№29, 18.07.2013 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
ОДАМЛАР ҚАЛБИГА ЙЎЛ ТОПИБ...
- Бир болага етти қўшни ота - она, деб бекорга айтишмаган. Демак,ў инсон ёнидаги одамга бепарво бўлмаслиги керак! Биз ҳамма жойда ишни ана шу шиор билан юритишни жорий қилганмиз,- дейди Хўжаобод тумани, Дилкушод маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий - ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Мўътабархон Обидова.
Ҳақиқатдан ҳам, маҳалла болалари ҳаётини яқиндан ўрганган маслаҳатчи қийналмайди. "Оғриқ нуқтасини билиб, малҳам суради".
Мўътабархон шу тарзда бу ишга астойдил киришиб кетди. Маҳалла фаолларини олиб, 2996 нафар фуқародан иборат маҳалласидаги 529 та хонадон билан яқиндан танишишга ҳаракат қилди. Парваришга муҳтож якка-ёлғиз қариялар, нотинч оилалар, тарбияси оғир ўсмирлар борми, ҳар бири билан танишиб, суҳбатлашди. Шундан сўнг қай тарзда иш ташкил қилишни режалаштириб олди.
Маҳалла аҳлининг ҳам маслаҳатчи опага бўлган ишончи ортди. Йўл-йўриқ сўрайдиган, баъзи масалаларни ҳал қилишда унга суянадиган бўлишди. Муҳими, маҳаллада жанжаллар, ажралишларнинг олди олинди. Вояга етмаган болалар билан мунтазам тарбиявий ишлар олиб борилганлиги туфайли жиноятчилик қайд этилмади.
Маҳалла ҳудудида жойлашган 4-ўрта умумтаълим мактаби билан "Оила, маҳалла, мактаб" ҳамкорлиги асосида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган. Шунингдек, қишлоқ врачлик пункти шифокорлари ҳамда туман ФХДЁ бўлими мутахассисларини жалб қилган ҳолда "Маҳаллада қизларни соғлом турмуш тарзи асосида оилага тайёрлаш" мавзуларида суҳбатлар ўтказиляптики, бу ўз натижасини кўрсатмоқда.
Мўътабархон маҳаллада тўй-тўркин, маърака, маросимларни камчиқим, ортиқча дабдабабозликдан ҳоли қилиб ўтказилишида маҳалла фаоллари Ҳафизахон Тожихўжаева, Каримахон Йўлдошева, Ҳурматхон Ваҳобова каби юрт ичида юрган онахонлар билан баҳамжихатликда иш кўради. 7 кишидан иборат тўй комиссияси аъзоларининг эса ҳар бир тўй қилаётган хонадон аҳли билан келишиб, тўйни бир кунда ўтказилишига эришиши эл кўнглидаги иш бўлди.
Маҳалла - катта куч. Маҳалла - катта бир оила. Уни бош-қариш, йўриғига солиш осон иш эмас. Уни обод гўшага айлантиришда эса ҳомийларнинг ҳиссаси катта. "Чилустун қуёши" фермер хўжалиги раҳбари Алишер Темиров, "Фозилхўжа" фермер хўжалиги раҳбари Анваржон Иқболдинов, "Дилкушодли Акромжон" фермер хўжалиги раҳбари Ҳомиджон Акрамовлар Бобур қадамжолари бўлган Дилкушодни бугун кўз қувнайдиган масканга айлантиришда ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Маслаҳатчи Мўътабархон Обидовани ҳам шоир қилган, қўлига қалам тутқазган шу Дилкушоднинг гўзал табиати, унинг бетакрор манзараси, қиёси йўқ табиати ва меҳнаткаш, самимий инсонларидир.
Сенинг таърифингга тил ожиз,
ажиб бир Дилкушодимсан,
Ҳавоси пок, боғлари жаннат,
баланд тоғли Дилкушодимсан.
- дея фахр, ифтихор билан куйлайди. Унинг маслаҳатчилик вазифаси ижодкорлиги билан уйғунлашиб кетгандай назаримда. Шунинг учун эл олдидаги юмушини, оиладаги бекалигини, фарзандларига оналигини ҳам бир зум унутмайди. Оилада, жамиятда ўз ўрнига эга фаол аёл сифатида ҳурматга сазовор.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|