Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№24, 13.06.2013

ШУ АЗИЗ ВАТАН БАРЧАМИЗНИКИ

МУҲАББАТНИНГ МИЛЛАТИ БЎЛМАЙДИ

Инсонларни бир-бирларига яқин қилиб, ҳамиша боғлаб турадиган икки илиқ туйғу бор. Бу - меҳр ва муҳаббат туйғусидир. Меҳрнинг, муҳаббатнинг эса миллати, мамлакати бўлмайди.

Корейс қизининг Хўжаобод тумани Саноатчилар шаҳарча фуқаролар йиғинидаги ўзбек хонадонига келин бўлиб, келинлик вазифаларини ўзбек қизлариданда зиёда қилиб адо этаётганлигини эшитиб, тўғриси, унчалик ишонмадим. У яшаётган хонадонга қадам қўярканман, баланд нарвон устига чиқиб, чаққон ҳаракатлар билан узум хомток қилаётганини кўриб, ҳайратландим.

Бошидаги рўмоли ўзига ярашиб турган, оппоқ юзлари нурли, кўзлари кулиб турган бу ёш жувон ҳам назокатли, ҳам ёқимтой эди. Унинг чеҳрасидаги очиқлик, кўз қарашларидаги самимийлик одамда илиқ таассурот қолдиради. Ўзбек тилида шундай чиройли гапирарди-ки, "Наҳотки, шу келиннинг онаси рус, отаси корейс бўлса?", - дейсиз беихтиёр. Бунинг устига рус мактабида ўқиган, русча тарбия кўрган. Бугун эса ўзбек хонадонига келин бўлиб, ўзбекона уй тутишдан тортиб, миллий таомларни тайёрлашгача бўлган юмушларни бекаму-кўст уддаламоқда. Унинг тандирда ёпган нонларини айтмайсизми, ҳудди ширмон дейсиз.

- Ўткирбек ўғлимни "кўз тагига олганлар" кўп эди, - дейди қайнонаси Латофатхон ая чаққонлик билан дастурхон ёзаётган келинига кулимсираб қараркан. - Аммо, у мана шу Анжела қизимни танлади. Боламнинг кўнглига қандай қарши борамиз? Дадаси иккимиз оқ фотиҳа бердик. Ёшлар бахтли яшаса бўлди. Асосийси, ана шу Анжела билан Ўткирбек "Хўжаободшароб" ишлаб чиқариш хиссадорлик жамиятида бирга ишлашган. Уларнинг ўзаро илиқ муносабатларига шунчаки ўткинчи ҳис-туйғулар, дея нописанд қараганлар уялиб қолишди. Йигит ва қизнинг севгилари чин, аҳдлари мустаҳкам эди.

Кези келганда айтиш керак, гоҳида ота-оналар ўзларича, "Фарзандимга яхши бўлсин" дейишади-ю, ўзлари билиб-билмай хато қилиб қўядилар. Бу бор гап. Аммо Анжела билан Ўткирбекнинг ота-онаси ундай қилмадилар. Бир томонда Урайимжон ака билан Латофатхон ая, иккинчи томонда эса Людмила Шатурская ва Феликс Пан икки ёшнинг қарорини қўллаб-қувватладилар. Қудалар ўзбек, рус ва корейс миллати анъаналари акс этган чиройли тўй ўтказишиб, фарзандларига бахт тилашди.

Шундай қилиб, 1999 йилдан Пан Анжела - Анзират Умаралиева бўлиб қолди. Қайнона-қайнотаси, яқинлари, қўни-қўшнилар бу ёқимтой келинни суйиб, Анзиратхон, деб атай бошладилар.

- Аввалига бироз қийин бўлди, - деди Анжела илк келинлик даврларини хотирлаб. - Ахир, мен бутунлай бошқа шароитда, бошқа муҳитда ўсганман. Аммо одам қилганини одам қилади, дейишади-ку?.. Лекин қайнонамга раҳмат. Эринмай, сабр-тоқат билан ўзбекча урф-одатлар, уй тутиш, меҳмон кузатиш, хуллас, ҳамма-ҳаммасини ўргатди. Қолаверса, биз ўзбеклар билан азалдан ёнма-ён яшаймиз. Уларнинг тўй, маросимларида бирга бўламиз. Яшаш тарзлари, урф-одат, анъаналари бизга таниш, шунинг учунми, мен ҳаммасига тезда ўрганиб кетдим. Қайнонам: "Ўғлим қатори бир фарзандим", - дея менга меҳрини берди. Мен ҳам ўз ўрнида, келин бўлган хонадонга меҳр қўйдим. Қайнона, қайнотамни, оиламизнинг бошқа аъзоларини ҳам ҳурмат қилиб, хизматимни аямадим. Қайнотамга, овсиним, опаларимга раҳмат, менга ёрдам беришиб, ҳамма-ҳаммасини ўргатишди. Секин-аста барчасига кўникиб кетдим.

- Оиламизда сира "сен-мен" га бормаганмиз, - дейди қайнонаси Латофатхон ая. - Ахир, у қайси миллат бўлмасин, ҳаммамиз ҳам инсонмиз. Инсонларга хос муомала, бир-бирига ҳурмат, оқибат бор жойда албатта, файз-барака бўлади. Худога шукр, ҳеч нарсадан камчилигимиз йўқ. Қудаларимиз билан борди-келди қиламиз. Анзиратхон қизим ота-онасидан тез-тез хабар олиб туради.

- Ҳаётингиздан афсусланмайсизми? - сўраймиз Анжеладан.

- Йўқ, - деди у қатъий. - Чунки ўзим севган, орзу қилган инсон билан яшаяпман. Ўғлимиз бор бор. Қолаверса, қайнотам, қайнонам ҳам мени тўғри тушунишиб, ўз қизидек кўришади. Мен ҳам уларни ҳурмат қиламан. Ота-онам ҳам тинч, яхши яшаётганимдан хурсанд. Улардан тез-тез хабар олиб турамиз. Бир аёлнинг бахти бўлса, шунчалик бўлади-да.

Анжела ҳақ гапни айтди. Осудалик, хотиржамлик ҳукм сурган, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик барқарор бўлган, оилада сени тушуниб, эъзозлайдиган инсонлар билан яшаш ҳам аслида бахт.

Раҳимахон

АБДУРАҲМОНОВА,

Хўжаобод тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди