№20, 16.05.2013 ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА
ЯРАТГАННИНГ МАРҲАМАТИ
Лайлихон бугун қайнонасини кўргани бориш учун эрталабданоқ сигир, бузоқларига қараб, уй ишларини саранжомлади.
Қизларини мактабга, боғчага, эри Алижонни эса ишга кузатди.
Улар алоҳида уй қилиб, кўчиб чиқишганига анча вақт бўлди. Бироқ Лайлихон ишларини қилиб бўлиб, қайнонаси Зулфияхон онанинг хизматини қилишга ҳам улгуради. Қайнонаси яхши аёл. Уни хасталик енгиб, уй юмушларига ярамай қолган. Лайлихон ўқитувчи бўлиб ишласа-да, барча ишларга улгуради. Уни кўрганлар ҳавас қилишади: "Зулфияхоннинг келини жуда меҳнаткаш-да. Барака топсин!", - деб алқашади.
Лайлихон бир қиздан кейин ўғил фарзандли бўлганди. Умри калта экан, икки ойлик чақалоғи нобуд бўлди. Аммо у сабр қилди. Кейин яна ҳомиладор бўлиб, қиз кўрди. "Қизимга шерик бўлди", деб ўзини овутди.
...Қайнонаси уни илиқ кутиб олди:
- Келдингизми, болам? Яхши дам олдингларми, болалар ҳам яхшими? Бугун Алижон ишга кетарда ёнимга кирмадия?..
Лайлихон салом-аликдан кейин қайнонасини тинчлантирди.
- Ўғлингизни биласиз-ку, баъзида шошиб қолади. Ўзингиз тузукмисиз?
- Тузукман, болам, тузукман, - деди Зулфияхон ая.
- Қаймоқ олиб келдим, онажон, - деди.
- Ҳа, барака топинг. Сал бўлса ёдимдан чиқай депти, овсинингизни бир йўқлаб келинг бугун. Серқаймоқ қилиб ўрама овқат қилиб оласиз, хўпми?..
- Майли, сиз нима десангиз, шу... Бугун мактабда дарсим ҳам йўқ.
Келин овқатга уннаб кетди, бироқ кўнгли бирдан ғаш бўлиб қолди. "Овсинимнинг ҳали қирқи чиққани йўқ. Борсам қандоқ бўларкин-а?"
Овқатни пишириб бўлгач, бу ҳақда қайнонасига секин гап очди:
- Онажон, ҳали замон Илҳомжон ҳам ишдан келиб қолар, овқатни ундан бериб юборсам қандай бўларкин? Нимагадир оёғим тортмайроқ турибди...
- Хабар олмасак овсинингиз хафа бўлади, ўзингиз борақолинг.
Лайлихон иложсизликдан кийиниб, йўлга тушди. Овсинининг уйига етай деб қолганда, юраги ҳапқириб, аранг овсинининг исмини айтиб чақирди.
Ичкаридан овоз келди:
- Илҳом ака, қараб юборинг, кимдир чақиряпти!
Ҳайрият, Илҳомжон уйда экан. Қайинукаси жуда яхши йигит, Лайлихон уни қаттиқ ҳурмат қилади. У ҳам ўқитувчи. Бирин-кетин икки ўғил фарзанд кўришди. Умрини берсин.
- Вой, келинг, келинг, овсинжон! - Гул-ҳаё очиқ чирой билан Лайлихонга пешвоз чиқди. - Нималар кўтариб юрибсиз, овора бўлиб?
Лайлихон қўлидаги тугунни овсинига узатаркан, ўзи Илҳомжон билан сўрашди. Улар бирин-кетин уйга киришди. Дастурхон ёзилди. Ўрамадан ликопларга солиб, Лайлихонга ҳам олиб киришди.
Гулҳаё чой қуйиб, овсинига узатаркан, пичинг гапларини яна бошлади:
- Мана, биз ҳам қаторлашиб ўғилларни боқиб ўтирибмиз-да, овсинжон!.. Илҳом акамни қўяверинг, ўзида йўқ хурсанд.
- Ҳа, кичкинтой ҳам яхшими, йиғлоқи эмасми? Сизни қийнаб қўймаяптими?.. - сўради Лайлихон.
- Йўғ-ей, кичкина бўлгани билан синчков, гапга қулоқ солиб туради. Ё... ўғил бола шунақа тетик бўладими, билмадим... - деди Гулҳаё.
- Алижон акангиз ҳам қизларига бошқача баҳо беради...
Шу пайт овсини гапни илиб кетди:
- Ўғил кўрмагани учундир-да, овсинжон? Лекин эркак киши ўғил фарзандни хоҳлар экан... Ҳа, айтмоқчи, қайнонам сизни яна оғироёқ, дедими?..
- Ҳа, шундай... - жавоб қилди у.
...Лайлихон овсинини яхши билади. Доим киноя қилмай гапиролмайди. Унга парво қилмасликка ҳаракат қилади.
- Чақалоғингиз қани? Онам тушмагур: "Кичкинтойни ўз кўзингиз билан кўриб келинг", деб қаттиқ тайинлади. Бешикдами? Бир кўрай?..
Лайлихоннинг гапи бўғзида қолди.
- Йўқ, бола тепадаги уйда, ухлаяпти! Уйқуси бузилса, кейин йиғлаб беради... - Гулҳаё кескин қаршилик билдирди.
Илҳомжон негадир ўнғайсизланди. Лайлихон нима қиларини билмай ўтирди, кейин кетишга рухсат сўраб, дуога қўл очишганди, ёнидаги хонадан чақалоқнинг йиғиси эшитилди. Эр-хотин бир-бирига "ялт" этиб қаради. Лайлихон қандай қилиб дуо қилганини билмади, ўрнидан турди-ю, ташқарига қараб юрди. Илҳомжон келинаясининг ортидан чиқди, лекин у аллақачон кетиб бўлган эди.
Лайлихон уйга етгунича йўлда йиғлаб кетди. "Менда ўғил йўқлиги учун шундай қилдимикин?"
Уйга авзойи бузуқ кириб келган келинини кўрган қайнонаси бетоқатланиб сўради:
- Нима бўлди, болам? Дастурхонингиз қани?..
Лайлихон ўзини босолмади, кўз ёшларини рўмолчасига артар экан, овсинидан дили ранжиганини яширмади.
Ёши улуғ одам зукко бўлади, келинига таскин бераркан, уларни муросага чақирди:
- Ҳа, улар ҳали ёш-да, болам. Шунга ҳам хафа бўласизми? Э, боласи ўзларига буюрсин-а? Қўйинг, хафа бўлманг, ўзингиз эсли-хушли аёлсиз-ку...
...Орадан олти ой ўтиб, Лайлихонларнинг хонадонида яна чақалоқ овози келди. Яратган уларни ўғил фарзанд билан сийлади. Унинг исмини Худоберди, деб қўйишди...
Мастурахон
НАСРИДДИНОВА.
|