Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№29, 18.07.2013

БУГУННИНГ ГАПИ

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА КИМ МУСЪУЛ : ОТА-ОНАМИ ЁКИ МУРАББИЙ?

Қадимги римлик файласуфлардан бири Эпиктет "Барча кашфиётлар ичида энг гўзали яхши тарбия олган инсондир" деган эди. Инсониятни безаб турадиган гўзаллик, дея таъриф бериладиган яхши тарбияни фарзанд қаердан олмоғи керак, деган савол эса кўпинча бизни ўйлантириб қўяди.

Зеро, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида ота-оналар ўз фарзандларини иқтисодий жиҳатдан кам қилмай вояга етказиш учун тинмай меҳнат қилишмоқда. Ана шундай азиятлар эвазига ўғил-қизлар замонавий тарзда қад кўтарган кенг ва ёруғ, шинам уйларда улғайишмоқда. Энг замонавий компьютерлар, ноутбуклар, смартфону айфонларнинг эгасига айланиб улгуришгани рост. Таассуфки, қўлларида энг сўнгги русумдаги телефон тутган қиз-йигитларнинг ҳаммаси ҳам рисоладагидек тарбия олаяптилар, деб бўлмайди. Жамоат жойларида, кўча-кўйларда ўзларини ўта эркин тутиб, шарқона одоб-аҳлоққа зид хатти-ҳаракатлари кўзга ташланиб турган айрим ёшларни кўриб дилим оғрийди. Баъзи ота-оналар "фарзандимнинг ўқишга қизиқиши йўқ, тобора бемеҳр, бетгачопар бўлиб кетяпти, китоб ўқимайди", дея нолийдилар.

Хўш, боланинг бу каби тарбиясизлигига ким айбдор? Очиғи, бу саволга жавоб тарзида айрим ота-оналар ўғли ёки қизининг юриш-туришидаги бу сингари ҳолатларга устоз-мураббийларни жавобгар, деб ҳисоблайдилар. Тўғри, таълим муассасалари ёшларнинг тарбияси, хатти-ҳаракатини тартибга солувчи меъёрий тизим вазифасини ўтайди. Аммо бола асосий тарбияни ўз оиласидан олишини ёддан чиқармаслик зарур. Ахир халқимизнинг "Қуш уясида кўрганини қилади", деган мақоли бежиз айтилмаган.

Умри давомида китоб ўқишни бош оғриғи, деб биладиган онанинг қизи қўлига китоб олишига шубҳам бор. Ёки дейлик, оғзидан беъшарм ҳақоратлар ёғилиб турадиган отанинг ўғлидан одобни кутиш ёзда қор ёғишидан умид қилиш билан баробар эмасми?..

Умумий узулуксиз таълимнинг кейинги босқичи - коллежлар ҳамда академик лицейларда ўқишнинг давом эттирилиши йигит-қизларни мустақил ҳаётга тайёрлашда давлат аҳамиятига молик ишлар эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо баъзида ана шу жараёнда ота-оналарнинг иштироки сустлашиб кетаётгани эса бор ҳақиқат. Зотан, мураббийлар талабаларнинг ўқишга лаёқати, одоб-аҳлоқ меъёрларига нечоғли амал қилаётгани ҳақида ота-оналарни хабардор қилиш юзасидан суҳбат ва тушунтириш ишларини олиб бориш учун йиғилиш уюштирадилар. Бироқ мажлисга кутилган ота-оналар келмайди. Аксарият ота-оналар вақтлари йўқлигини баҳона қилишиб, ўзлари эмас, балки бирор бир танишини юборадилар. Оддий қилиб айтганда, ўз фарзандлари тақдирига бефарқ қарайдилар. Аксинча, оиласида рисоладагидек тарбия олаётган йигит-қизларнинг ота-оналари таълим муассасаси билан ҳамфикр бўлаётгани кутилган натижани бермоқда. Бундай аълочи ва тарбияли ўғил-қизларнинг ота-оналари тез-тез ўқув даргоҳига келиб, устозларнинг фикрига қулоқ тутадилар.

Шу кунларда умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчилари ўзлари танлаган йўналиш бўйича коллеж ва академик лицейларга ҳужжат топширишмоқда. Замонавий шарт-шароитларга эга барча ўқув даргоҳларида ана шу жараён қизғин тусга кирган. Зеро, уч йиллик таълим даврида талабалар ҳар жиҳатдан мукаммал билим олишларида ота-оналар ҳам устоз-мураббийлар каби ҳамқадам бўлсалар, келажагимиз ворислари, албатта биз кутгандек гўзал инсонларбўлиб камол топадилар.

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди