№26, 06.06.2013 2013 ЙИЛ - ОБОД ТУРМУШ ЙИЛИ
ҲАЛОЛЛИКНИНГ УМРИ БОҚИЙДИР
Бугунги кун аёлининг жамиятдаги ўрни беқиёсдир. Унинг саломатлиги, саводхонлиги, илму маърифат нуридан баҳрамандлиги, тадбиркорлиги, фарзандлар тарбиясидаги жонсараклиги, қўйингки, таърифига сўз ожиз.
Дилоромхон опа Жалилова ана шундай таърифларга муносиб десак, янглишмаймиз.
Андижон шаҳридаги Мирпўстин маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Дилоромхон опа ва Маҳмуджон ака Жалиловлар хонадонига бугун ҳавас қилмайдиган инсоннинг ўзи йўқ.
- Оиламиз мушкул аҳволга тушиб қолганини эслолмайман, - дейди Дилоромхон опа. - Бунинг сабаби, қайинотам раҳматлининг тиниб-тинчимас, меҳнаткаш бўлганида, деб биламан. Бизга ҳам, болаларига ҳам "Ҳалол луқма топинглар. Аввало, одамларнинг ҳақидан қўрқинглар", - деб кўп гапирардилар.
Мен 27 йил 47- умумтаълим мактабида болаларга сабоқ бердим. Кейинчалик оилавий тадбиркорлик билан шуғулландик. Англадимки, рўзғордаги тўкинчиликнинг боиси ҳалол меҳнатдан экан.
Маҳмуджон ака ва Дилоромхон опанинг турмуш қурганларига 30 йилдан ошди. Лекин опанинг юзларидан халигача келинларга хос андиша, тортинчоқлик пардаси кўтарилмагандай.
Биз келинларнинг атрофдагиларни ҳурмат қилиши ҳақида кўп гапирамиз. Бу хонадонда ҳам шунга иқрор бўлдимки, келин нафақат уйдаги балки унинг яқинлари, қариндош-уруғларини ҳам эъзозлаши ҳаёт тарзига айланган.
Дилоромхон опа катта бир оилага келин бўлиб тушган. 5 нафар фарзанди бор Таваккалхон она тўнғич келинини ҳам олтинчи фарзанд қилиб бағрига олган. Обиджон ака билан Таваккалхон она болаларининг ҳаммасини ўқитиб, олий маълумотли қилиб қаторга қўшган. Уч нафар ўғилларига уй-жой тиклаб, рўзғорларини бўлак қилди. Бироқ тўнғич ўғил Маҳмуджон ва келини Дилоромхонни катта ҳовлида олиб қолди.
Табиатан юмшоқ, кенг феълли Дилоромхон опа ўқитувчилик ишидан ортиниб, катта ҳовлининг келди-кетдиси, қайнона-қайнотанинг хизматига ҳам улгуриб, уларнинг дуоларини олиб яшади.
- Кексалари бор уйнинг фариштаси бўлади, дейишади. - Қайнота, қайнонам билан 30 йил бирга яшадик, - дейди Дилоромхон опа. - Тўрт нафар болаларимни бирга улғайтириб, уйлаб жойладик. Қайнонам бетоб бўлиб қолганларида ишдан рухсат олиб, парваришлашни келинлик бурчим деб билдим. Уйда қолгач, бўш вақтимда мактабдан олган охирги маошимга 2 та тикув машинаси сотиб олиб, уйда тикувчилик қила бошладим. Ёшликда ўрганган ҳунарим асқотиб, шим, кўрпа, ёстиқ жилдлари тикиб, Шаҳрихонга ва ўзимизнинг бозорларга олиб бориб сотдик. Турмуш ўртоғим Маҳмуджон ака ҳам мактабда ўқитувчиликдан ортиниб, менга ҳамиша ёрдам бериб турди. Кейин у киши билан тадбиркорликни йўлга қўйдик. Олинган фойда ҳисобигага тикув машиналарини кўпайтирдик. Яхши яшаш учун ҳаракат қилдик. 10 йилда ўзимизни тиклаб олдик. Айни кунга келиб тикувчилик цехи ишини тўла йўлга қўйдик, 50-60 нафар қизни иш билан таъминладик.
Дилоромхон опанинг сўзларини тинглаяпман-у, оила, турмуш дегани нима ўзи, дея ўзимга савол бераман. Айтайлик,эр-хотин бирор юкни кўтаряпти-ю. эр: "Бу томонини мен олай, хотинимга оғирлик тушмасин" деб қайғурса, хотин ҳам худди шундай: "Менга оғир бўлса ҳам турмуш ўртоғимга қийин бўлмасин", деб фидоийлик қилса, бундай оила мустаҳкам бўлади. Лекин тан олиш керак, оиланинг асосий устуни барибир эркак кишидир. Рафиқасига суянчиқ, фарзандларига соябон, ота-онасининг ишонган тоғи - эркак киши ана шу мақомга муносиб бўлиши шарт. Болалар отадан қатъиятни, онадан меҳрни ўрганиб, ўсиши керак. Энг муҳими, хоҳ ўғил, хоҳ қиз бола бўлсин, ёшлигидан уларни меҳнатга ўргатиш керак.
Меҳнат қилган, ҳунар ўрганган бола ҳамма нарсанинг қадрига етадиган бўлади. Табиийки ҳаётда хор бўлмайди.
Дилоромхон опанинг оталари Собиржон ака Зияев ҳам 7 фарзандни, 5 қиз 2 ўғилни вояга етказиб, ҳаммаларини олий маълумотли қилган. Айниқса, қизларини аввал ҳунарга бериб, кейин олий даргоҳда ўқитган.
- Дадам узоқни кўзлаб иш қилган экан, - дейди Дилоромхон опа. - Мана, уйда қолганимда ана шу ҳунарим асқотди.
- Оиладаги тинчлик, хотиржамликнинг сири нимада? - деб сўрайман опага юзланиб.
- Авваламбор меҳр-оқибатда, ҳамжихатликда деб биламан. Тотувликнинг яна бир сири - биз доим бамаслахат иш қиламиз. Иккаламизнинг фикримиз кўпинча, бир жойдан чиқади. Бирга яшайверсанг, шундай бўлиб қоладими, билмадим.
Ҳа, эр-хотин ўртасидаги тушунмовчиликларни бартараф этувчи омил битта. У ҳам бўлса, меҳнат. Ҳар икки одам баб-баравар рўзғор халтасини елкасига кўтарса, оиласи, уйим-жойим деб тиришса, ўша оилада файз-барака бўлади. Ҳалол меҳнат орқасидан турмушингиз чиройли бўлгани сайин кўнглингиз равшан тортиб, бир-бирингизга меҳру муҳаббатингиз янада ортади. Муҳими, эр ҳам, хотиннинг ҳам ҳаётдаги мақсади Дилоромхон опа айтмоқчи битта бўлиши керак.
Падари бузрукворим "чуқур илдиз отмаган дарахтнинг умри қисқа бўлади", деб кўп такрорларди, - дея суҳбатга қўшилди оила бошлиғи Маҳмуджон ака Жалилов. - Бундоқ ўйлаб қарасам, ҳаётини эл - юрт фаровонлиги учун бағишлаган Обиджон отамнинг ўзи чуқур илдиз отган дарахт экан. Мен эса шу дарахтнинг бир мевасиман, холос.
Тадбиркор Маҳмуджон ҳожи аканинг ушбу дил сўзлари замирида бир олам мазмун ётибди. Дарҳақиқат, ҳаёт сўқмоқларида учраган мушкулотларни енга олмай, чуқур илдиз отолмай сарсон бўлган қанча умр эгалари бор орамизда.
Обиджон отанинг рўзғорни тўкис қилиш учун тинмай имконият излаш хислати катта ўғил Маҳмуджон акага "юққан" бўлса керак. Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилгач, ишбилармонликлари юзага чиқди. Айниқса, Маҳмуджон Жалиловнинг ишларини маҳалладошлари: "унинг саъй-ҳаракатлари нафақат ўз оиласининг, балки маҳалланинг ҳам қиёфасини ўзгартириб юборди", деганларича бор экан. У маҳалласида жойлашган "Мирпўстин ота" зиёратгоҳининг таъмирланиши, ёнига қўшимча янги бинолар қурилиб, янги қиёфа касб этилишида куч-ғайрат сарфлади. Натижада бу сўлим, ҳаёт қайнаган гўша одамлар билан ҳамиша гавжум зиёратгоҳга айланди.
Ҳа, бугун қайси ҳудудга борманг, мавжуд шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, оқилона меҳнатлари билан ўз бизнесини очиб, одамлар оғирини енгил қилаётган, маҳалла-кўйга фойдаси тегаётган мана шундай замондошларимизни учратиш мумкин. Уларнинг ҳам давлатга, ҳам ўзига, қолаверса, қишлоқ аҳлига тегаётган нафи, ҳалоллик билан амалга ошираётган тадбиркорлик ишлари ҳар қандай таҳсинга лойиқ.
Маҳмуджон ака ва Дилоромхон опалар ана шу ҳалол меҳнат орқасидан тўрт нафар фарзандлари Дилнозахон, Сабохатхон, Хуршидахон ва Дилкашбекларни вояга етказиб, олий ўқув юртларида ўқитишиб, уйли-жойли қилдилар. Қайнона, қайнотанинг дуоларини олган Дилоромхон опа бугун ўзи ҳам қайнона. Келини Хилолахон катта ҳовлининг келди-кетдисидан чарчамайдиган, катта-ю кичикнинг ҳурматини жойига қўядиган келин чиқди. 8 нафар набиралари бобожони ва бувижонисининг атрофида парвона.
Ҳа, оила муқаддас. Элга наф келтириш эса шараф. Ҳар иккаласини моҳирлик билан уддалаётган Жалиловлар хонадони эса вилоятимиздаги кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оилалардан биридир.
Зумрадхон
АБДУЛЛАЕВА.
|