№28, 11.07.2013 ИБРАТ
ОИЛАДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ
Оила - муқаддас даргоҳ. Инсон учун оила бунёд этиш, фарзандларини чин инсон қилиб вояга етказиш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ёш ниҳол катталарга ҳурмат-эҳтиромни, кичикларга меҳр-шафқатни, она табиатни эъзозлашни ва кўз қорачиғидай авайлашни, киндик қони тўкилган она тупроғи, жонажон Ватани олдидаги бурчларни оила қучоғида ўрганади.
Руҳшунос олимларнинг такидлашларича, инсонга хос қобилият-иқтидор, фазилату-иллатларнинг 80 фоизи 5 ёшгача бўлган даврда шаклланар экан. Демак, ана шу даврда оилавий муҳитнинг соғломлиги катта аҳамият касб этади.
Ҳар бир ота-она фарзандини ўзлари эриша олмаган ютуқларни қўлга киритишини, юксак марраларни забт этишини хоҳлайди. Шу боис ҳам Юртбошимиз: "Фарзандларимиз биздан кўра доно, кучли, билимли ва албатта, бахтли бўлишлари керак", деб кўп бора таъкидлайдилар.
Ёш боланинг қандай инсон бўлиб етишиши кўпроқ оналарга боғлиқ. Она гўдакни оқ сутига меҳрини қўшиб эмизади. Ана шу меҳр чақалоқнинг бутун жисмига сингиб кетади. Оналар ўз алласи билан ҳам фарзандларига ўз меҳрини беради. Алла болага бериладиган руҳий озуқа, илк тарбия воситасидир. Фарзанд тарбиясида ана шу жиҳатларга катта эътибор бермоқ лозим.
Оилада болаларни тарбиялашда отанинг салмоғи ҳам алоҳида ўрин тутади. Ота ўзи истаган фазлу камолини фарзандига беришга, уни ўзидан кўра ҳам мукаммал қилиб тарбиялашга ҳаракат қилади. Ота фарзанди ҳақида халқдан "Тарбия қилган отангга раҳмат", деган сўзни эшитса, севинади, невара, эвараларини кўриб, наслини давом этаётганидан қувонади.
Бир киши донишманддан насиҳат қилишни сўрабди. Доно унга: "Ҳовли-жойинг, илму-одобинг кимдан қолган? - дебди. У киши: "Отамдан", - деб жавоб берибди. Доно унга: "Шунинг ўзи насиҳатдир", дебди ва давом этиб: "Агар сен яхшилик қилсанг, яхшилик қолади, ёмонлик қилсанг, ёмонлик қолади", деган экан.
Бир оилани биламан. Улар ҳафтанинг бир кунини "Маънавият" куни деб аташган ва шу куни оилада кечки овқатдан сўнг ўз фарзандлари билан миллий удум ва қадриятларимиз асносида савоб нима, гуноҳ нима, увол нима, қарғиш, дуо нима каби ва маънавиятнинг бошқа қирралари хусусида суҳбат ўтказадилар. Шу орқали фарзандларига ҳалоллик, ростгўйлик, бир-бирларига оқибатли бўлиш, виждон, иймон, эътиқод, катталарга ҳурмат каби олижаноб фазилатларни сингдириб борадилар. Шу боис бу оила фарзандлари ўз-одоб ахлоқлари билан бошқалардан ажралиб туради, уларни ҳамма ҳурмат қилади.
Инсон ёшлигидан яхши ва ёмон одатларнинг қайсинисига кўникиб, ўрганиб қолган бўлса, бу удум уни бир умр тарк этмайди. Шунинг учун ҳам халқимизда "Бешикдан теккан - кафанда кетар" ёки "Дард кетар-одат қолар", деган мақоллар бор. Оиладаги маънавий муҳит ва тарбия туфайли бола ё меҳрибон ва раҳмдил ёки худбин ва бағритош бўлиб вояга етиши мумкин.
Биз ўз фарзандларимизнинг бахту-саодатини ва камолини кўришни истар эканмиз, унинг шаклланиб бораётган онгига ижобий таъсир кўрсатиши ҳақида доимо ўйлашимиз, бу масалада зиммамизда улкан масъулият борлигини унутмаслигимиз зарур.
Одилжон САЛОҲИДДИНОВ,
профессор.
|