№22, 29.05.2013 Ҳикоя
Чипор илон
-Вой-дод, ким бор? Ёрдам беринглар! -Мохиниса хола овозининг борича додлаб, қўшнининг дарвозасидан кирдию хушидан кетди.
Ичкаридан югуриб чиққан Карима опа нима гаплигини билолмай довдираб қолди: "Вой ўлмасам, ҳой Назира сув опке!"
Уйдан уч бола югуриб чиқди. Бир зумда қий-чув бўлиб кетди. Кампирга сув сепишиб, юзларига шапалоқ уришганидан кейингина кўзини очди. Унинг пешонасидан совуқ тер чиқиб, дағ-дағ титрар эди.
-Нима бўлди, хола, тинчликми? Бирор нарсадан қўрқдингизми?-"Йиғилганлар кампирни сўроққа тутишди.
-Илон, мени илон қувлади, -тили ғўлдираб қолган Мохиниса хола яна ўзини билмай қолди. Кимдир докторга югурди.Орадан бир оз вақт ўтгач, "Тез ёрдам" машинаси келиб, кампирни олиб кетди.
Мохиниса хола анчадан буён ёлғиз ўзи яшар, ортиқча даҳмаза бўлади, деб набираларини ҳам сиғдирмас эди. қизлари кўп бор:" Ая бизни эл ичида маломатга қўйманг, бирортамизникида яшанг, қариб қолдингиз" деса, "Онамдан ёлғиз туғилганман, ёлғиз яшайман" дея гапни чўрт кесарди. Ноилож қолган қизлари навбатма-навбат хабар олиб туришар эди.
Тўпланган қўшнилардан беш-олти эркак маслаҳатлашиб, кампирнинг уйига киришди. Кампирнинг айвонга қўйилган каровати остида кулча бўлиб ётган катта чипор илонни кўришиб, уларнинг ҳам юраклари шувиллади. Ёшроқ йигит илонни ўлдириш мақсадида аллақаердан белкурак топиб келди.Шунда кўпни кўрган Тожиддин ака уни шаштидан қайтарди: "Илонни ўлдириб бўлмайди, ҳаммаларинг ўтиринглар... қобилжон, ука сен муллани чақириб кел!"
Илон одам шарпасини сезса ҳам ўрнидан қўзғолмади. Тез орада мулла ҳам етиб келди. У дуоларни ўқиб, дам солди, тиловат қилиб савобини шу уйдан ўтганларнинг руҳига бағишлади. ўтирганлар юзларига фотиҳа тортиб улгурмаган ҳам эди, илон бирдан ўрнидан қўзғалди. ҳамма сергакланиб, ундан кўзини узмай турди. Чипор илон тўғри ҳовлига қараб йўл олди. Мулла кўрсаткич бармоғини лабига босиб "жим" ишорасини қилди. Илон шудгорга тушиб, тезда кўздан ғойиб бўлди.
-Бу ердан ўтганларнинг руҳи безовта бўлибди, -деди мулла ўрнидан тураркан. қолганлар ҳам унга эргашишди. Бир оздан кейин Карима опа чиқиб дарвозага қулф солиб қўйди.
... Мохиниса холанинг уч қиз, бир ўғли бор эди. Чоли учинчи қизини узатган йили юрак ҳуружи сабаб омонатини топширганди. Бу вақтда ўғли Анваржон ўн уч ёшли бола эди. У отасига тортганми, камгап, камсуқум эди. Ёш бўлишига қарамай, рўзғорнинг ўтидан кириб, кулидан чиқар,"бу ишни қизлар қилиши керак" , деб турмай онасига кўмаклашар эди. Шундай бўлса ҳам онасидан кўп дакки эшитарди. ҳар куни тонг саҳарда чиқиб кетиб, шом қоронғусида кириб келадиган онаси келгунча овқат пишириб қўярди. Акс ҳолда, онасининг "тийинлаб топиб" боқаётганию "егани олдида, емагани ортида" , "тайёр ошга баковул бўлиб ўсаётгани"ни эшитиб дарду дунёси зимистон бўлиши турган гап эди.
Мохиниса холанинг бойликка ўчлиги, бозорда олди-сотди билан шуғулланишини кўпчилик билардию унинг емай-ичмай пул жамғариши, унинг бировларга фоизга пул бериб фойда олишини унча-мунча одам билмасди. Эри ўлганидан кейин унинг бу "ҳунари" авжга чиқди. У пули кўпайгани сайин тобора зиқна бўлиб борар, баъзан ёлғиз ўғли Анваржонга китоб-дафтар олиб беришга ҳам оғринарди...
Орадан йиллар ўтиб Анваржон мактабни битирди. Институтга кириб ўқиш орзусини кейинга суриб, заводга ишга жойлашди. Бу орада онаси қийналаётганини айтиб, уни уйлантирмоқчи бўлди. Хола ўғли ҳали мактабни тамомламай туриб, қизи бор бўлган ўзига тўқ хонадонларни ҳисобга олиб юрарди. Унинг бой хонадондан келин олиш орзусини "нодон" ўғли чиппакка чиқарди.
-ҳали ёшман, уйланиш қочмайди, озроқ ишлай, пул топай, -дея оёқ тираб туриб олди Анваржон.
Мохиниса хола йиғлаб-сиқтаб уни уйланишга кўндирди. Бироқ у ҳам ўз шарти борлигини айтди. Йигит ёшлигидан Дармон аканинг тўнғич қизи Муаззамни ёқтирарди. Муаззам ҳам буни билар, аммо салом-аликдан нарига ўтишни хоҳламас эди. Бу гапни эшитган холанинг фиғони фалакка чиқди.
-ҳов, тенгини билмаган аҳмоқ, бир камим тракторчи билан қуда бўлиш эди! Шунга айтишарканда "шаҳзоданинг ишқи қурбақага тушибди" деб. Сен болани дидингга қачон ўт тушган -а!
Бироқ бундай гаплар Анваржонни аҳдидан қайтара олмади.Кампир ноилож ён берди, икки марта боришда ўғлини Муаззамга унаштириб келди. Тез орада тўй ҳам бўлди. Келин-куёв бахтли эдилар... Лекин Мохиниса хола тўнини тескари кийиб олганди. У келинини менсимас, "ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ" дерди. Бу можаролардан боши қотган йигит хотинига иш топди.
-Ишлаб пул топиб келсанг, ойим ёқтириб қоладилар,-дея ҳазиллашди у.
Аммо бунинг акси бўлди. Муаззам қанчалик ҳаракат қилмасин, қайнонаси уни баттар турткиларди. Келин эса, набира кўрса меҳри тушади, деган умид билан сабр қилаверди. Уч йил ичида икки ўғилли бўлиб, ишга чиқолмай қолган Муаззамнинг еган-ичганидан ҳаловат кетди. Кампирнинг феъли айнигандан айниб, ўғлидан кўпроқ пул топишни талаб қила бошлади.
Бир куни Анваржон кўчада Россияга бориб ишлаб келган ўртоғини учратдию у билан бирга боришни дилига тугди.Буни эшитган Муаззамнинг ичидан бир нима узилгандек бўлди. Чунки у эрисиз бу уйда яшашини тасаввур ҳам қилолмас эди. Эри эса:"Узоғи билан уч-тўрт ойда қайтаман" деб ваъда берди...
Анваржоннинг мақсадини эшитган кампир севинганидан ўғлини йўлкира ташвишидан ҳам қутқарди, узундан узун дуо қилиб кузатди...
Хом сут эмган банда Анваржоннинг аввалига иши юришгандек бўлди. Уйига, онасига доллар жўнатиб турди. Кейин бунга ҳам қаноат қилмай ,бошқа шаҳарга, "ёғлироқ" ишга борди. Кундузи бозорда савдо қилса, кечаси заводда ишлади.Кечалари уйқу нималигини билмай ҳаловатини йўқотди. Ана шундай уйқусиз тунларнинг бирида ажал уни ўз домига тортди. Тонгда заводдан қайтаётганида "Камаз" уриб кетди...
Бу совуқ хабарни эшитган Муаззам даҳшатдан ўзини йўқотди. Энди унинг учун ҳамма нарса тамом бўлганди. Кулфатдан Мохиниса холанинг ҳам қадди дол бўлди, сочи қордек оқариб кетди. Лекин унинг Муаззамга бўлган муносабати ўзгарди."қизим" дейдиган бўлди,набираларига меҳр кўрсатишга интилди...Бироқ бундай ўзгариш уч йилгагина етди. Бойликнинг қулига айланган кампир бировнинг сўзига кирдими, айниди-қолди. ҳе йўқ, бе йўқ келинни ҳайдаб солди:
-Отангда ор бўлганда сени аллақачон олиб кетган бўларди, тул хотинга ташлаб қўймай!
-Ойижон, нималар деяпсиз? Очиқроқ гапиринг... -Томдан тараша тушгандек айтилган гапдан Муаззамнинг капалаги учиб кетди. ўзини тутиб олгунча бўлмай иккинчи таҳқирни эшитди:
-Тушунтириб айтадиган бўлсам, эртага уйни бўшатиб қўй! ҳовлининг ярмини сотаман.ўғлим ўлсаям қутилмадим сендан, болам ўлгунча сен...
Муаззам қолган гапларни эшитгиси келмай, қулоқларини беркитди. Жазаваси қўзиган кампир яна нималардир деб узоқ жавради.Кейин қарсиллатиб эшикни ёпиб, ўз хонасига кириб кетди.
Муаззам анчагача карахт бўлиб ўтирди, кейин болалари мактабдан келганини кўриб ўзини қўлга олди. Кўзлари жовдираб турган ўғилчаларини алдаб, уларни кутиб ўтирганини, бугун бувилариникига боришларини айтиб тараддудланди. Севинчдан том бўйи сакраган болалар қорни очлигини ҳам унутиб, онасига эргашишди.
қизини кўриб қувонган онанинг кўнглига бир зумда хавотир инди. Нима гаплигини билгунча хуноби ошди. қорни тўйган болалар ўйнагани кўчага отилишди. Муаззам кўз ёшини тўхтатолмай бор гапни тўкиб солди. Ота-онаси уни юпатиб, "қайнонанг қариб инжиқ бўлиб қолган, бугун бўлмаса эртага феълидан тушади" дейишди. Уч кундан сўнг Муаззам болаларини олиб, умид билан уйига қайтди. Минг афсуски, қайнонасининг феъли баттар айниди:
-ҳа, шумқадам, отангникига ҳам сиғмадингми? ҳозироқ нарсаларингни йиғиштир, уйга харидор келади!
-Ойи гуноҳимиз нима? ҳеч бўлмаса гўдакларга раҳмингиз келсин, - ёлворди Муаззам.
-Боламнинг пулини олиб ётишибсанлар, отанг уй солиб берсин, боламдан нима кўрдиму сенлардан нима кўрардим?!
Бу гапларсиз ҳам бўлари бўлиб турган Муаззам яна изига қайтди. Шу куниёқ акалари билан келиб, кўчларини олиб кетди. ўртага маҳалла фаоллари, оқсоқоллар тушишди. Бироқ кампирни бу йўлдан Аллоҳнинг ўзи қайтармаса, бандаси қайтаролмас эди.
Бу кўргуликлардан бошини қайси тошга уришни билмай қолган Муаззам туни билан мижжа қоқмай чиқди. Тонгга яқин кўзи илиниб, тушида Анваржонни кўрди. У жуда хафа, қовоғи солинган куйи "Йиғлама, яхшига ҳам, ёмонга ҳам Худо бор" дедию кўздан ғойиб бўлди.
Муаззам шу тушдан хулоса қилиб, ҳеч қаерга арзга бормади, ёлғиз Парвардигордан нажот кутди.
... Мохиниса холанинг шу кундан бошлаб тинчи йўқолди. Уйда ёлғиз қолди дегунча, қаердандир илон пайдо бўлар, унга қараб тураверарди. Кампир қизларининг ҳам тинчини бузди. ҳар куни улардан бири онасини пойлашга келар, кечаси билан ухламай чиқарди. Илон анчагача кўринмай қолди. Шунинг учун пойлоқчилик набираларга ўтди.Уч кундан сўнг илон яна пайдо бўлди. Болалар кўчага чиқишган пайтда кампирнинг қаршисида тураверарди. Бу сафаргиси ҳаммасидан ошиб тушди. Айвонга ўрмалаб чиқаётган илонни кўрган Мохиниса хола таёқ билан урмоқчи бўлди. Кутилмаганда илон бошини кўтариб унга ташланди. Кампир жон ҳолатда ташқарига отилди. Зўрға қўшнининг дарвозасидан ўтиб олди...
Кампир касалхонада ҳам ором топмади. Кўзини юмди дегунча, чипор илон пайдо бўлар, унга ташланаётгандек бўлаверарди. Врачлар кампирни бир муддат даволаб жавоб беришди. Шу-шу Мохиниса хола ҳали у қизиникида, ҳали бу қизиникида куёвларнинг қош-қовоғига термулиб яшаб юрибди. Унинг қулоқлари остида тез-тез маҳалладошларининг "Етимларга жабр қилманг, арвоҳлар безовта бўлади", деган насиҳатлари жарангларди...
Барнохон ҳАЙДАРОВА,
жамоатчи мухбир.
|