Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№27, 04.07.2013

ЭКОЛОГИЯ ВА ИНСОН

ФУҚАРОЛАРНИНГ ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТИ ЮКСАЛМОҚДА

Жаҳон миқиёсида экологик муаммолар инсониятни жиддий ташвишга солаётган бугунги кунда табиатни асраб-авайлаш, экологик мусаффоликни таъминлаш масаласига мамлакатимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, самарадорлигини ошириш борасида Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг вилоят бўлими томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бу борада олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ва ташвиқот ишлари хусусида Ўзбекистон Экологик ҳаракати Андижон вилоят Кенгаши раиси Абдураззоқ Назарбоев билан суҳбатда бўлдик.

- Айтингчи, бугунги кунда атроф-муҳит тозалиги ва экологик барқарорликни таъминлаш масаласи қанчалик аҳамиятга эга?

- Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида "Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир" деб белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, табиатни асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш нафақат мамлакатимиз Қомусида, балки бир қатор қонунлар ва ҳукумат қарорларида ўз аксини топган.

Айни кунда табиатни асраб-авайлаш масаласи, бу борадаги мавжуд муаммолар ўзининг глобал аҳамияти ва долзарб эканлиги билан жаҳон жамоатчилигининг диққат марказида турибди. Дунёнинг айрим ҳудудларида экологик вазиятнинг мураккаблашиб бораётганлиги атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилишини тақазо этмоқда. Шу боис ҳам, сайёрамиздаги ҳар бир шахс дини, миллати, ирқи, сиёсий дунёқараши ҳамда ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, она табиатни асраб-авайлаш ва ардоқлаш ўзининг инсонийлик бурчи эканлигини англаб етмоқда.

Мазкур йўналишда вилоятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят бўлинмаси, унинг фаоллари, экспертлари, "Ёшлар қаноти" вакиллари томонидан ҳаракатнинг дастурий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун аниқ режа асосида муайян ишлар олиб бормоқда.

- Айни кунда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталсангиз?

- Жорий йилнинг олти ойи давомида атроф муҳит, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик вазиятни соғломлаштириш, мазкур жараёнларда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш, фуқароларнинг экологик билимлари ва маданиятини юксалтириш мақсадида ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда кўплаб давра суҳбатлар, семинар ва учрашувлар ўтказилди. Ўтказилган ана шу тадбирларда қарийб 20 минг нафарга яқин фуқаролар иштирок этди. Айниқса, вилоят ҳокимнининг ташаббуси билан жорий йилнинг 1 майидан 10 майигача вилоятда ўтказилган "Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш 10 кунлиги" доирасида бўлимимиз фаоллари ташаббуси билан "Кўчат эк, уни ўстир" шиори остида маҳаллалар, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида экологик ҳашарлар ўтказилди.

Хусусан, Пахтаобод тумани, Бўстон маҳалласи ҳудудидаги қаровсиз қолган боғ қайта тикланди. Яъни, боғ ҳудуди, ариқлар тозаланиб, мавжуд дарахтларга шакл берилди, кўплаб янги мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтказилди. Ташкил этилган мазкур "Экобоғ" яқин йиллар ичида тумандаги манзарали, қолаверса, аҳоли маданий дам оладиган энг гавжум масканлардан бирига айланади.

- Олиб борилаётган тарғибот ишлари қандай самара бермоқда?

- Бўлимимиз фаолиятининг асосини тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этади. Ўтказилаётган тадбирларимиз аҳолининг, айниқса, ёшларнинг табиат, атроф-муҳитни асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги билимларини ошириш, экологик маданиятини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда "Тамаки чекиш зарардир", "Гиёҳвандликка қарши кураш" мавзуларидаги давра суҳбатлар, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда "Онажоним табиат" мавзусидаги иншолар танлови, вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари иштирокида "Она табиатни асраш - инсоний бурчимиз" мавзусидаги талабалар беллашуви, Андижон шаҳридаги Болалар шаҳарчасида ўтказилган "Она табиатни асрашга барчамиз маъсулмиз" сингари кўплаб тадбирларимиз иштирокчиларнинг экология борасидаги билимларини бойтишга хизмат қилди.

- Мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан жамоатчилик назорати қай тарзда олиб бориляпти?

- Табиат, атроф муҳит муҳофазаси масалаларида қабул қилинган қонун ҳужжатлар, давлат дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг масъулиятини ошириш ҳамда шу мақсадга ажратилган ресурслардан самарали фойдаланишни назорат қилиш борасида бўлимимиз томонидан давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари билан қўшма қарорлар, келишувлар имзоланган бўлиб, улар билан ҳамкорлик дастурлари асосида ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, бўлимимиз томонидан атроф-муҳит, аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасидаги қонунлар ва давлат дастурларида белгиланган вазифаларни бажариш, мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш бўйича корхоналар, маҳаллий ҳокимият ҳамда бошқарув органларининг жамоатчилик эшитуви йўлга қўйилди. Хусусан, март ойида Ўзбекистон Республикасининг "Ўрмон тўғрисида"ги қонунини вилоятда бажарилиши юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Бундан ташқари, экологик муаммоларни ҳал қилишда ёш авлоднинг ўрни ва роли ниҳоятда катта эканлигини ҳисобга олган ҳолда Экоҳаракатнинг "Ёшлар қаноти" ташкил этилди. Фаол ёшларни ўз сафига жамлаган мазкур жамоатчилик тузилмаси ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, бўлимимизнинг вилоятда фаолият юритаётган 4 та экологик, 10 та тиббий йўналишга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

Шунингдек, экологик муаммоларни бартараф этиш, бу борадаги хато ва камчиликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг жавобгарлик ҳиссини ҳамда фаоллигини ошириш мақсадида "Ишонч телефони" ташкил этилганлиги йўл қўйилаётган камчиликларнинг олдини олиш, фуқаролар фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, тарғибот ишларини кучайтиришга қаратилган кўплаб плакатлар, буклетлар чоп этилиб тарқатилди.

Бир сўз билан айтганда, Экоҳаракатнинг вилоят бўлими томонидан олиб борилаётган юқоридаги каби сайъи-ҳаракатлар мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга, мавжуд муаммоларни бартараф этишга, фуқароларнинг экологик маданияти ва билимларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош:

Фахриддини ИБАЙДУЛЛАЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди