№22, 29.05.2013 бугуннинг гапи
аёлга бахт беринг
Кибриё қаҳҳорова турмуш ўртоғи Абдулла қаҳҳорга маошларини келтириб берганларида домла шундай деган эканлар: "- Хоним бу пулингизни упа-элигингизга ишлатинг. Етмаганига мендан сўрарсиз".
Тўғриси бугун бу каби илтифот айрим аёлларимиз учун бир эртакдек туюлади. Чунки жамиятдаги энг оғриқли нуқтамизга айланаётган мавзу ҳам аслида мана шу. Аёл ва эркакнинг оиладаги вазифаси ва масъулияти. Бу мавзуда ҳар ким ҳар хил фикрлайди. Кимдир эркакни виждонсизликда, яна кимдир эса аёлни сабр-тоқатсизликда айблайди. Аслида ким ҳақу ким айбдор? Келинг, яхшиси ана шу ҳақда фикрлашайлик, айрим ҳаётий воқеалар, фикр-мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашайлик.
эркак аёлга
суянч бўлсин
Насибанинг аҳволи ёмонлашиб, тез ёрдам чақаришди. Шифокорларнинг такрор-таркор айтишларига қарамай даволанмади. - Унга ҳам пул керак, - дерди ҳар гал шу ҳақда гап очилганидан. -Энди ўсарим бормиди. Ундан кўра ўша пулларга ҳам бирор нарcа олиб қўйсам? Эртага мендан кейин болаларимнинг корига ярайди. У ўзи учун, соғлиғи учун пулини ҳам вақтини ҳам аяди. Бугун эса...
Насиба Саиджонга бир олам орзу умидлар билан турмушга чиққанди. Бироқ турмушнинг илк кунлариданоқ умр йўлдошида ўзи орзу қилган бирор хислатни топа олмади. Саиджон такасалтанг, боқибеғам эканлагини ҳис этдию, буларининг барчасини эркатойликка йўйиб қўя қолди. Оилада фарзанд туғилса, ўз-ўзидан масъулиятни ҳис этиб қолади, дея умид қилди. Афсуски, бир эмас, уч жуфт кўзмунчоқлар мўлтираганида ҳам у оталик масъулиятини англаб етмади. Аксинча, Нафисанинг уч бирдек гўдаги билан далада чанг кечиб, топиб келган луқмаси унинг томоғидан силлиққина ўтарди. Кўчада улфатлар, уйда эса телевизор билан банд бўлди. Нафиса ёнди, куйди, эрига эса унинг куйиб-ёнишлари асло кор қилмади. Унга мос иш йўқ эмиш? Болалар катта бўлгани сари ҳаражатлари ҳам катта бўлаверар экан. Саид эса бирор ишда заифасига ёрдам бермасди. Турли ташвишлар, оила юки, сиқилишлар охири Насибани ҳолдан тойдирди. Танаси оғир дард билан курашарди. Шифокорлар ўзини асраб, вақтида даволаниш лозимлигини, акс ҳолда бир йил ҳам умри қолмаслигини айтишига қарамай, аёл мендан сўнг болаларим қийналиб қолишмасин, дея икки баробар ишлай бошлаганди. Кўз қорачиғидек асраганлари, бугун энди кимларга қолди...
Дангаса эрнинг куни ўтавермади. Пул бўлмаса, улфатлар ҳам бўлмас экан. Оҳир оқибат тақдирга тан берган Саид қурувчиларга ёрдам бера бошлади. ҳаракат қилса ҳар ишни уддалаш мумкин. Аслида иш одамни эмас, одам ишни безайди. Бироқ энди бутун оилани жамлаган тақдирда ҳам Насиба йўқ. ҳўш, бу ерда ким айбдор?
Аёлга кўп нарса эмас, фақатгина эътибор, меҳр керак. ҳар бир аёл эрини ўзига суянч тоғ бўлишини хоҳлайди. Эркакнинг асл бурчи ҳам шу эмасми..? Эркак оилада зиммасидаги бурчи, вазифаси ва масъулиятини ҳис этмаса ориятини йўқотиб бораверади. Бир кун келиб эса ҳаётда ўрнини ҳам, ҳурматини ҳам бой бериши тайин...
БОЗОРДАГИ АЁЛ ҲИКОЯСИДАН
Мен ҳам бир пайтлар борига сабр, тоқат қилиб, оғзидан бирор қаттиқ сўз чиқмаган, ўқитувчи эдим. Бугун эса кўриб турганингиздек, бозорчи хотин бўлдим. ҳаётда яшаш учун курашдим, нима қилай?
Онамнинг отамга нисбатан пирдек муносабатда бўлишини кўриб, эр кишининг оиладаги ўрни жуда юқори қўйилишига одатланиб ўсгандим. Турмушга чиққанимдан сўнг мен эримга онамдан ҳам юксакроқ эҳтиром билан қарадим. Уларнинг сўзи сўз, гапи ҳукм эди. Олий маълумотли бўлсам ҳам бир оғиз ишлама, деган гапи туфайли остона хатлаб кўчага чиқмадим. Эримнинг топиш-тутиши ёмон эмасди, лекин болаларимнинг қорнини тўйдириб овқатлантира олмасдим. Уст-бошнику гапиришга хожат йўқ. Турмуш ўртоғимнинг топгани кўчада тамом бўларди. Ошна-оғайни, дўст биродарлари кўп эди. қайнона-қайнотам билан яшаган вақтимизда ҳар тугул улар билан бирга кунимиз ўтарди. Алоҳида бўлганимиздан сўнг вақти келса, болаларимга бергани нон ҳам тополмай қолардим. Буни уларга айтсам, қуруқ чўнтагини кўрсатар, маошгача кутишимни айтарди. Маош эса яна кўчада тугарди. ўзлари кўчада тўйиб, уйдаги қуруқ қайнаган овқатни кўриб, менинг қўлимни бемазаликда айбларди. Барчасига чидадим. Лекин фарзандларимнинг келажагини уйлаб, ишга қайтишга қарор қилдим. Бирибир кам кўст чиқаверар экан. Бичиш-тикиш оз бўлса-да, қўлимдан келгани учун ул-бул тикиб бозорда сота бошладим. Ишларим юришиб, буткул савдо-сотиққа ўтиб кетдим. Эрим эса хали ҳам ўша-ўша. қайтанга мени тийинлаб топган пулларимни ҳам совуради. Истаймизми йўқми эркак киши зиммасидаги вазифани аёл киши бажара бошласа, эрнинг сўзи ҳам синаверар экан. Бир пайтлар пир деб билган эрим бугун ёш боладек кўринади кўзимга. Нима бўлса ҳам болаларимнинг отаси, ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қиламан, лекин маст алжираб, фарзандлари олдида ўзи обрўйини бир пул қилади.
Менинг ҳам итоаткор, уй бекаси бўлиб, фарзандларимни тарбиялаб уйда ўтиргим келади. Бироқ рўзғорнинг ғорини ким тўлдиради..?
Мана сизга муаммо...
Бугун жамиятда фаоллашаёган аёллар эркакларнинг ҳам ўрнини олиб қўяётганликда айблаймиз, лекин бунга ким сабабчи?
Аёлниниг пули аралашган луқмани оғзига олишни ор билган эркаклар қани?
Бойнинг қизига уйлансам отаси мени қўллайди, дея хисоб-китоб қилаётган йигитларга, хотинининг топган пулига кўз тикиб, уйда ағанааб ётган эркакларга, фарзандининг тақдири учун масъулиятни ҳис эта олмаган оталарга айтар сўз йўқми?
Бизники эса бор. Бу ҳаётда сизни отамдан ҳам меҳрибоним дея эъзозламоқ учун, сиздан отадан ҳам ортиқ меҳрибонликни кутади аёл. Фарзандларига юксак намуна сифатида кўрсатишни, ногоҳ қоқилса суянчиғи борлигига ишониб яшашни, уйимнинг қўрғони, хонадонимнинг соҳиби ёнимда дея ўзини хотиржам ҳис қилишни хоҳлайди, аёл. Муҳими, сизнинг борлигингизни ҳар дақиқа ҳис этмоқни истайди, аёл. Бунинг учун сиздан дунё сўрамайди, бир озгина меҳр берсангиз, оилада беклик масъулиятини унутмасангиз бўлгани. Аёлга шунинг ўзи кифоя!
Моҳидил
МАМАСОЛИЕВА.
|