№26, 27.06.2013 ҲИКОЯ
КЎЗ ЁШЛАР...
Қўл телефони қайта-қайта жиринглашига ҳам эътибор бермай ёзаётган Гулнозага хонадаги ҳамкасблари ғалати қарашди. Хадеб жиринглайверганидан хуноби ошган бўлим бошлиғи Назокат Қодировна чидамасдан:
-Ё жавоб беринг, ё ўчириб қўйинг -деди жеркиб.
Усиз ҳам тўлиб турган Гулноза телефонини шартта олди-да, ўчирди. Сўнг хонадан отилиб чиқиб кетди. Ўтирганлар хайрону-лол қолаверишди.
Ишхонаси орқасида мўъжазгина боғ бор. Бир чеккасида кичкина ариқча.
Гулноза тўғри сув бўйига борди-да, чўнқайиб ўтириб олди.Дарров ўпкаси тўлиб йиғлай бошлади. Ўзи азалдан сал нарсага йиғлайверарди, энди эса сабаб тайёр..
Умрида бир марта юрагига севги меҳмон бўлибдию, ўшанда ҳам ўзидан икки ёш кичик йигит рўпара бўлди. Устига - устак йигирма бешга тўлаётган "қариқиз"ни ким ҳам ёш ўғлига келин килишни хоҳларди.
Аслида уни учратмаса, "ука" ўрнида кўриб, қалбига яқинлаштирмаса, хуллас, сирдошига айланмаса бўларди. Булар ҳаммаси кечаги гаплар. Бугун эса ўша "йигитча"нинг куйида йиғлаб ўтирибди. Чунки бугун унинг никоҳ кечаси...
… Гавжум бозорда ҳар кимга туртиниб кетиш табиий. Аммо бошни ёрар даражада тўқнашиб кетиш онда-сонда учраса керак. Гулноза қўлидаги бир дунё харидлари билан қийналиб бозордан чиқиб келаётганида шундоққина рўпарасида тескари қараб турган йигит шунчалар тез бурилдики, қочишга улгурмай, иккаласининг боши гурсиллаб бир-бирига урилди. Гулноза мувозанатини йўқотиб, қўлидаги нарсаларини ташлаб юборди.
-Узр, узр, - йигит пешонасини силаганича шоша-пиша унга ёрдамга шошилди. Гулнозанинг пешонаси зирқираб, кўзларидан ёш оқаётганига қарамай атрофдагиларга томоша бўлишдан уялиб, апил-тапил нарсаларини йиғиштирарди.
- Одам деган шунчаям қўпол бўладими? -деди охирги нарсасини сумкага сола туриб.
-Кечиринг, - нотаниш йигит уни на "опа" на "сингил"" ва на "яхши қиз"дея олди. Чунки Гулнозанинг неча ёшдалигини билиш жудаям қийин эди. Бир қарасангиз ёш қизчадек туюлади, бир қарасангиз каттароқ.
Улар орқама-кетин бозордан чиқишди.
-Қайси томонга кетасиз?- йигит хижолатчилик билан сўради.
- Сизга нима.. .- Гулнозанинг хали аччиғи тарқамаганлиги учун терс жавоб берди.
-Узр сўрадим-у, атай қилганимда аччиқлансангиз арзирди - йигит ҳам бўш келмади.
- Бўлар иш бўлди, йўлингизга кетаверинг - Гулноза барибир юмшоқ гапирмади.
- Яна бир марта узр . - йигит шундай деб нари кетди. Гуноза ҳам дарров уйига элтадиган маршрутга чиқдию, енгил нафас олди.
…Эртасига ишга кетаётганида эса кечаги йигит рўпарасидан чикди.
-Салом Гулнозахон - деди кулимсираб.
Гулнозанинг нафаси ичига тушиб кетди. Маҳалласида - я! Жавоб бермасдан йўлида давом этди. Чамаси, йигит унинг хавотирини тушунди шекилли то катта кўчагача индамай эргашиб келаверди.
Машинага ўтиришгач, яна тилга кирди.
- Аччиғингиз келсаям қачон кечирдим, атай қилмадингиз, демагунингизча юравераман ортингиздан, - деди йигит секингина.
Гулноза яна индамади.
Йигит қайсар экан ишхонасигача келаверди. Тоқати тугаган Гулноза шартта тўхтади-да:
- Илтимос, орқамдан келманг. Кечирдим, бўлдимми, қутулдимми? - деди зарда билан .
- Раҳмат. Исмим Давронбек. Яна кўришамиз - йигит хушчақчақлик билан хайрлашиб кетди.
Гулнозанинг қалбида ғалати ҳис бош кўтарди. Тавба, инсон зотининг табиати қизиқ. Ҳали кимлигини билмай туриб бирданига юрагига яқин туйиш мумкинмикан?
Шу кундан бошлаб йигит унинг рўпарасидан чиқишни канда қилмай қўйди. Бора-бора иккаласи анча яқинлашиб қолди. Гулноза ортиқча гап-сўзга ўрин қолдирмаслик учун Давронбекка "ука" деб мурожаат қиларди.
-Тавба, шунақа дейишингиз шартми? Хўп бир, икки ёш кичикман. Буни нима фарқи бор -дерди Давронбек ҳар сафар.
- Сиздақа одобли, бир сўзли укам бўлишини жудаям хоҳлардим, мана худо етказди - дея ҳазилга оларди Гулноза.
-Ўх-хў! Жа-а оширвордингиз мақтовни. Майли сизга шу қулай бўлса деяверинг - Давронбек унинг феъли айниб қолишидан чўчиб , маъқуллаб қўя колди.
Аслида эса Гулнозанинг юрагида аллақачон бошқа туйғу ўрнашиб олган, аммо қайсарлик билан буни тан олишни истамасди. Чунки бунга ҳақли эмаслигини ҳис киларди. "Қариқиз"нинг ишқи шаҳзодага тушгани алам қиларди.
Бунинг устига Дарвонбек бир гал айланиб юришганда:
- Уйланадиган қизим фақат сизга ўхшашини истардим - деди.
Бу гап Гулнозанинг юрагини ўйиб кетган бўлса-да, кулишга ҳаракат қилиб:
- Астойдил ният қилсангиз, албатта етасиз! - деб қўя қолди.
Гулнозанинг оиласида икки ўғил, уч қиз. Акаларини вақтида уйлаб-жойлаганлари билан нимагадир қизларнинг бахти очилиши қийинрок кечди. Катта опасини йигирма учга кирганда узатишди. Ўртанча опасини эса йигирма саккизида рўзғор кўрган йигитга беришди. У эса ҳалиям кутаяпти...Ота-онасию, қариндош-уруғлари ҳайрон. Чиройи жойида, иши бор, одоби бир қизга етгудек.
-Оллоҳнинг айтган муддати бордир - да!- деб куяди аяси шўрлик тез - тез.
Муддати қачон келишини ҳеч ким билмайди. Кўнгил қўйиб улгурган "ука"си эса уйланаяпти.
- Сизсиз тўйим ўтмайди, албатта борасиз!- дерди қайта-қайта Давронбек.
-Олдин тўй бўлаверсин- дерди Гулноза ҳам кулишга ҳаракат қилиб.
Мана ўша тўй бўлаяпти! Бир ҳафта аввал таклифнома бериб, астойдил тайинлаб кетган. Эрталабдан бери тинмай қўл телефонига қўнғироқ қилаяпти. Чунки "никоҳ бўлимига ўзингиз кузатиб борасиз," девди.
Қандоқ боради унинг тўйига? Қандоқ чидайди ёнида бошқа қиз турса? Ундан кўра, кўрмасин ҳам, куймасин ҳам…
У хўрсиниб ўрнидан турди. Боядан бери жим қолган кўл телефонини ёқди.Ёқишига жиринг-лади: Давронбек! Жавоб бериш керак шекилли, бола шўрлик қийналиб кетди. Шундоқ кунда унинг қувончини йўққа чиқаришга хақи борми?
-Эшитаман, - деди хўрсинибгина.
-Гулноза! - Давронбекнинг овози анча асабий эди.
-Эшитаяпман.
-Нега келмаяпсиз? Кутаяпман. Сизсиз тўйим ўтишини хоҳламайман! -Давронбек астойдил гапиришга тушди.
- Укажон…- Гулнозанинг овози титраб кетди. Бир зум сукут сақлади-да, сўнг - Бахтли бўлинг! Алвидо! -деди.
-Нима! Нима деганингиз! Гулноз!..-у шартта телефонини ўчирди.
Шашқатор оқаётган ёшларини кафти билан артаркан:
- Икки ёш.. Кўз ёшга арзийди… -деди ўзига-ўзи..
Ичкарига киришга юраги бетламай, ариқча бўйига қайта ўтирди. Тилида бир сўз айланаверди.
-Атиги икки ёш...
Ортида биров тургандек туюлди. Шартта ўгирилди.
Даврон кулимсираб турарди.
- Алдоқчи! Укам дейсизу, йиғлайсиз. Юрагингиздагини айтмайсиз! -деди йигит унга яқинлашаркан.
-Нега..бу ердасиз, ахир тўйингиз-ку!- Гулноза ҳам уятдан, ҳам хижолатчиликдан типирчилаб қолди.
-Сиз рози бўлган кун тўй! - Даврон яна ҳам хотиржам эди.
-Бу нима деганингиз? -Гулноза унга ҳайрон қараб туриб, бирдан тушуниб қолди -Демак...бари ёлғон эканда!
-Шунақа деса ҳам бўлади!
- Ярамас! Жўнанг кўзимга кўринманг! -қизнинг жаҳли чиқиб кетди, назарида Даврон унинг устидан кулаётганди.
-Хўп кетаман, аммо битта хабарни айтгани келдим, уйимиздагилар совчиликка кетишди,асло йўқ дея кўрманг! Акс ҳолда бу дунёдан тоқ ўтаман!
-Даврон шундай дедию, қандай пайдо бўлган бўлса шундай йўқолди.
Гулноза бир зум карахт турди, сўнг эса яна йиғлай бошлади. Бу сафарги кўз ёшлар аччиқ эмасди..
Матлуба ЮСУФ ОХУН.
|