Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хар тугрида

№24, 13.06.2013

БУГУННИНГ ГАПИ

ИНТЕРНЕТ НИМАГА ХИЗМАТ ҚИЛЯПТИ?

БИРИНЧИ ВОҚЕА

Баҳодир бир ҳамкасбининг қизиқтируви билан "Одноклассники" сайтига кирдию, унинг "асирига" айланди-қолди. Ишдан бўшади, дегунча телефонга ёпишади. Ҳатто овқат вақтида ҳам, кечаси ҳам шу сайтда бир "гаплашиб" олмаса бўлмайдиган бўлиб қолди. Хотинининг "телефон жинниси" эканлигидан доим жаҳли чиқарди, энди эса эру-хотин бир хил. Васила эса Баҳодирни "тушунгандек" бўлди.

Бир куни Баҳодирни армия сафида бирга хизмат қилган дўсти йўқлаб келди. Узоқ суҳбатлашишди. Суҳбат оила мавзусига келганда, дўстининг афсус ва надоматга тўла сўзларини эшитган Баҳодир қалқиб кетди.

- Хотиним икккинчи фарзандимизни дунёга келтирдию, ўзгарди. Аввалари ҳам телефонни соатлаб қўлдан қўймасди. Унга ишонганим боис бунга эътибор бермасдим. Кўпроқ хизмат сафарларида юрганим учун фарзандларимни аёлим тарбиясига ишондим. Аммо... унинг телефони ногоҳ қўлимга тушдию... - чуқур "уф" тортиб давом этди дўсти. - Биласанми, Баҳодир аёл кишининг макри қирқ туяга юк бўлиши ҳақиқатлигига ишондим. Мен билан яшаб, бошқаси билан "юраркан"! - йигит асабийлашиб кетди. - Яна қаерда танишганини эшит: "Одноклассники"да! Урдим, сўкдим, ҳатто жаҳл устида ўлдириб қўяй дедим. Онам тўхтатиб қолдилар. У эса... уялмай ўша интернетдаги "ошиғи" ни "севиб" қолганини тан олди!

- Унда нега сен билан яшаётган экан? Баҳодир ажабланди.

- Ўғлим учун-да! Энг даҳшатлиси, қизим менинг зурриёдим эмас экан! - дўсти асаблари таранглашганидан қўлларини ҳуда-беҳуда қисирлатар, бошини сарак-сарак қилиб, уф тортарди.

- Энди нима қиласан?

- Эҳ, дўстим, мен ҳаммасини тугатдим, қилар ишни қилдим. Ўша куниёқ унинг ота-онасини чақирдим. Воқеани билган отаси кўз ўнгимда қизини оқ қилди. Онаси ялинди, ёлворди, узр сўради. Аммо не наф? Ўғлимни олиб қолиб, шариатнинг ажримини айтдим. Судга ариза бердим. Иш фойдамга ҳал бўлиб, ўғлим мен билан қолди... Э-э, бу телефон, интернет деганлари шу экан, дўстим, - офат экан...

Баҳодир дўстини қолишга ҳар қанча таклиф қилмасин, рози бўлмади. У кетгач, Баҳодирнинг кўнглига ҳам шубҳа оралади. Хотинининг ошхонада куймаланаётгани қўл келиб, унинг телефонини олди. Арзирли нарса тополмагач, диванда ётган кўйи Василадан сўради:

- "Одноклассники" га ҳеч қизиққанмисан?

- Қизиқмисиз, дадаси, менга нима бор интернетда. Ана, болаларингиз "интернет" менга...

Аммо шайтон қурғур кўнгилга гумон солдими, тамом, ундан қутилиш қийин. Баҳодир ҳам хотинидан "сотка"ни олиб қўйдию дили бироз ёришди. Ҳайрон бўлаётган хотинига эса тез кунда уй телефони тушириб беришини ваъда қилди...

ИККИНЧИ ВОҚЕА

Дурдона дадаси совға қилган сўнгги русумдаги қўл телефонидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Табиатан тиришқоқ, изланувчан бу қиз олийгоҳни битириш арафасида чет элда ўқишни давом эттириш истагида эканини айтганда, онаси қаршилик қилди: "Қиз боласан, ёшинг бир жойга бориб қолади-ку, хорриждан қайтгунингча!"

Аммо дадаси у тараф бўлди: "Майли, топшириб кўр. Синовлардан ўтсанг, марра сеники! Олима бўлишингни истайман!"

Дурдона диплом олдию, Швейцариядаги нуфузли олий ўқув юртининг магистратура бўлимига ўқишга тайёрлана бошлади. У маълумотлар учун интернет кафеларига, кутубхоналарга бориб ўтирмади. Қўл телефони орқали интернетнинг маълумотлар рўйҳатидан ўзи учун кераклиларини олди, фангга оид сайтлар орқали билмаганларини ўрганди. Вақтини интернетнинг ўзининг мутахассислигига тўғри келадиган хабарлар ва маълумотларни йиғиш, хориждаги тенгдош - талабалар билан фикр алмашишга сарфлади...

Энди Дурдона синов натижаларини интизорлик билан кута бошлади. Ниҳоят, кутилган муддат етиб келди. Қувонарлиси, синов натижаларининг ҳам интернетнинг махсус сайтида эълон қилингани бўлди. Талабалар сафига қабул қилинганлар орасида ўзининг исм-шарифини кўриб, қиз қувончдан йиғлаб юборди...

ХУЛОСА

Тобора тараққийлашиб бораётган давр одамларни нима билан қувонтиряптию, нималари билан безовталикка кўмиб ташлаяпти? Ҳаётимизга жадаллик билан кириб келган интернет бизга нима берди ёки беряпти? Ёҳуд бизни қай мезонлардан айиряпти?

ОАВ нинг деярли кунлик мавзусига айланиб қолган бу тараққиёт омили инсонларни, асосан, ёшларни жаҳонга чиқишларига, билимдон тенгдошлари сафида бўлишларига, дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган янгиликлар, воқеалар билан ҳамнафас бўлишларига ёрдам бераётгани қувонарли ҳол. Юртимиз бўйлаб кенг тарқалган интернет сайтларидан исталган мавзуда исталганча маълумот топиш мумкин. Бу, албатта, ҳаммага бирдек манфаат олиб келавермайди. Фаолияти, ўқиши интернет билан доимий боғлиқ юртдошларимиз учун бу кенг имконият. Аммо масаланинг яна бир томони борки, у кишини ўйга толдиради. Юқоридаги биринчи воқеада келтирилган мисол кабилар бугун қулоғимизга тез-тез чалинаётгани сир эмас. Интернетнинг бугунги кунда энг оммалашган "Одноклассники" ва "Фейсбук" сайтлари орқали юзага келаётган оилавий низолар, ёшлар тарбиясининг бузилиши каби муаммолар ечимини қай йўл билан ҳал этиши мумкин? Асосий айбдор ким? Бу сингари саволлар талайгина, бироқ жавоб...

Ҳаётимизда учраётган "интернет орқали ўз ярмимни топдим. Чет эллика турмушга чиқаяпман" қабилидаги гаплар, бахт ҳақидаги ширин орзулар, бориб-бориб шунчаки саробга ёки одам савдосига тақалаётгани ҳам айрим юртдошларимизни сергаклантирмаётгани таажжубга солади кишини. Аҳир миллий ғурур, оиланинг муқаддаслиги ҳақидаги тушунчалар қаерда қолди? Чет эл фильмларидаги муҳаббатга ишониб, интернетдаги танишув билангина турмуш қуриб, ҳеч қанча вақт ўтмай фарзандини бағрига босиб, "хато қилибман", дея йиғлаб қайтиб келаётган ёки ўз хатоси қурбонига айланиб алданган қизлар ҳам йўқ эмас. Яна бир мисол, ота бўлмиш ўз оиласидан, фарзандларидан воз кечиб, судга ажрашиш учун ариза берган. Сабаб эса, ҳатто айтишга арзимайди. Нима эмиш, интернет орқали, "Одна"да танишиб ҳақиқий "муҳаббати"ни учратганмиш. Қарангки, кўз очиб кўрган рафиқаси, икки ўртада тирик етимликка маҳкум бўлаётган қоракўзлари ҳам, уни бу йўлдан қайтаришга ожиз. Шундай воқеликларни кўрганда, "интернет бузғинчилик ўчоғига айланиб қолмаяптими?" деган ҳақли савол туғилади. Дарҳақиқат, энг аввало, интернетга "кираётган"лар ундан тарбия ва таълим мезонларига таянган ҳолда фойдалансалар, орамизда адашган ва алданганлар сафи камаярди. Ўзбек оилаларидаги хаё, никоҳга садоқат, ўзаро ҳурмат, андиша сингари муқаддас тушунчалар ўз қадрини йўқотишига йўл қўймаслик бизнинг бурчимиздир. Бу борада юзага келаётган муаммолар учун барча бирдек масъул. Сиз нима дейсиз, азиз газетхон? Бу ҳақдаги фикр мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

Зилола

РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди