№22, 29.05.2013 МеҲмондўстлик - гўзал фазилат
ўзбек халқи азал-азалдан меҳмондўстликни ўзининг миллий қадриятларидан бири сифатида эъзозлаб келади.
Меҳмон - атойи Худо, - дейди халқимиз. Уйга келган меҳмонни гўзал одоб ва ширин муомала билан кутиб олиш ҳар қандай кўнгилни ёритиб юборади. Ота-оналаримиз меҳмон кутиш одобини болалигимиздан сингдириб бориши ҳам бежиз эмас. Шунингдек, инсоний фазилатлар ва хислатларни ўз ичига қамраб олган адабиётларни тарғиб қилиш, ёшларимиз маънавиятини янада юксалтириш ҳамда уларни миллий қадриятларимизга юксак эҳтиром руҳида тарбиялаш, китоблар орқали уларнинг тафаккурини шакллантириш биз кутубхоначиларнинг асосий бурчимиздир.
Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида "Кутубхона - иккинчи оилам" клуби ташаббуси билан "Меҳмондўстлик одоби ва муомала маданияти" мавзусидаги давра суҳбатида ана шулар хусусида сўз юритилди.
Тадбирда сўз олганлар мулойимлик ва ширинсўзлик, орасталик ва поклик хонадонимизга келган меҳмоннинг биринчи ва бир умрлик таассуроти бўлиб қолмоғи зарурлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Андижон шаҳридаги "Бобо Таваккул" масжиди имоми Муҳаммад Юсуф Тўрақулов Ислом динида меҳмондорчилик, одоб, хусни хулқ қоидалари ҳақида гапириб, хадислардан намуналар келтирди ҳамда тадбирда фаол иштирок этган талаба ёшларга китоблар ҳадя этди.
Тадбирни АКМ директори Г. Исмоилова якунлаб, меҳмондорчилик одоби ва муомала маданияти нафақат оилада, балки ҳар бир жамоада, ўқув муассасаларида кенг тарғиб этилиши лозим бўлган қадрият эканлигини таъкидлади.
Давра суҳбати доирасида ташкил этилган "Одоб - ақлнинг кўзгуси" мавзусидаги адабиётлар кўргазмаси иштирокчиларни миллий қадриятларимиз билан янада яқинлаштиришга хизмат қилди.
Дурдона ЭГАМБЕРДИЕВА,
Бобур номидаги вилоят АКМ ходими.
|