№26, 27.06.2013 БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ ҲАМКАСБЛАР!
Мамлакатимизда 27 июнь - матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Бу кун халқ дардини, унинг қувончларини оммага етказиб, улар билан ҳамоҳанг яшаётган ижодкорлар, нашрлар, матбаачилар матбуот тарқатувчилар байрамидир. Уларнинг барчаларини шарафли касб байрамлари билан муборакбод этамиз. Вилоятимиздаги ОАВ ҳамда улар билан ҳамкорликда ишловчи ташкилотларда самарали фаолият олиб бораётган аёлларнинг айримлари билан суҳбатда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳаза ва байрам тилакларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Гулнора
ЁҚУБОВА:
"Андижон
Матбуот
тарқатувчи"
МЧЖ иш
юритувчиси.
Мана 29 йилдан буён "Андижон Матбуот тарқатувчи" МЧЖда ишлаб келмоқдаман. Вилоятимизда чоп этиладиган газета ва журналлар таҳририятлари билан доимо ҳамкорлик қиламиз. Матбуот нашрларни ўқувчиларига ўз вақтида етказиб бериш асосий вазифамиз ҳисобланади.
Жорий йилда нашрларга белгиланган обуна режаси 103,5 фоизга бажарилди. Демак, бу борада қилинган саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини бермоқда. Бир неча йилдирки, нашрларга обуна ташкил этиш, намунали хизмат кўрсатиш борасида тизимимиз ходимлари, матбуот дўконлари, туман ва шаҳар бўлимларимиз ўртасида танлов ўтказиб келамиз. Бу эришилаётган муваффақиятларда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилдаги ғолибларимиз куни кеча бўлиб ўтган байрам тадбиримизда муносиб тақдирланди.
Ҳа, журналистика нақадар машаққатли бўлса, чоп этилган газета ва журналларни ўз вақтида мухлисларга етказиб бериш ҳам катта масъулият талаб этади. Ана шу масъулиятли вазифани уддалаб келаётган барча ҳамкасбларимизни, ОАВлари ходимларини байрам билан табриклайман.
Мавлуда
АҲМЕДОВА:
"Тараққиёт"
телерадиокомпанияси
сухандони.
- Тележурналист бўлишга ёшлигимдан қизиқардим. Бошловчи журналистларнинг кийимларидан тортиб, соч турмакларигача синчиклаб эътибор қаратардим. Турли байрам ва тадбирларда ташкилотчилик қилиб бошловчи сифатида ўзимни синаб кўрардим. Шеърлар ўқиб берардим. Бу ўзимга ҳам ёқарди. Шунинг учун телевидениеда иш бошлаганимда микрафон ушлаб интервъю олиш, телекамера қаршисида ўзимни ноқулай сезиш, ҳаяжонланиш бўлмаган, десам бўлаверади.
Мен ҳамкасбларимни ҳурмат қиламан, яхши кўраман. Биласизми, бу касб эгалари зиммасида катта масъулият бор. Бу масъулият уларни ҳаётда ҳамиша фаол ва фидойи бўлишга ундайди. Шу орқали улар кенг жамоатчилик эътирофини, ҳурматини топади. Ниятим барча ҳамкасбларимизга халқ олдидаги ҳурматга доғ туширмасдан ижод қилишлик насиб этсин. Барча соҳа вакилларини байрам билан қутлайман.
Марҳаматпошша
УМАРОВА:
"Ўзбекистон
почтаси" ОАЖ
Андижон
филиали
Иқтисодий
таҳлил ва
прогнозлаш
бўлими бошлиғи.
"Андижон почтаси" очиқ акционерлик жамияти Андижон филиалида фаолият юритаётганимга 21 йилдан зиёд вақт бўлди. Мутахассислигим иқтисодчи (Андижон халқ хўжалиги институтини тугаллаганман) бўлганлиги учун иқтисодий таҳлил ва прогнозлаш бўлимида ишлайман. Фаолиятимиз кўп қиррали. Аҳолига малакали почта хизматини кўрсатиш, юртдошларимиз ўртасида вақтли нашрларни тарғиб қилиш, уларнинг обунасини ташкил этиш, сўнг газета ва журналларни обуначиларга ўз вақтида етказиб бериш каби йўналишлардан иборат.
Бу йўналиш бўйича газета, журнал таҳририятлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келамиз. Таҳририятлар билан шартнома асосида иш юритиб, нашрларни ўз вақтида газетхонларга етиб боришини таъминлаймиз.
Айни пайтда филиалимиз 4 минг 397 та вақтли нашрларни, хусусан, вилоятимизда чоп этиладиган 19 номдаги газеталарни обуначиларга тарқатиш ва сотишбўйича иш олиб боради. Умуман тизимимизда 1047 нафар ходимларимиз самарали фаолият кўрсатмоқда.
27 июнь - Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан элни маърифатга чорлашдек хайрли ишга елкадош бўлган ҳамкасбларимизни, барча матбуот ходимларини касб байрамлари билан қутлайман.
Лазиза
МАМАЖОНОВА:
- "Водий
садоси"
телерадиокомпанияси
ходимаси.
Бугун юртимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётган, қалам тебратаётган, ОАВ ходимларининг касб байрами.
Бир ўқиганда, бир эшитганда, бир кўрганда баъзи бир инсонлар учун бу иш осондек туюлади. Лекин унинг замирида уни тайёрлаш жараёнида жуда катта меҳнат ётади. Радио, телевидение ҳақида гап кетганда энг тезкор маълумот етказиш воситаси сифатида унинг ўрни ва роли ниҳоятда катта.
Шу ўринда таъкидлашни истар эдимки, "Водий садоси" ёшлар телерадиоканали ҳам юртдошларимиз севиб томоша қиладиган каналлардан биридир. Мен ушбу телевидениеда иш бошлаганимда АДУ нинг хорижий тиллар факультети талабаси эдим. Журналистикага қизиқиш, телекўрсатувлар тайёрлаш ва олиб боришга бўлган иштиёқим сабаб, имконият туғилди-ю, ўзимни синаб кўрдим. Бу ишда тележурналист Сабоҳат опа Раҳмонова менга катта ёрдам берди. Дастлаб "Янгиликлар", сўнг ёшлар ҳаётини ёритадиган телекўрсатувлар тайёрлаб, томошабинлар эътиборига тушдим. Оператор Акмал Мўйдинов билан биргаликда, ёшларбоп, кўнгилочар кўрсатувлар тайёрлаш учун доимо изланиб иш олиб борамиз.
Бугунги байрам кунида барча матбуот ва ОАВ заҳматкашларини, телевидениелар техник хизматчиларини касб байрамлари билан чин дилдан муборакбод этаман.
Мукаррама ҒАНИЖОН ҚИЗИ:
- "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист".
Дунёда энг оғир юк бу - Сўз юкидир. Сўзи ва иши муштарак инсонгина ҳақиқий ижодкор бўла олади. Мен ижоднинг қайси йўналишида бўлмасин, ўз сўзига муносиб, ҳалол ва фидойилик билан қалам тебратаётган журналист-ларни чексиз ҳурмат қиламан. Айниқса, бу соҳада Аёлнинг улуғворлигини, унинг бетакрор ўрни ва роли борлигини кўраман. Кимдир шеъриятда, кимдир адабиётда юксак чўққиларни забт этади. Умуман, аёл қўли теккан ҳар бир меҳнатда юракнинг овози, меҳр, муҳаббатнинг ҳарорати бор. Ўз касбининг ошиғи бўлган ана шу аёлларга чинакам бахт, хотиржамлик, фарзандлари камолини кўриш бахти, хуллас, икки дунё саодатини тилайман. Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азиз ҳамкасблар!
Ойдин МАМАДАЛИЕВА:
"Холис" газетаси мухбири.
Одамларнинг яшаш тарзи ҳақида ёзиш мени доим қизиқтириб келган. Янгиликлардан бохабар бўлиб тураман. Бу касб тақозоси. Тўғри, ҳар бир касбнинг қийин ва осон томонлари бўлади. Қийинчиликларига чидаб, хуш томонларидан завқланиб ишлаш ҳам ҳақиқий журналистнинг қўлидан келади. Ва яна шуни алоҳида таъкидлашим керакки, бу касбни танлаган ҳеч бир ижодкорнинг шунчаки ишлашга ҳаққи йўқ. Журналистикада куч-ғайрат, илҳом бўлмаса бирор нимага эришиш қийин. У борини бериб, сидқидилдан ижод қилиши даркор, деб ўйлайман. Мен ҳам доимо қўлимга қалам олганимда "Хўш ёзганларимни ўқиган муштарий ўзига бирор нарса олармикан?" деган саволни кўндаланг қўяман. Чунки ҳаммага маълум гапларни такрорлайвериш газетхонни бездиради. Шунинг учун ижодкор ўзи таъсирланиб, ўзи ёниб ёзсагина, ёзганлари билан мухлислар қалбига етиб боради. Машаққатли ва шарафли касб эгалари бўлган барча ҳамкасбларимни касб байрамлари билан муборакбод этаман.
|