№19, 09.05.2013 УЛУҒ САНЪАТКОР ЁДИ
ҚАЛБЛАРНИ ЗАБТ ЭТГАН САНЪАТКОР
Халқимизда "Яхшидан боғ қолар, ёмондан доғ қолар", деган ибратли мақол бор. Чиндан ҳам ҳар бир инсон дунёда ўзидан яхши ном, кўркам боғ ва ўчмас из қолдиришга ҳаракат қилади. Ана шундай ўзидан яхши ном қолдирган инсонлардан бири, халқимизнинг севимли ва бетакрор актрисаси Марям Ёқубовадир.
Ўзининг "Маҳаллада дув-дув гап" фильмидаги Ойпошша роли орқали мухлислар қалбини забт этган актриса Марям Ёқубова 1909 йилда Бухорода хизматчи оиласида таваллуд топади.
Марям Ёқубова ота-онасидан эрта айрилади ва тоғасининг қўлида тарбия олади. Актриса 16 ёшидан, яъни 1925 йилдан бошлаб кинода суратга туша бошлайди. Илк маротаба " Муз уйи" фильмида журналист қиз, кейин эса "Греф хоним" фильмида бош қаҳрамон ролини ижро этиб, томошабинлар назарига тушади.
Истеъдодли ва санъатни жонидан ортиқ севган Марям Ёқубова 1926-1929 йилларда Москвада киноактёрлар тайёрлаш курсида таҳсил олади. 1929 йил Ўзбекистонга қайтган Марям кинода роллар ижро этиш билан бирга Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг тавсияси билан Республика драма театри (ҳозирги Миллий академик драма театри)да ишлай бошлайди.
Урушгача Марям Ёқубова Навоий номидаги опера ва балет театри, ўзбек мусиқали драма театрларда фаолият юритди. 1953 йилда саҳналаштирилган "Бой ила хизматчи" спектаклидаги Хонзода образи санъаткорнинг илк оммалашган роли сифатида эътироф этилади. 1960 йилда эса Шуҳрат Аббосовнинг "Маҳаллада дув-дув гап" фильм орқали Марям Ёқубова эл назарига тушади.
М. Ёқубова турли йиллар давомида юзга яқин спектаклларда бош ролларни ижро этади. Шунингдек, "Янги қишлоқ", "Ўтган кунлар", "Раҳмоновнинг сингиллари", "Қутлуғ қон", "Мафтунингман" каби фильмлардаги бетакрор роллари билан мухлислар қалбидан чуқур жой эгаллайди. 1969 йилда суратга олинган "Ўтган кунлар" фильмидаги Ўзбегойим образи эса яна бир бора актрисани кино тарихига ва томошабинлар қалбига муҳрлади.
Санъатни, кино ва театрни ардоқлаган актриса 1987 йилда вафот этади. Унинг мазмунли ҳаёт йўли, бетакрор ва кенг қамровли ижоди ҳеч қачон унутилмайди. Негаки, юксак истеъдод соҳибасининг ёрқин образлари юртдошлари қалбига ўчмас бўлиб муҳрланган.
Миролим ИСАЖОНОВ тайёрлади.
|