№28, 11.07.2013 ҲИКОЯ
УМР ЙЎЛДОШ
Кеч кузнинг рутубатли совуқ оқшомларидан бири. Вилоят касалхонасининг онкология бўлими еттинчи палатасидаги бемор киши, профессор, олим орқа мия ўсмаси касали билан ҳаётдан кўз юмди. У Чернобль ва Афғонистонда ўз хизмат вазифасини сидқидилдан адо этган, жумҳуриятнинг таниқли шифокорларидан бири эди. Ҳаётининг сўнгги кунларида айрим сабабларга кўра, ўз касбидан бутунлай совиб, ичикликка муккасидан кетган, оиласидагилар учун ҳам ўз қадр-қимматини йўқотган эди.
Унинг бошида хотини 44 ёшлардаги ихчам жуссали жиддий ва маъюс аёл, ёнида эса новчагина ўрта ёшли эркак унсиз йиғлаб ўтиришарди. Кейинроқ палатага 20 ёшлардаги талаба йигит кириб келди ва аёлни қучоқлаганча - "аяжон, дадамга нима бўлди, наҳотки, улардан бир умрга айрилиб қолдик?" - деди-да тиз чўкиб, мурданинг оёқларини қучоқлаганча ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади. Аёл эса негадир совуққон ва хотиржам эди, бошқалар каби дод солмас, йиғламас эди. Хонадаги сукунатни йигитнинг ҳар замонда ўксик хўрсиниши бузиб турарди. Ва ниҳоят, новчадан келган киши тилга кирди:
- Келин ая, мен акамни уйга, ота ҳовлимизга олиб кетаман, ўша ердан чиқарамиз.
Дераза ёнида рўмолининг учини тишлаб турган аёл, сокин оҳангда жавоб қайтарди:
- Унинг тириги умр бўйи елкамда бўлган, ўлигини ҳам ҳеч кимга бермайман.
Шунда қайин укаси жиянига қараб:
- Фахриддин, жигарим - онанг-га айт, тушунтир, шундай обрўли акамнинг ўлигини "дом"дан чиқариб бўладими?
- Соҳиб ака, дадам охирги марта "мени уйга олиб кет", деб тайинлаганлар.
Онаси "машина топиб кел, синглингга ҳам одам юбор. Саҳаргача етиб келсин", дея уқтирди ўғлига. Соҳибжон ука таъзияга одамларни, қариндошларни айттиринг дея, қора ялтироқ сумкачасидан печатланган пулларни олди, мана ҳаражатлар учун, тоғамга беринг ўзлари керагича сарфласин, - дея қўлидагини узатди.
- Келин ая, тушунинг ахир, ҳовлига кетақолайлик.
- Соҳибжон, акангиз ўз уйидан чиқади.
- Билганингизни қилинг, сиз қачон бизнинг айтганимизни қилгандингиз, энди қилармидингиз? Эшик қарсиллаб ёпилди.
Аёл ўғли ва эрининг шогирд-лари ёрдамида шаҳар марказидаги "дом"ларнинг бирига, иккинчи қаватдаги шинамгина беш хонали хонадонига майитни олиб келди. Янги оппоқ чойшабли бир кишилик каравотга ётқизишди.
Ёлғиз қолса қўрқадиган, танҳоликни даҳшат деб билгувчи аёл қора эмас, оқ рўмол ёпиниб келиб, стол устидаги шамни ёқди ва унинг бош томонига қўйди-да, креслони эрининг ўнг томонига яқинроқ суриб, бафуржа ўтириб олди. Сайёра ихлос билан тиловат ўқиди, кафтини очиб, эри ҳаққига дуо қилди.
У эри билан охирги марта сирлашмоқчи бўлиб гап бошлади:
- Мана сиз билан охирги марта ёлғиз қолдик. Авваллари кўп гапирма, дея сўкиб берардингиз. Сизга ичимдаги бор дардларимни айтиб бермоқчиман, йўқса, булар менинг қалбимни кемириб ташлайди.
Тиббиёт олийгоҳининг бешинчи курсида ўқиб юрганимда, олийгоҳга келган ойингизга ногоҳон рўбарў келиб қолганимдан кўпинча, афсусланганман. Ўшанда онангиз ва опангиз сиз учун мени сўраб келишганида, ҳатто ичимда, қизларга хос мағрурлик билан бироз қувонган ҳам эдим. Чунки сиз олийгоҳнинг кўзга кўринган қизлари ҳавас қиладиган ёш аспирант домла эдингиз.
Турмуш қурганимиздан сўнг бизни вилоятнинг узоқ туманига ишга юборишди. У ерда ҳам энг олди даволовчи врач ва жарроҳ бўлгансиз. Лекин негадир ичкилик ва маишатга берилиб кетдингиз. Баъзан кечалари жуда кеч қайтиб, болалар уйида тарбияланганимни, ҳеч кимим йўқлигини юзимга солиб, мени ҳатто, беаёв урардингиз ҳам. Бир умр орзу қилганим, яхши оила бекаси бўлиш, ширин-ширин фарзандларимга аллалар айтиш эди. Шу орада фарзандимиз туғилди, аммо бахтга қарши ҳали икки ойга етмасдан нобуд бўлди. Бунга эса фақат сизни айбдор деб билардим. Ана шуларнинг оқибатида ўзим ҳам қўпол, тунд, одамовига айланиб қолдим.
Сиз ичкиликдан воз кечган кунларда шунақанги самимий инсонга айланиб қолардингиз-ки, бундан ҳайратга тушардим. Ҳатто, кечирим ҳам сўраб ширин гаплар айтардингиз.
Ўша йиллари таниқли жарроҳ сифатида сизни излаб, бошқа юртлардан ҳам беморлар келишарди. Ҳар бир мувафаққиятли операция учун кунора меҳмондорчиликлар бўлиб турар, сиздан мамнун бўлган бемор яқинлари турли совғалар олиб келишарди. Аслида улар сизнинг ҳамкасбларингиз талаблари эди. Афсус, сиз буни билмагансиз. Катта олим, етук шифокор бўла туриб меҳрсиз эдингиз. Буни сезишмаган, сизни таниган аёллар ошкора менга ҳавас ҳам қилишарди. Ёдимда, байрам кунлари меҳрибонлик ва қариялар уйига биргалашиб ҳайрия ва совға улашардик. Шунда қувонардиму, аммо менга рўмолча ҳам ҳадя қилмаганингиз боис куйиниб қўярдим ҳам.
Марказдаги туғруқхонада ишлаб юрган чоғимда фақат ҳамкасбларим меҳр-оқибатини ҳис қилардим. Ёлғизгина яқин қариндошим-аммамникига бориб, уларга ҳасрат қилардим. Улар сабрли бўлишим кераклигини, аёл киши матонатли бўлишини уқтирардилар.
Докторлик диссертациянгизни ёқлаганингиз боис яна шон-шуҳрат, мансаб оғушида ичкилик ва маишатга тобора сингиб бордингиз. Бу орада халқаро тиббиётчилар сафидаги хизматдан сўнг сизни қаттиқ бош оғриғи безовта қила бошлади. Эрталабдан кечгача сиз билан овора эдим. Ҳатто, сочларимни ювиб-тараб олишга ҳам қўлим тегмас эди. Ўша кунларнинг бирида - бугун айвонга жой солинг, юлдузларни томоша қилиб дам олайлик, дедингиз.
Эрталаб уйғонсам, икки ёнимда ўрилган узун қора сочларим қирқилган ҳолда ётарди. Менинг тошдан ҳам қаттиқ бахтсиз бошим сочларимсиз янада ғариб ва нотовон туюларди менга. Қўлимга ўткир қайчини олиб беихтиёр сизни изладим, сиз эса ҳеч нарса бўлмагандай ошхонада нонушта қилиб ўтирардингиз. Ҳаммасидан ҳам, "таянч суякларим ишламаяпти" деб, бўйнимга осилиб, зўрға ҳаракат қиладиган одам қачон қайчини топиб, сочимни қирқиб ташлагани, ошхонада соппа-соғ ўтиргани менинг нафратимни оширди. Сиз одам эмас, худбинсиз, дея йиғлай бошладим.
(Давоми бор.)
Муборак МАҲМУДОВА.
|