№24, 13.06.2013 АНДИЖОНЛИК ТАЛАБАЛАР МУВАФФАҚИЯТИ
Ўтган ҳафта Бухорода мамлакатимиз талаба ёшлари ўртасида ўтказилган "Универсиада-2013" мусобақаларининг финал босқичи якунланди. Талаба ёшларнинг кичик олимпиадаси деб аталаётган мазкур мусобақаларда вилоятимиз ёшлари ҳам муваффақиятли иштирок этдилар.
Жами 80 та медаль, яъни 21 та олтин, 34 та кумуш, 25 та бронза медалларини қўлга киритган андижонлик талаба ёшлар умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд вилояти жамоаларидан кейин 3-ўринга сазовор бўлдилар ва бронза медали, диплом ҳамда дамас автомобили билан тақдирландилар.
Қўлга киритилган ютуқларга айниқса, сузувчилар, курашчилар, енгил атлетикачилар, белбоғли ва халқаро кураш бўйича спортчиларимиз, баскетбол жамоамиз вакиллари салмоқли ҳисса қўшдилар.
Вилоятимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Андижонга қайтган талабалар кенг жамоатчилик томонидан тантанали кутиб олинди. Андижон давлат университетида ғолиблар шарафига бўлиб ўтган тантанада "Универсиада-2013" совриндорларини вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов муборакбод этди.
Х. СИДДИҚОВА.
|