№24, 13.06.2013 ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА
ҚАЙНОНА ҚАЙНАСА...
Чечаклар барқ урган ёқут фасл - баҳор палласида Карима ва Ботир иккиси мактабни тугатиш арафасида эди. Уларнинг қалбида куртак ёзаётган муҳаббат тинмай денгиз тўлқинидай мавжланарди.
- Қаерга ўқишга борасиз? - сўрайди Ботир Каримадан.
- Тошкентга, - дейди қиз ийманибгина.
- Унда биз ҳам Тошкентда ўқир эканмиз-да? - ўсмоқчилайди Ботир.
- Мен жиддий гапиряпман, ТошДУда ўқимоқчиман, - аниқлик киритади Карима.
- Мен ҳам ТошДУнинг филология факультетига ўқишга кирмоқчиман.
Ёшларнинг покиза ниятларига фаришталар "омин" деган эканми, ҳар иккиси ҳам ниятларига етишди. Ботир филология Карима эса география факультетига ўқишга киришди. Хаш-паш дегунча, олийгоҳни ҳам тугатишди.
Бир куни Ботир пайтини топиб онасига Карима ҳақида сўз очди. Онаси кибрли аёл, шундан бўлса керак, бу "хабар"ни эшитгач, қиз томоннинг оиласини ўзига муносиб кўришни истамади. Бироқ ўғли қаттиқ туриб олгани учун, ноилож қиз томонга совчи юборилди.
Тақдир экан, тўй бўлиб ўтди. Оила, рўзғор деган катта ҳаёт уларни ўз домига тортиб кетди. Қайнона келинининг эпчиллигидан қувонса-да, баъзида арзимас айбларни топиб, дашном бериб, қайнаб турди.
Келин пазанда, қўли ширин эди. Аммо дастурхонга келтирилган таомдан, албатта, бирор камчилик топиларди. Бугун ҳам хафсала билан қилинган паловдан тотиниб кўриб, қайнонаси зарда аралаш:
- Келин, қачон ош қилишни ўрганасиз, ланж қилиб қўйибсиз-ку? - дея танбеҳ берди.
У энди чидамади, кўзига ёш қуйилиб, дастурхондан туриб кетди.
Бундай дилозориликлар кунда бўлиб туради. Ботир икки ўт орасида қолди. Лекин ҳар сафар аёлини овутаркан, онасига ён босади: "Отасиз ўстирган бизни. Шунинг учун инжиқликларини юрагингизга яқин олманг. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади..."
Бир куни келин эшикдан кириб келган қайнонасига пешвоз чиқиб, салом берди. Унинг эса қовоғи тунд, тўйдан берилган оқ дуррадаги тугунни келинига узатаркан:
- Қўшнимнинг келиндан пешонаси ярқираган экан. Э, нақд бир мошина сеп билан келди-я! Ўғлимнинг: "Шуни олмасам бўлмайди", деб оёқ тираб топган хотинининг аҳволи эса бу... Пешонани қара-я?
Карима яна ичи эзилиб, йиғлаб юборгудай бўлди.
- Келин нимага қаққайиб турибсиз, қўлингиздаги тугунни қўйиб, овқатингизга қаранг, таги олиб кетади ҳозир!
Каримахон ўзини ўнглаб, ошхона томон юрди. Ботиржон уйдан чиқиб, онаси билан сўрига ўтиришди. Бир гапни қайта-қайта гапираётган онасига ўғил қаршилик билдирди:
- Онажон, нима кераги бор шу гапларни?..
- Сен жим ўтир, одамда бир мундоқ орзу-ҳавас деган нарсалар бўлади, - уни астойдил жаҳли чиқди. - Хотининг ўқисам бўлди, деб юраверган экан-да?! Эҳ, аттанг... Мен билан кимлар қуда тутинишмасди-я?
Карима ошхонада туриб ҳамма гапни эшитди. Кейин ташқарига чиқиб, сўрига яқинлашди. Хонтахтага дастурхон ёзиб, чой келтирди. Қайнонаси келинига қараб:
- Менга қаранг, келин, - деди заҳархандалик билан. - Отангизнинг бирон-бир нима олиб бериш нияти борми ўзи? Ҳа, олиб берса сизга олиб беради-да, менга бўлармиди? Уйингизни қаранг, қуп-қуруқ! Уят деган нарсаям қолмабди сизларда!
Кариманинг тоқати тоқ бўлди, энди оғиз жуфтламоқчи бўлиб турганди, Ботир "гап қайтарманг", деган маънода имлаб, бош ирғади. Кариманинг айтмоқчи бўлган гапи яна бўғзини куйдирди. Бошини қуйи эгиб, ошхонага йўналди.
Келинининг бир оғиз гап қайтармаслиги ҳам қайнонага малол келди:
- Менга қаранг, - жаҳл қилди у. - Нима деяпсан ҳам демайсиз-а? Менсимаяпсизми?! Эртага бориб ота-онангизга айтинг, уйингизни тўлдириб беришсин. Бўлмаса, остона хатлаб келмайсиз бу уйга!
Ботир қотиб қолди. Онасига бир қаради-ю, одоб юзасидан ўзини базўр босиб ўтирди.
Карима туни билан йиғлаб чиқди. Эрининг таскин-тасаллилари наф бермади. Эртасига ишдан сўнг уйга бормоқчилигини айтганди, Ботир: "онамнинг олдиларидан бир оғиз ўтинг", деди. Карима эрининг гапини қилиб, қайнонасидан изн сўради.
- Кечаги гапим гап... - деди қайнонаси отдан тушса ҳам, эгардан тушмайдиган феълини намойиш қилиб.
Камсуқум ва ройиш бўлган келин яна индамади, ўкинч билан қадам ташлаб ҳовлидан чиқиб кетди.
Ҳаёт осон эмас экан. Турмушнинг мушти инсонни енгиб қўйиши ҳеч гап эмас, айниқса феъли тор инсон билан муроса қилиб яшаш жуда мушкул кечаркан. Карима шу кетганча, ота эшигида узоқ вақт қолиб кетди. Бахтга кўра ота-онаси мулоҳазали одамлар: "Сабр қил, қизим. Қайнонанг талаб қилган ҳамма нарсани олиб берамиз. Сени ўқитиб олсак, марра бизники деб, ошинолмай қолдик-да", дейишди улар.
Орада иккинчи ўғилга бой хонадондан келин туширишди. Қайнонанинг орзу-ҳаваслари ушалди. Қувончи ичига сиғмай юрди. Аммо бадавлат одамларнинг гап-сўзи ҳам ўзига яраша бўлар экан. Қайнонани янги келин менсимади: "Бизникида ундоқ эди, бизникида бундоқ эди", - деб димоғ-фироқ қилди. Бу каби кўнгилни ўйиб юборадиган гап-сўзлардан қайнона эсанкираб қолди. Орадан икки ой ўтди-ю, қудаси келиб, келин-куёвларни бошқа уйга кўчириб олиб кетишини айтди. Шаҳардан беш хонали уй ва енгил машина совға қилишини, куёв тўрани ҳам ўз ёнига олиб ишлатишини айтди.
Қайнона яна лом-мим деёлмади. Шунда негадир унинг кўз ўнгида катта келини Карима гавдаланди. "Вазмин эди, андишали эди... - ўйлади у. - Қудаларим-чи, ўз иззатларини сақлашди. Бирор марта юз келиб, ади-бади айтишмади. Нега мен бунчалар майдалашиб кетдим-а?.."
Эрталабки нонуштада онаси гап бошлади:
- Ўғлим, хотинингни олиб кел. Бу уйлар келинимсиз хувиллаб кетди...
Ботир чой хўплаётганди, томоғига туриб қолай, деди ўзиям.
- Онажон, ахир, у...
- Гапни кўпайтирма, бугундан қолдирма, тушундингми?! - ўдағайлади онаси.
-Хўп... хўп - қувончдан юзига табассум ёйилди ўғилнинг. Онасидан бундай гап чиқади, деб сира ўйламаганди.
Каримани ота-онаси катта юк машина тўла мебель билан кириб келишди. Қайнонаси бироз ноқулай ҳис қилди ўзини. Лекин сир бой бермади.
Келди-кетдилар росмона тўйга айланиб кетди. Меҳмонларни кузатганларидан сўнг эса сўрида ҳордиқ чиқариб ўтириб ўйланиб қолди: "Чуқур мулоҳаза қилиб кўрсам, бу уйлар бемаъни дабдабалар билан эмас, балки гўзал хулқли инсонлар билан хосиятли бўларкан".
...Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, уйга янги меҳмон келди. Карима ўғил фарзанд кўрди. Қайнонасининг кўнгли шодликка, хонадон файзга тўлиб кетди.
Соҳибахон
ҲОШИМОВА.
|