№19, 09.05.2013 ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРЛАШ ИНСОНИЙ БУРЧИМИЗ
Инсон Аллоҳ таоло яратган барча мавжудотлар ичида энг азизи ва мукаррамидур ва У Зот бандаларини бу дунёда турли қийинчилик ва мусибатлар билан имтиҳон қилади. Инсон эса ўз саботи ва қатъияти билан мана шу имтиҳондан муваффақиятли ўтса, албатта, Яратганнинг олий мукофотига сазовор бўлади.
Қуръони Каримда бу ҳақда қуйидагича марҳамат қилинади: "Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосилларини) камайтириш билан синаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад) ! Уларга мусибат етганда: "Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтгувчилармиз", - дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигори томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир ("Бақара" сураси, 155-157-оятлар).
Ушбу оятлар маъно ва мазмунидан келиб чиқиб, халқимиз ҳар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон, иккинчи жаҳон урушининг мислсиз даҳшатлари олдида эсанкираб, ўзлигини асло йўқотмади, мустаҳкам ирода, имон, Ҳақ таолонинг раҳматидан умидворлик уларга ҳар вақт ҳамроҳ бўлди ва келажакка умид билан яшади.
Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, бугун улуғ аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат - Ватан мустақиллигига эришилган нурли кунларда турибмиз. Истиқлол йилларида аждодларимизнинг хотираларини қадрлаш, юрт озодлиги йўлида жон-фидо қилган юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун қилинаётган эзгу амаллар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мана, бир неча йилдирки, 9 май - "Хотира ва қадрлаш куни" байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу инсон зоти, муқаддас ёди, умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган эҳтиром рамзидир. Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни адо этамиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат ҳамда ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.
Бу ҳақда Тангри таоло марҳамат қилиб айтади: "Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: "Эй, Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли Зотсан ("Хашр" сураси, 10-оят).
Бундан ташқари, ўтиб кетган марҳумларимизни доимо яхши сифатлари билан эслашимиз лозим. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу хусусда шундай деганлар: "Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар!"
Шариатда марҳумларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардан ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) шундай деганлар: "Сизларга қабрлар зиёратини таъқиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат қилаверинг, зеро у сизларга охиратни эслатади". Демак, қабристонга қадам ранжида қилган киши мушоҳада қилади. Ўтиб кетганларни хотирлаб, ҳаёт боқий эмаслигини, бажараётган амалларидан тўғри хулоса чиқаришни англайди.
Шу ўринда мозорларни обод қилиш ҳам муҳим ишлардан бири эканлигини унутмаслигимиз зарур. Агар биз аждодларимиз руҳларини шод айлаб, уларни кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан ибрат олади.
Қабристонни зиёрат қилишда қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим. Аввало, қабристонга кирганда: "Сизларга салом, эй қабр аҳллари", деб салом бериш ва йўл оралаб юрганда қабрларни босмаслик керак.
Зиёратда қабр олдига бориб, унга юзланиб ўтирилади. Лекин қабр силанмайди, ушланмайди ҳамда дод-вой солиб, йиғи қилинмайди, балки, қабрни зиёрат қилгани келган киши билса сураи Ёсинни ўқиши мустаҳаб (яъни, савоби улуғ). Чунки Пайғамбаримиз Расули Акрам (с.а.в.): "Кимки қабристонга кириб сураи Ёсинни ўқиса, шу куни қабристонда ётган марҳумларнинг азоби енгиллаштирилади ва ўқиган киши учун қабристонда ётган майитларнинг ададича савоб берилади", деб марҳамат қилганлар. Агар билмаса, Қуръондан билган сурасини ўқиб, марҳумлар руҳига бағишланади.
Яна шуни билмоғимиз лозимки, ўтганларнинг руҳларини шод қилишлик, нафақат уларга солиҳ амалларнинг савобини ҳадя қилиш билан, балки ёмон ва харом ишлардан тийилишлик, эзгу ва хайрли ишларни адо этишлик билан ҳам ҳосил бўлади. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Сизларнинг қилаётган амалларингиз қабрда ётган қариндошларингизнинг руҳига кўрсатиб турилади. Агар яхши амал қилиб юрган бўлсангиз, хурсанд бўладилар. Борди-ю, гуноҳ ишлар қилиб юрган бўлсангиз, ранжийдилар ва: "Эй, Аллоҳим, бизларни ҳидоятга бошлаганингдек, фарзандларимизни ҳам тўғри йўлга солмагунингча уларнинг жонини олмагин, деб дуо қилиб туришади".
Истиқлол йилларида улуғ аждодлар хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жон фидо этган юртдошларимиз руҳини шод этмоқ учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Ҳақиқатан, эл-юрт манфаати йўлида фидокорлик кўрсатиб, бугун қарилик палласида турган ота-боболаримиз меҳнати ва жонбозлигини қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг бурчимиздир.
Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни ўзининг хифзу-ҳимоясида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин, фарзандларимизга инсоф тавфиқ бериб, юртини, ота-онасини эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан қилсин. Барча ўтган марҳумларимизни ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айласин.
Зуҳриддин МУСАЖОНОВ,
Андижон шаҳридаги "Қорақўрғон"
жомеъ масжиди имоми.
Наврўзбек САМАДОВ,
Андижон шаҳридаги
"Холиқбердибой"
жомеъ масжиди имоми.
|