№20, 16.05.2013 САЛОМАТЛИК - ТУМАН БОЙЛИК
Жуда кўп ояти карималарда ва Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ҳадисларида бандалар саломатлигини сақлашлик, касалликларни даволаш билан боғлиқ масалалар хусусида баён қилинган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) таълим берган муолажа усуллари, шифобахш таомлар ва дори-дармонлар, овқат истеъмол қилиш ва ичимлик ичиш қоидалари асрлар мобайнида инсонларга хизмат қилиб келмоқда.
Аллоҳ таоло айрим бандаларини турли касалликлар ёки бирор бир мусибат билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса, Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради. Инсон касалликни фақат сабабларга боғламоқлиги қанчалик жоҳиллик бўлса, касаллик, дард келганида даволанмаслик ҳам шунчалик жаҳолатдир. Ваҳоланки, динимизда даволанишга рухсат берилган. Аммо шуни ҳам билишимиз зарур бўладики, беморлик, дард - бу Аллоҳ таолонинг бандага юборган бир неъмати, имтиҳони ҳисобланади. Иншааллоҳ, чеккан дард туфайли унинг гуноҳлари кечирилади, амаллар китобига катта савоблар ёзилади. Охиратдаги мартаба-мақоми зиёда бўлади, қачонки, мусибат ва касаллик етганда шукр ва сабр билан ибодатда ҳаёт кечирган бўлса.
Кишига касаллик ёки мусибат етган вақтда Аллоҳни кўп эслайди ва зикр қилади. Аслида, инсон хурсандчиликда ҳам, хафачиликда ҳам, албатта, Тангрини эсламоқлиги зарур.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: "Бас, қачон инсонга бирор зиён етса, бизга дуо қилур. Сўнгра, қачон Биз ўз томонимиздан унга бирор неъмат ато этсак, у, шубҳасиз, бу (неъмат) менга ўзимнинг билимдонлигим сабабли берилди", - дер. Аслида у синовдир. Лекин уларнинг аксарияти (бунинг синов эканини) билмаслар" ("Зумар" сураси, 49-оят).
Динимиз манбааларига кўра, очлик ва ташналикни кетказадиган миқдорда еб-ичиш мустаҳабдир. Ана шу миқдордагиси инсон жисмининг соғлом бўлиши учун етарлидир. Эҳтиёждан ортиқча миқдорда еб-ичишни баъзилар ҳаром, айрим олимлар макруҳ деб айтганлар. Сабаби, ортиқча емоқлик кишини дангаса, лоқайд, беғам қилиб қўйишдан ташқари, унинг соғлигига ҳам катта зарар етказади ва турли хил касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Инсон танасидаги бир аъзо борки, уни ҳар томонлама саломат бўлишлиги катта бир бойлик ва жуда улуғ бир неъмат.
Ҳазрати Набий (с.а.в.) муборак Ҳадисларининг бирида: "Танада бир аъзо борки, агар у соғлом бўлса, барча аъзолар ҳам соғлом бўлади, агар у касал бўлса, қолган аъзолар ҳам касал бўлади. Билиб қўйингларки, у Қалбдир", - дедилар. Қалб саломатлиги бошқа аъзоларнинг соғлом бўлишлигида муҳим ўрин тутар экан, демак амалларнинг чиройли ва солиҳ бўлишлиги ҳам қалбнинг тўғри ва солиҳ бўлишига боғлиқдир.
Ўтган улуғларимиздан нақл қилинадики, ҳукмдор Ҳорун ар-Рашиднинг жуда моҳир насроний табиби бор эди. У бир куни атоқли олим Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: "Сизларнинг китобингизда - (Қуръонда) табобат илмига оид ҳеч нарса йўқ. Илм ўзи икки хил бўлади: дин илми ва бадан (тиб) илми", - дебди. Али ибн Ҳусайн унга шундай жавоб берган экан: "Аллоҳ таоло тиб илмини ушбу оятнинг бир неча жумласига жойлаб қўйган - "...еб-ичинглар, (лекин) исроф қилманглар!"
Шунда насроний табиб: "Пайғамбарингиздан табобатга оид бирор нарса нақл қилинмаган", - дебди. Али ибн Ҳусайн бундай жавоб берибди: "Расулуллоҳ (с.а.в.) тиб илмини бир неча сўзга жам қилганлар", - дебди. "Улар қайсилар?" - сўрабди табиб. "Ошқозон - касалликлар ўчоғи. Пархез - барча давонинг боши. Ҳар бир баданга ўрганган нарсасини бер!" - дебди Али бин Ҳусайн.
Дарҳақиқат, инсон ўз нафсини тия билишлиги лозим, акс ҳолда бу нафс нималарга бошламайди, дейсиз? Ўтган улуғлар бежизга: "Менинг нафсим балодир, ўтдан чўққа солодур", - деб айтмаганлар.
Бир донишманддан: "Дарднинг келиши нимадан?" - деб сўрашибди. Донишманд:"Нафснинг ёмонлигидан" - деб жавоб берибди. Яна сўрашибди: "Бунинг давоси нимада?" Жавоб берибдики: "Нафсни тийишда. Имом Қуртубий айтадилар: "Касалликнинг давоси икки қисмдан иборат: ярми дори-дармон, ярми эса пархез. Иккиси бир бўлдими, бемор соғайиб, албатта, оёққа туради".
Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, Истиқлол туфайли юртимиз тинч, ҳаётимиз тўкин ва фаровон. Мамлакатимизда аҳолининг, хусусан, ёш авлоднинг жисмонан соғлом, руҳан тетик бўлишлари, уларнинг соғлиғини сақлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.
Тангри таоло барчаларимизга барака берсин, ҳалолидан насиб этсин, мол-дунёга муҳаббат қўйишдан сақласин. Саломатликни сақлаш борасида Яратган ўзи белгилаб қўйган чегаралардан чиқмайдиган, шариатимиз талабларига мувофиқ, қолаверса, тиббиётчиларимиз тавсияларига амал қилган ҳолда ҳаёт кечирадиган солиҳ бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.
Шаробиддин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳридаги
"Абу-Хурайра" жомеъ масжиди имоми.
|