Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№26, 06.06.2013

ДИЛДАН СУҲБАТ

ИНТИЗОМ ОМАДНИНГ АСОСИЙ КАЛИТИ

Гўзал хонанда Дилфуза Раҳимова бир неча йиллар илгари анча машҳур эди. Унинг дардли ва ёқимли овози майин мусиқа билан омухталашган ҳолда тингловчи кўнглидан мустаҳкам жой олган. Айниқса, унинг "Сен келмадинг", "Дунё", "Эй, дўст", "Кўрмагунча" каби қўшиқлари ўз тингловчиларини топиб улгурган. Бугун биз хонанда билан учрашиб, унинг катта саҳнада нега кўринмай қолганлиги ва айни кундаги фаолияти ҳақида суҳбатлашдик. Санъаткор билан бўлиб ўтган суҳбатни сизга ҳам илиндик.

- Негадир кейинги пайтларда жуда камнамо бўлиб кетдингиз. Ҳатто, сиз ҳақингизда "Дилфуза Раҳимова санъатдан кетибди", деган гап-сўзлар тарқалди. Бунга ўзингиз қандай изоҳ берасиз?

- Тўғри, кейинги пайтларда зангори экрандаги чиқишларим бир оз камайди. Аммо бу менинг санъатдан кетганимни билдирмайди. Чиндан ҳам халқ санъатда кўринишни фақатгина телевидениеда чиқиш деб ўйлашлари мумкин. Аммо мен бундай ҳисобламайман. Чунки телевидение ва радиодан ташқари ҳам санъат билан шуғулланиш мумкин. Ҳозир оммавий ахборот воситаларида кимнинг имкони бўлса, чиқиши учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Аммо ҳақиқий ижодкор чиқишлари билан эмас, балки иқтидори билан эл эътиборига тушади

Мен кейинги пайтларда бутун диққат-эътиборимни чинакам ижодга қаратганман. Шунинг учун ҳам кимларнингдир назарида камнамодирман. Лекин бир неча йиллик тинимсиз меҳнатларим боис, Худога шукур, ҳозир кўплаб янги ижод маҳсулларимни яратдим. Айни кунларда эса "Дўппи тикиб эркалаб", Толибжон Исроилов билан биргаликда куйлаган "Ишқ" номли дуэтимиз, "Куйласа юрак", "Юрт деса ким" каби кўплаб қўшиқларимни радио орқали тингловчилар эътиборига ҳавола этдим. Бир сўз билан айтганда, мен санъатдан кетмадим, кетмайман ҳам.

-Демак, асосий эътиборни ҳақиқий ижодга қаратиб, вақтингизни шу йўлда сарф этмоқдасиз. Аммо баъзи бир, фақатгина маблағ эвазига танилиб, ҳақиқий ижод нима эканлигини билмай юрган "санъаткор"ларнинг осонгина танилиб бораётганига қандай қарайсиз?

- Ҳар бир инсоннинг ўз фикри ва ақли бор. Ақлли инсон ҳеч қачон ўзига ярашмаган қилиқ қилмайди. Шунинг учун баъзи бир ёшларимиз овозини ишлаб, бир оз меҳнат қилиб, кейингина танилишга ҳаракат қилишса, яхши бўларди. Тўғри, уларда ҳаракат ва қизиқиш бор. Бу билан мен уларга қарши фикр билдирмоқчи эмасман. Аммо бир оз ўз устиларида ишлаб кейингина қўшиқ айтсалар, уларнинг қўшиқларига нисбатан нафақат мухлислар, балки мутахассислар томонидан ҳам эътирозлар бўлмасди. Қолаверса, халқимизнинг севимли санъаткорлари қаторидан ўрин олишарди. Бироқ, севимли бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Пул билан ҳамма нарсани ҳал қилса бўлади, ҳомий топдим, энди муаммо йўқ деб ўйлаганлар янглишишади. Бундай ўйлаш хато. Бундан ташқари, ҳар бир санъаткор мухлисларни ранжитадиган ишлар қилмаслиги керак. Ҳозирги чиқаётган қўшиқчилар орасида иқтидорлилари билан бирга, умуман, таланти йўқлар ҳам бор. Улар бугун санъатда тургани билан санъатнинг одами эмас. Улар менинг назаримда фақатгина санъатда ўзларини синаб кўриш учун кирганлар.

- Дилингизни оғритганларга қандай жавоб қайтарасиз?

Бундай ҳолатлар кам бўлса-да, лекин унга кўникиб қолганман. Инсон ҳар доим гуноҳ қилаверса, ҳеч қачон ўзини-ўзи тергамаса, қалби қорайиб, гуноҳларга ўрганиб қолади. Натижада у ўзининг гуноҳ қилаётганини ҳам билмайдиган даражага етиб боради. Шунинг учун ҳам уларга фақатгина раҳмим келади ва худодан инсоф сўрайман. Чунки Яратган уларнинг қалбини очмагунча, ўзларининг қанчалар тубанлашиб кетганини сезишмайди.

- Кечиримлимисиз?

- Ҳа, ўта кечиримлиман. Лекин охирги пайтларда кечиришдан ҳам чарчадим. Ўйлаб қарасам, кечиримлиликнинг ҳам чеки бор экан. Кечириб кетишингиз ёки кечира олишингизни кимлардир қўрқоқлик, кучсизлик деб қабул қилишар экан. Аслида мен ўта ғурурли, унча-бунча дардни, қайғуни менсимайдиган, иродаси кучли инсонман. Киши яшагани, ёши улғайгани сари кўп нарсаларни кўраверади. Ҳамманинг ўз ўрни, ўз даражаси бор эканлигини англаб етади. Шунинг учун ҳам инсон ҳар бир ишни ва гапни ўйлаб қилиши ва айтиши керак экан.

- Келинг, энди она ва аёл сифатида фарзандларингиз ҳақида суҳбатлашсак.

- Худога шукур, уч нафар қизим бор. Улар ақлли ва тарбияли бўлиб улғайишмоқда. Илоҳим, қизларимга кўз тегмасин. Мен уларнинг тарбияда ҳам гўзал бўлишларини хоҳлайман. Чунки санъатимни тўхтатиб бўлса ҳам ҳаётимнинг ярмини шу фарзандларимга бағишлаган эканман, тарбияда ҳам хатоликка йўл қўймасликка ҳаракат қиламан. Фарзандларим ҳар доим ва ҳар ерда "Ота-онангга раҳмат" деган гап олса, бу мен учун энг катта бахтдир. Шу боис уларга алоҳида вақт ажратишга ҳаракат қиламан.

- Фарзанд тарбияси борасида озми, кўпми тажрибага эгасиз. Айтингчи, бугун қизларни тарбиялашда нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?

- Одоб, ибо ва ҳаё қизлар учун энг керак бўлган жиҳатлардир. Шунинг учун ҳар доим қизларимга "Ҳаддан ортиқ бир нимага меҳр қўйма" деб ўргатаман. Чунки инсон ҳаётдан узилиб қолмаслиги, ўртада юриши керак. Агар инсон ўртамиёна бўлса, ҳар доим ютади. Чунки меъёрдан ортиб кетган нарса тезда атрофдагиларни бездиради. Пардозга ҳам, кийинишга ҳам аҳамият бериб, самимий бўлишлари керак. Қизларнинг кийими ёки пардозига қараб эмас, юриш-туриши, одобини кўриб ҳавас қилсин одамлар. Қизларимнинг бири коллежда, иккинчиси мактабда ўқийди. Кенжам эса, энди уч ёшга қадам қўймоқда. Худога шукур, улар эсли, одобли, ўқишда эса аълочи. Улар ҳақида устозларидан бирор марта ёмон гап эшитганим йўқ. Ота-она учун бундан ортиқ бахт ва қувонч бўлмаса керак.

- Фарзандларингиз орасида санъаткор бўламан, деганлари ҳам борми?

Ҳа, бор. Барчалари санъаткор бўламан, дейди. Чунки ҳаммасининг юрагида санъат яшайди. Улар мусиқасиз, рақссиз, қўшиқсиз ҳаётини тасаввур эта олишмайди. Айниқса, учинчи қизимда туғма қобилият бор. Овози ҳам, ўзи ҳам, куйлашлари ҳам гўзал. Қўшиқчи қандай нафас олиши керак бўлса, уларни ҳам билади. Агар у чиройли овозга эга бўлса ва яхши куйласа, албатта, санъат оламига киришига кўмак бераман. Лекин овози чиройли бўлмаса, санъатга яқинлаштирмайман. Агар ўзида хоҳиш ва интилиш бўлса, тўсқинлик қилмайман. Чунки ўзим санъатнинг нонини еб туриб қандай қилиб, уларни бу йўлдан қайтараман.

- Санъаткор маданияти деганда нимани тушунасиз?

- Санаъткор маданиятли, камтар ва албатта, интизомли бўлиши керак. Бу нима дегани? Санъаткорга берилган иқтидор бу илоҳий неъмат ҳисобланади. Бунинг қадрига етиш керак. Шунинг ортидан келаётган омад, барокат ва халқнинг муҳаббатини қадрлай билиши даркор. Тўғри, улар ҳам чарчайди. Бундай вақтларда мухлислар ҳам санъаткорларни тушунишларини хоҳлардим. Лекин мен айрим санъаткорларнинг одобсизлиги ва масъулиятсизлигини ҳурмат қилмайман. Ваъда қилдими, шу жойга бориши шарт. Бўлмаса, ваъда қилмасин. Бундан ташқари, санъаткор қаерга бормасин у ҳақида билишга, айниқса, унинг қарашлари, маданияти, ўзини тутиши билан қизиқадилар. Санъаткор ҳеч қачон ана шуларни эътибордан қочирмаслиги, ўз одобини, камтаринлик ва самимийлигини йўқотмаслиги жоиз. Чунки интизом, маданиятлилик омаднинг асосий калити ҳисобланади. Шунинг учун ҳам санъаткорда аввало, ана шу жиҳатлар бўлиши зарур деб ўйлайман.

- Газета мухлисларига тилакларингиз?

- Газета мухлисларига, қолаверса, газета орқали барча мухлисларимга, аввало, соғлик тилайман. Кайфиятлари ҳар доим аъло бўлсин. Ишларининг ривожини берсин. Ўйлаган ниятларига етишсин. Омад ва бахт уларни ҳеч қачон тарк этмасин.

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди