Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№19, 09.05.2013

(ҲИКОЯ)

РАЪНО

(Давоми. Боши ўтган сонда.)

Қизнинг телефони кутилмаганда жиринглаб қолди. Олиб қараса - Элдор! Кўзларига ишонмаган Раъно дарҳол гўшакни қулоғига тутди.

- Раъно, ўзизмисиз? - сўради Элдор.

- Ҳа, - деди қиз.

- Кўришсак дегандим, вақтингиз борми?

Қиз "Қаёқдан қуёш чиқди?" деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Дейишга деди-ю, лаб тишлади.

- Бугун туғилган куним эди, - деди йигит, - шунга...

- Тушунарли, неча киши бўлади?..

- Иккимиз, холос.

- Зўр-ку!

- Зўр-да, қачон келасиз?

- Мен таътилда эдим, чақиртиришди. Эртароқ бўшашга ҳаракат қиламан.

- Соат бешда банк ёнида кўришсак бўладими?

- Йўқ, бу ерга келманг, гап-сўз кўпаяди. Ўзим айтган жойингизга бораман.

- Унда соат бешда "Фазо" бекатида кутаман.

- Хўп.

Қиз қулоқларига ишонмади. Ишини наридан-бери саранжом қилди-да, бозорга чопди. Бозор ёнидаги супермаркетга кириб, битта қўлсоат олди. Бекатга келса, Элдор аллақачон келиб бўлган экан.

- Туғилган кунингиз билан, - деди қиз. Шу топда унинг қувончлари ичига сиғмас эди.

- Раҳмат, - деди Элдор. - Қани, машинага ўтиринг.

Учқур машина янги асфальтланган йўлдан ғизиллаб юриб кетди. Раъно чексиз хаёллар гирдобига ғарқ бўлган, умиди рўёбга чиқаётганлигидан қувонар, аммо Элдорнинг дўсти тунов куни у Японияга кетади, деганини эслаб дили ғашланарди.

Шунга қарамай, у ўзини ҳозир шаҳзода ёнида кетаётган малика янглиғ ҳис этарди.

Машина саҳни яшил ўтлар билан қопланган, фавворалар сув пуркаб турган уч қаватли кафе олдига келиб тўхтади. Элдор бу ердагиларга таниш экан, шекилли, иккита официантка югуриб келди.

Улар иккинчи қаватдаги бўш хонага кириб жойлашишди.

Стол усти кўп ўтмай, турли егулик ва салатларга тўлди.

Раъно нима деярини билмас, дилидаги гапи тилига чиқавермасди.

- Кузда Японияга кетармишсиз, - деди у ниҳоят.

- Кимдан эшитдингиз? - ажабланди Элдор.

- Билдим-да.

- Қойил. Айғоқчиларингиз зўр ишларкан. У афтидан нимадир демоқчи бўларди-ю, айтолмай тараддудланарди. Охири деди:

- Раъно, мени севасизми?

Қиз унга бир он тикилиб қолди. У нима деярини билмасди.

- Айтинг, севасизми?

Қизнинг томоғига бир нима тиқилди, қўлидаги санчқини столга оҳиста қўйди. Сўнг тасдиқ маъносида бош ирғади.

- Илтимос, мени севманг, ҳечам севманг, - деди ниҳоят у.

- Нега?

- Чунки мен сизнинг ишончингизни оёқости қилишдан қўрқаман. Дўстим айтгандир, мен қизлар билан унчалик чиқишавермайман. Бинобарин, мени деб азоб чекишингиз ноўрин. Чунки, сиз минг ёниб-куйганингиз билан иккинчи ёқдан жавоб бўлмаса, бари бекор.

Қиз ўнғайсиз ҳолда унга тикилар, гўё қаршисида Элдор эмас, ўзга сайёралик одам ўтиргандек эди.

- Биласизми, Раъно, мен дадамга сўз берганман, - деди Элдор ниҳоят сукунатни бузиб.

- Нима деб?

- Севмайман, деб!

- Нега, нима учун?

- Бунинг тарихи узоқ. Келинг, яхшиси сизга айтиб берақолай. Бир куни ишдан чарчаб уйга бордим. Дадам чақирди. Хонага олиб кириб, чунонам урдики... Табиийки, мен бунинг сабабини билмадим. Эртаси эрталаб дадам мен ётган хонага кирди.

- Ўғлим кеча хафа бўлмадингми? - сўради дадам.

- Умрида қаттиқ гап айтмаган бу одам нега бундай қилди, деяётгандирсан. Эшит. Мен ҳам ёшлигимда бир қизни севганман. Совчи қўйганман. Аммо у мингта ҳийла ишлатиб, бошқага тегиб кетди. Мен онанг-га уйландим. Сизлар туғилдиларинг. Ўшанақанги аёлнинг мингтасини ҳозир онангга алишмайман. Аммо юрагимда ҳалиям севги жароҳати бор. Сени икки-уч марта Дониёрнинг қизи билан кўрдим. Биласанми, мен унинг етти пушти ярамас, ёлғончилигини биламан. Ўшани боласи ўзидан ошиб қайга борарди. Бўлмас ишга уриниб, мендай куймагин, ўғлим, яна ўзинг биласан, дедилар. Мен ўшанда кечқурунги ҳолатнинг маъносини англаб етдим ва дадамга шунчалик бўлса, севмайман, деб сўз бердим. Шу-шу, қизлар билан гаплашмайман. Сиз ҳам менга умид боғлаб юрганингизни сезаяпман. Илтимос, ундай қилманг ва мендан сираям ранжиманг. Сиз ҳали дунёдаги энг бахтли оила бекаси бўласиз. Ҳаётда мендан ўн чандон яхши йигитлар бор. Ишонинг. Буларнинг пули тўланган, сиз бемалол....

Элдор шундай деди-ю, ташқарига йўналди. Раънонинг эса, кўз ўнги қоронғилашиб кетган, ҳозир ичига чироқ ёқса ёримасди.

... Истироҳат боғи йўлагидан юм-юм йиғлаб бораётган қиз қачондир онасининг қўшни аёлга гапдан-гап чиқиб ёшлигида бир талаба йигит роса совчи қўйганини, аммо уни алдаб кетганини кула-кула айтиб берганини эслади. Демак...

Икромжон АСЛИЙ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди