№24, 13.06.2013 ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ
"ОНА АЛЛАСИДА ВАТАН МАДҲИ"
Юрак қўридан чиқиб, хуш наво мисоли таралаётган она алласига ҳеч қулоқ тутганмисиз? "Алла - мангулик мадҳияси. Аллада барча донишмандлар топган ва тополмаган донишмандлик яширинган", деб ёзган эди севимли адибимиз Ўткир Ҳошимов.
Алла буюк зотлар, мўътабар оналар қўшиғи. У оналарнинг шунчаки айтилажак қўшиғи эмас, балки, уларнинг қалбида яширинган орзулари, фарзандларига илинган тилаклари, жигарбанди учун Оллохга қилаётган нолалари, жарангларидир аслида.
Ёши катта кишиларнинг қулоғига алла эшитиларкан, беихтиёр болалигининг, гўдаклигининг беғубор дамлари ёдга тушиб, ўша дамлар соғинчи ила ширин энтикиб қўядилар.
"Она алласида Ватан мадҳи" деб номланган анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Алла" ижрочилари кўрик-танлови ҳам гўзал удумларимизни ўз ичига олганлиги билан эътиборга молик. Момоларимиз, бувижонларимиз бу удумни ҳамиша қадрлаб келганлар. Ҳали-ҳамон ўзбек хонадонларида бу гўзал наво - она алласи жаранглаб туради.
Тошкент шаҳридаги Муқимий номли ўзбек драма ва комедия театрида мазкур кўрик-танловнинг республика босқичи бўлиб ўтди. Танловнинг ўтказилишидан асосий мақсади ана шу миллий қадриятларимизни улуғлаш, ёш авлод қалбида Ватанга бўлган муҳаббат, садоқат, ифтихор туйғуларини шу алла орқали намойиш этишдир.
Ушбу кўрик- танловда Бўз туман маданият ва спорт ишлари бўлими жамоаси иштирок этиб, М. Мамадалиевнинг "Алла сеҳри" мавзусидаги сценарийси асосида миллий анъана ва қадриятларимизни ўзида мужассам этган "Бешик тўйи", "Чақалоқни чўмилтириш", "Той - той"каби маросимларни саҳнада моҳирлик билан ижро этишди.
Мумтоз қўшиқларни Жаннатхон Акбарова, Моҳларой Бўтаева, Минура Рўзиева созандалар ижросида маромига етказиб куйладилар. Айниқса, "Той-той" маросими кўринишида бир ярим ёшли Бекшод Ёқубовнинг ижроси жуда ишонарли чиқиб йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.
Якуний натижаларга кўра, танловда Бўз тумани жамоаси олий ўринга муносиб деб топилди ва Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан 1-даражали диплом ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланишди.
Ҳа, алла кириб бормаган хонадон, унинг сеҳрига асир бўлмаган инсон бўлмаса керак. Шундай экан, оналаримиз қўшиғи бўлган алла ҳар бир оилада ҳамиша жаранглайверсин!
Феруза РУСТАМОВА,
Бўз педагогика коллежи ўқитувчиси.
|