интилаётган меҳрга ташналик йиғиси эди...
Зилола
РАҲМОНОВА.
|