№19, 09.05.2013 ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА
УЙҒОНГАН ВИЖДОН
Беш ёшли Гўзалой қўшнилариникидан хомуш бўлиб чиқди.
- Асал қизим, сени ким хафа қилди? - сўради Қаноатхон.
- Ҳеч ким, - хўрсинди қизча.
- Алдаяпсан, кўзларинг айтиб турибди, йиғлабсан....
Аёл қизалоғининг малла сочларини силаб эркалади, бағрига босди.
- Асиланинг дадаси ка-а-тта қўғирчоқ олиб келди. Уни ҳар куни музқаймоқ егани олиб боради. Менинг дадам эса ухлагани, ухлаган....
Гўдакнинг бўғзидан отилган тўғён онаизорнинг юрагига кўчди, уни чок-чокидан сўкди. Бўғзига муштдек тош тиқилгандек бўлди. Кўзларидан ёмғир каби шошқатор ёш қуйилди. Тунов куни қизалоғининг боғчасига борган, байрам эрталигида қатнашганда, Гўзалойнинг ўртоқларини ялтироқ туфлиларию жимжимадор кўйлакларига ҳавас билан боқаётганини кўриб ичидан зил кетган эди. Бугун эса....
Гўзалойнинг жажжи қалби онасини "хафа қилиб қўйганини" сезди. У ялинчоқ нигоҳларини жовдиратганча меҳрибонига термулди. Она ва боланинг нигоҳлари бир зумгина тўқнашди. Она дарров кўзларини олиб қочди.
- Нима дейин, сенинг отанг ичувчи, бирор жойда ишламайди, ҳатто ота-онасининг пенсия пулигача тортиб олиб ичади, менинг топганим рўзғордан ошармиди? - дерди онанинг кўзлари.
- Дадамга нима бўлган ўзи?-дерди Гўзалойнинг нигоҳлари.
Ниҳоят Қаноат ўзини қўлга олиб, кўз ёшларини артди, зўр-базўр илжайди.
- Оппоғим, яқинда-чи, мен ҳам ишлагани Россияга бораман,-Гўзалойнинг юзларидан ўпди она ,- кўп пул топиб келаман, бўйинг билан тенг қўғирчоқ олиб бераман. Айиқча дейсанми, ялтироқ туфлими, "айланадиган" кўйлакми, нима хоҳласанг олиб бераман.
- Ойижон сиз бизни ёмон қўрасизми?
Фарзандининг кутилмаганда берган саволидан Қаноатнинг энсаси қотди:
- Нега ундай дейсан, шириним?
- Бўлмаса, Россияга бораман деманг, - қизча жажжи қўлчаси билан онасининг оғзини тўсди.
- Менга ҳеч нарса керак эмас, сиз ёнимда бўлсангиз бўлди. Ҳамма ишда ўзим ёрдам бераман. Сиз пиражкилар пишириб берасиз, мен мактабга олиб чиқиб сотиб келаман. Ҳисобни билиб олганман: минг сўмга 3 та пиражки бераман, шунақами? Майли, дадам ичса ичаверсин, биз билан бирга яшаса бўлади, уларни жудаям яхши кўраман. Пиражкининг пулидан озроқ дадамга ҳам берамиз-а,ойи? Бўлмаса боши оғриб қолади-ку. Катта бўлсам кў-ўп пул топиб, дадамни даволатаман. Ота-онасиз яшаш жуда ёмон!...
Шу пайт мўъжиза юз берди...
Она-боланинг суҳбатини тинглаб турган Жалилнинг юраги қаттиқ оғриди. "Ароққа пул топиб бер", дея Қаноатни ўдағайлашга хезланаётганини ҳам унутиб, бир неча йилдан буён биринчи бор ўз яқинларига меҳр билан термулди. Қандайдир куч унинг қалбидаги қаҳрни эритиб юборгандек эди. Негадир бош оғриғи ҳам тарқалиб, кайфияти кўтарилди, дунё кўзига гўзал, жуда гўзал кўриниб кетди. Қизалоғини бағрига босди, юз-кўзларидан ўпди, даст кўтариб айлантирди. "Бўлди қизим, ичмайман, ҳеч қачон ичмайман, ишга кираман, сенга қўғирчоқ олиб бераман, ҳар куни музқаймоқ егани олиб бораман ". Жалил бу сўзларни шундай изтироб билан айтардики, унинг кўнглидан кечаётган армонни ёш бола ҳам англади.
- Дадажон, йиғламанг, сиз яхшисиз, ўртоқларингиз ёмон. Улар сизга ароқ ичириб қўйишади.
Қизалоғининг кейинги гаплари Жалилнинг юрагини сел қилиб юборди. Шунда у яна бир нарсани англади. Англадию ўзидан ўзи уялиб кетди. Биринчи бор Қаноатдек умр йўлдош берган Аллоҳга шукур қилди. У аёлини арзимас баҳоналар билан бесабаб уриб, куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилса-да, аёли бирон марта ортидан қарғамаганди. Гўзалойга эса "Даданг жуда яхши одам, ўртоқлари уни ичириб қўйишади" дер эди. Гўзалойдаги отасига бўлган меҳрга дарз етказиб қўйишдан чўчирди. Фарзандидаги ўзига бўлган чексиз меҳр отанинг ҳамиятини, йигитлик ғурурини, мудраб бораётган виждонини уйғотган эди. Виждони уйғоқ инсон эса ҳар қандай машаққатни енгишга ўзида куч топа олади.
Орадан бир йил ўтди, Жалил эски ҳунари - автомобилларни тузатиш устахонасини юргизиб, рўзғорига барака киритди. Мустақиллик байрами куни у қизалоғига қўғирчоқ ҳам, ялтироқ туфлию "айланадиган" кўйлак ҳам, нима истаса барчасини муҳайё қилди. Энг асосийси, йигит фарзандига берган ваъдасининг устидан чиққан-ичкиликни ташлаган эди...
Барно ШЕРАЛИ қизи.
|