№30, 25.07.2013 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
МАҲАЛЛА БЕКАСИ
Дилбархон очиқ юзли, самимий, бир сўз билан айтганда, исмига монанд дилбар аёл. У қарийб 30 йилдан зиёд мактабда ёшларга мураббийлик қилган. Дилбархон нафақага чиққач, 2007 йилда маҳалласидагилар Хўжаобод туманидаги Шаҳрихончек МФЙга маслаҳатчи қилиб сайладилар.
Дилбархон билан суҳбатлашиб, ишлари билан танишар эканман, маҳалладагилар уни бежиз маслаҳатчи қилиб сайламаганига амин бўлдим. Одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу амаллар сари эргаштира олиш, атрофдаги фаолларга таянган ҳолда, ҳар бир хонадонда тинчлик, хотиржамлик бўлиши йўлида жон куйдириш, уларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлиш кундалик юмушларига айланган.
Туман ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида ўзига хос ўрни бўлган "Шаҳрихончек" МФЙ аҳолиси ободончилик, хайрли, савоб ишларни ҳамжиҳатликда амалга оширадилар. Ҳамма ўз хонадонини, қолаверса, маҳаллани обод қилиш пайида. Гулларни парваришлаш, уйларни таъмирлаш билан овора. 2500 нафар аҳолиси бўлган маҳаллада ана шундай руҳ хукмрон.
Дилбархон ишбилармон, кўпни кўрган, мулоҳазали аёл. Маҳалладаги хотин-қизларнинг муомаласи-ю, қувончи маслаҳатчи сифатида уни бефарқ қолдирмайди. Оилаларни бирлаштиришдек масъулиятли ишга ҳамиша маҳалла фаоллари билан елкадош. Уларнинг кўмаги билан турли хил маросимларни ихчамлаштиришга эришди. Никоҳланувчилар билан суҳбатлар ўтказилгандан кейингина, тиббий кўрикдан ўтиладиган бўлди.
Бундан ташқари, ёрдамга муҳтож оилаларга ҳомийлик қилиш, ёш оилаларга, касаначиликни йўлга қўяётган оилавий ҳунармандларга кредит олишларида кўмаклашишда ҳам Дилбархоннинг ўзи бош-қош.
- Ўқитувчилик давримда белгиланган соатда дарс ўтиб қўярдим-да, бўш вақтим кўп бўларди, - дейди Дилбархон. - Ҳозир эса бир кеча, кундуз ҳам камлик қилади. Ҳеч нарсага улгурмаётгандай, бўлавераман. Аслида ҳам юмушларимиз жуда кўп, маҳалла аҳли қандай нафас олаяпти сезиб туришимиз керак. Хонадонларга кирганимда кўп такрорлайман": "Радиода эшитиб, телевизорда кўряпсизлар. Бизнинг юртимиздаги каби тинч, осойишта юрт қайда бор? Ёшларимиз нима ҳунар ўрганаман деса, йўл очиқ. Билим олишларига шароит етарли. Тадбиркорлик қилмоқчи бўлсангиз, давлатдан кредит оласиз. Сиздан фақат меҳнат, ҳаракат ҳолос", дейман.
- Ўзингизнинг ҳам оилангиз бор, фарзандлар, рўзғор ташвишлари, дегандай бунинг устига умр йўлдошингиз югур-югурларингизга эътироз билдирмайдими, - сўрайман Дилбархондан.
- Умр йўлдошим - Маҳмуджон ака ҳамиша мени қўллаб, тушуниб, зарур бўлганда ёрдамини аямайди. Ҳозир у ҳам нафақада. Уларнинг далдаси, кўмаги билан ишимнинг оғир, енгил томонлари унчалик сезилмайди. Дилбархон шундай дея мамнун жилмайиб қўйди...
Дарҳақиқат, яхши оилага бека, яхши инсонга умр йўлдош, бир-биридан қобил 5 нафар фарзандларга она, 7 нафар набираларга буви бўлиш, аёл киши учун бахт. Бутун бошли маҳалла аҳлининг яқин маслаҳатгўйи, сирдоши, кўмакчиси бўлиш яна бир бахт. Уларнинг ишончини қозониш, маҳаллани энг обод, сўлим, тинч масканга айлантиришда, фидойилик кўрсатиши Дилбархон Раҳмонованинг эртанги режалари сифатида унга куч бағишлайди. Негаки, у бунинг уддасидан чиқади.
Раҳима
АБДУРАҲМОНОВА.
|