№20, 16.05.2013 ҲУҚУҚШУНОС МИНБАРИ
ҚОНУН УСТИВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА МАСЪУЛМИЗ
Кишилик жамияти тарихида алкоголь маҳсулотларини тайёрлаш ва сотиш жуда қадимга бориб тақалади. Алкоголь маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарилиши ёки тарқатилишга оид таъқиқловлар ҳам мозийдан сўзлайди.
Хусусан, мамлакатимиз ҳудудда қарор топган илк давлатчилик тузилмасида ҳам, кейинги даврларда ҳам алкоголь маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ турли таъқиқлар белгиланган.
Аслида "алкоголь" сўзи арабча "Ал-Кухл" сўзидан олинган бўлиб, айрим манбааларда таъкидланишича, "ўткир кукун", "оловли сув" деган маънони англатади. Алкоголь маҳсулотлари деганда, этил спиртидан тайёрланган ёки таркибида этил спирти бўлган кишини маст қилувчи ичимликлар тушунилади. Унинг қуйидаги турларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Бунга этил спирти, ароқ, вино ва табиий вино сингари бир қатор ичимликларни киритиш мумкин.
Сир эмаски, кейинги йилларда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг меъёрдан ортиқча истеъмол қилиниши бир қатор хасталикларнинг, жамиятимизда турли салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, мутахассисларнинг эътироф этишларича, ичкиликбозлик ва кашандалик натижасида айрим оилаларда болалар руҳий жиҳатдан ногирон бўлиб туғилмоқда. Бу ҳолат кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда. Натижада жамиятимизда турли ижтимоий муаммолар юзага келмоқда. Шу ҳисобга олиниб, алкаголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ масалалар қонунлар доирасида тартибга солинмоқда.
2011 йил 27 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Қонуни алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилиниши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш орқали мазкур соҳада шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштиради, фуқаролар соғлиғини сақлаш борасида давлатнинг жамият олдидаги вазифаси амалга оширилишини таъминлайди.
Мазкур Қонун 5-боб, 25-моддадан иборат. 1-бобда "Умумий қоидалар", 2-бобда "Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхона, муассасалар ва ташкилотларнинг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги ваколатлари", 3-бобда "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, реализация ҳамда реклама қилишга доир фаолиятини тартибга солиш", 4-бобда "Фуқаролар соғлигини алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг салбий таъсиридан сақлаш бўйича чора-тадбирлар", 5-бобда "Якунловчи қоидалар" белгиланган.
Қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализация қилинадиган жойларда уларни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга сотишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлигига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув жойлаштирилган бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Демак, ана шу қонун талабларига амал қилинишини назоратига кенг жамоатчилик эътиборсиз қарамаслиги лозим. Бу борада қонун устиворлигини таъминлашга ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Раънохон
МАМАРАСУЛОВА,
Андижон шаҳар 11-сон Давлат
|