№26, 27.06.2013 ОДАМ САВДОСИ - ҚУЛЛИК БАЛОСИ
Инсон қадри азиз, шаъни, ор-номуси дахлсиздир. Динимиз инсон қадрини эьзозлайди, кишиларни хўрлашдан, қул қилишдан қайтаради. Динимиз таълимотига кўра, ирқи, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги ўрнидан қатъи назар, барча инсонлар тенг ва ҳурдир.
Ислом дини илк даврлариданоқ қулчиликни, одам савдосини қаттиқ қоралади. Қул озод қилишни етук фазилат сифатида майдонга олиб чиқди, уни ҳатто ибодат даражасига кўтарди. Пайғамбаримиз (с.а.в) мусулмонларнинг баъзи бир ишларда йўл қўйган хато ва гуноҳлар эвазига бир ёки ундан кўп қулни озод этиш тартибини жорий қилди. Бу ҳукм инсонлар орасида бир-бирларини камситиб, устидан ҳукмронлик қилишни, яъни қул қилиб ҳаққини бермай ишлатишни ман қилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в) "Ким бир қулни озод этса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида қутқарилган инсоннинг ҳар бир аъзоси баробарига ҳалоскорининг аъзоларини дўзахдан қутқаради", деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиздан (с.а.в) бу хабарни эшитган саҳобалар ўзларининг қулларини озод қилишга шошилган. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) каби улуғ саҳобалар пулларини сарфлаб бўлса ҳам бошқа инсонлардаги қулларни озод этганлари маълум. Демак, мусулмон инсон бировларни қул қилиб сотмайди, аксинча алданиб, кимларнингдир қулидай ишлаётган инсонларни ўша қийинчиликдан қутқариш ҳаракатида бўлишлиги лозим. Ислом ҳур инсонни сотишни таъқиқлайди.
Абу Ҳурайра (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қилган ҳадисда: Аллоҳ таоло: "Мен қиёмат куни уч тоифа кишининг даъвогари бўлурман: менинг номим билан аҳд бериб, кейин алдаган одамнинг, озод инсонни қул деб сотиб пулини еган одамнинг ва мардикорни ишлатиб ҳаққини бермаган одамнинг, - деди (Имом Бухорий ривояти).
Эътибор берайлик, Пайғамбаримиз(с.а.в) инсонни сотиб юборган киши қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таолонинг олдида жавоб бериши ҳақида бизларни огоҳлантирмоқда. Минг афсуски, ҳозирги кунда озгина дунё матосига берилиб, фақат бугунини ўйлаб, ўз юртдошларини, маҳалладошларини, ҳатто миллатимиз давомчилари бўлган аёлларни алдаб, сотиб юбораётган инсонлар ҳақида эшитиб ҳар қандай инсон оғир ўйга толади. Наҳотки, ўша одамларни алдаб сотиб юбораётган кимсалар бу ишлари учун куни келиб қонун олдида жавоб беришини ва қиёмат куни Аллоҳнинг қаттиқ азоблари борлигини билмайди. Ва ўйламайди-ки, бир кун келиб ўзининг яқинлари ўғил-қизлари мана шундай аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини. Бундай кимсаларнинг нопок қилмишлари сабабидан ўзга юртларда азоб чекаётганлар оиласи, ота-онаси, фарзандлари даврасига соғ-саломат қайтиш умиди билан яшаётганлар оз эмас. Бу дунё қайтар дунё ўша одам савдосини ўзларига касб қилиб олиб, мўмай даромад топиб юрганлар билсинки, сотилган кишининг ота-онаси, норасида гўдаклари зор йиғлаб қилаётган дуолари бир кун Аллоҳга етиб борганда ўша одамфуруш ҳам Аллоҳнинг қайсидир кўринишидаги бир балосига гирифтор бўлади. Қилган ишларидан пушаймон бўлганида эса хатоларини тузатишга фурсат қолмаган бўлади. Бу хусусида халқимизда бир неча асрлардан бери авлодлардан-авлодарга ўтиб келаётган пурҳикмат мақоллар бор: "Кейинги пушмон ўзингга душман" ёки "Дуо олган омондир, қарғиш олган ёмондир".
Аллоҳ таоло одамни азиз-у мукаррам қилиб яратган, унинг ризқини ўзи белгиланган миқдорда бериб туради ва бандаларга енгилликни истайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: " ... Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди..." (Бақара сураси, 185-оят).
Аллоҳ бировга кўпроқ, бошқасига озроқ, лекин ҳамманинг ризқини аниқ белгилаб қўйган. Бировнинг ризқи адашиб бировга ўтиб қолмайди. Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунёдан кетмайди ҳам. "Аллоҳнинг хоҳлаган кишилар ризқини мўл қилиши ва (бошқалар ризқини) танг қилишини кўрмадиларми?! Албатта, бунда иймон келтирувчи қавм учун аломатлар бор" (Рум сураси, 37-оят). Унда нега одамлар қаноат қилмай ўзларини ҳар тарафга уришади? Жамиятнинг келажаги саналган ёшлар, миллатнинг давомчилари бўлган аёллар ҳаёт тарзи, урф-одатлари тамоман ўзгача юртларда иймон, эътиқод ҳамда миллий қадриятларига завол етаётганига ҳам парво қилишмаяпти.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларидан бирида: "Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғониб, оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужжасам экан", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Азиз юртдошлар! Аллоҳ таоло инсонга ақлни берди. Баъзан инсон шу ақли билан эмас, балки нафснинг хоҳишига қараб қилган ишларидан пушаймон бўлади. Ўша ўзга юртларда алданиб бировлар қилган ишларидан пушаймон бўлади. Ўша ўзга юртларда алданиб бировлар томонидан сотиб юборилаётганларнинг кўпчилиги ҳам ўз юртида чиройлик касби, ҳунари бўла туриб, енгил ҳаётни хоҳлаб ва осонроқ пул топиш орзусида шундай хатоларга йўл қўймоқдалар. Ўша инсонлар ҳам бир ишга қўл уришдан аввал озгина ҳушёр бўлиб иш тутсалар, оқибати ўзлари учун ташвишли бўлмас эди. Қаерда бўлмайлик, одам савдоси халқимиз, миллатимизга ёт, динимизга зид иш эканлиги ҳақида бонг урайлик. Зора қабиҳ ишларни қилаётган кимсалар бу жирканчликдан қўлларини тортиб, Аллоҳ таолога чин тавба-тазарру қилишса. Очиқ кўнгил юртдошларимизга, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга эса: "Қадрингизни билинг, илм ва ҳунар ўрганинг", деб маслаҳат берамиз. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан юрувчи бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.
Раҳматулло УМАРОВ,
Андижон шаҳридаги
"Жидди муборак" жомеъ масжиди имоми.
Миролим БОТИРОВ,
Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ жомеъ
масжиди имоми.
|